1-расм. Бухородаги Мағоки-Атторий (Моҳ) масжиди. а) кириш қисми, б) ички гумбаз ости равоқлари, в) масжидда қўлланилган гирих шаклларнинг схематик тузилиши
Мағоки Атторий номи билан машҳур бўлган Бухородаги бу масжиднинг архитектуравий муҳитининг ўзига хослиги шундаки, бинонинг ички ва ташқи безакларининг ўзаро уйғунлиги яққол сезилиб туради. Масжидга мослаштириш натижасида интерьерда бир мунча ўзгаришлар бўлган. Оташпарастлик ибодат элементлари ўрнида ислом динига ҳос элементлар (меҳроб ва бошқ.) жойлаштирилган.
Масжиднинг кириш қисмидаги орнаментлар ҳам мураккаб схематик тузилишга эга. Бу борада М.С.Булатов ўз изланишлари давомида масжиднинг безакларида математик қонуниятларни чизмалар орқали асослаб берган (1-расм, в)
Орнамент кириш пилони ғиштин рельефининг ўйма ганчкорлик билан тўлдирилган 3 та: қуйи, ўрта ва юқори паннолар орқали ҳосил қилинган. М.С.Булатовнинг таъкидлашича, “...ўрта аср меъморлари математик бўлишмаган ва математика билан чуқур шуғулланиш уларда эҳтиёж туғдирмаган”- деган концепция бироз нотўғри. Чунки, бундай шаклларни ҳосил қилиш учун уларда авлоддан-авлодга ўтувчи билим ва малаканинг ўзи етарли бўлмаган. Бу давр меъморлари ўз замонасининг энг илғор фикрловчи олимлари бўлиб, мамлакатда юқори мавқега эга бўлишган [4] Безакларда гирих шакллар тез-тез қўлланилган бўлиб, уларда квадрат, тенг томонли учбурчак орқали содда шакллардан мураккаб шакллар ҳосил қилинган.
Деггарон масжиди ҳам Бухородаги илк ўрта аср масжидларидан бири ҳисобланади. Масжид XI асрда барпо этилган бўлиб, масжиднинг ички қисми ташқарисига нисбатан безакларга бой ишланган. Композицион ва ранг мутаносиблиги жиҳатидан лойдан ясалган ғишт ранги чўл муҳити билан яхлит бир асарни ҳосил қилади. Масжид гумбазлари қум барханларини ёдимизга солади (2-расм, а)
Деггарон масжидининг шимолий ва жанубий ўрта бўлмаларининг кичик равоқлари, тепасида шарафани эслатувчи ғишт терилмалари оралиқни қисқартиради. Улар икки поғонали токчалардан иборат: юқориси қалдирғоч думидек, айри ғиштин шакллардан ташкил топган. Ўрта бўлмалар балхий гумбаз билан ёпилган. Шимолий ва жанубий гумбазларда иккитадан туйник бўлган. Бино ғарбидаги икки бурчак бўлмаларининг юқори бурчакларида содда, бироқ, чиройли ғиштни муқарнас гажаклар (паруслар) бўлиб, шакллари бўлимларда бироз фарқланади. Бу бўлмалар ҳам чуқур гумбаз билан ниҳояланган. Шарқ томоннинг аввалги, асл шакллари таъмирдан сўнг сақланмаган. Ўрта бўлма кам учрайдиган қирралик гумбаз билан, ёнидагилари бошқача усулда ёпилган[3].
Деггарон масжидининг ички йирик тўрт устуни ўша даврга ҳос бўлган йирик ҳажмли ўлчамда бўлиб, бино гумбазлари ва шифт қисми шу устунларга таяниб турибди. Устунлар ғиштларнинг ўзаро горизонтал ва вертикал ҳолатда терилиши натижасида эстетик жиҳатидан чиройли кўринишни олган. Устунларни гумбаз ички томони билан боғлаб турувчи марказий равоқларда ҳам бўлинмаларга бўлувчи элементларни кўрамиз. Ён томондаги қўшимча равоқлар эса бундай безатилмаган. Бу даврда рангли интерьер элементлари ишлатилмаган бўлиб, бино ички муҳитини монохром ғиштларни ўзига хос равишда, турли поғонали текисликлар ҳосил қилиб теришган. Ёруғлик ва соя орқали элементлар бир-биридан ажралиб турган (2-расм б, в) Ислом динининг баъзи оқимлари тарғиботчилари наздида масжидлар ички интерьери ўзининг ҳашамдорлиги билан ибодат қилувчини чалғитиши эмас, балки соддалиги ва қулайлиги билан инсонни ибодатга чорлаши лозим. Деггарон ҳам шунинг амалдаги исботи десак муболаға бўлмайди.
а) б) в)
Do'stlaringiz bilan baham: |