Давлатнинг корпоратив секторда қатнашиши
Давлатнинг корпоратив бошқарувда қатнашиши
Давлат корпоратив бошқарувда икки ёқлама иштирок этади. Биринчидан, заруриятга қараб корпоратив бошқарувнинг меъёрий-
ҳуқуқий негизини ҳосил қилиш ва такомиллаштириш ҳамда акционер жамиятлари (АЖ) томонидан қонунчилик меъёрларига риоя қилиниши устидан назорат қилишда қатнашади.
Иккинчидан, давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятлар корпоратив бошқарувида бевосита иштирок қилиш ва “олтин акция” қўлланилиши ҳақида ҳукумат қарори қабул қилинган АЖни бошқаришда қатнашиш.
Ривожланган бозор иқтисодиёти мамлакатларида баъзи бир АЖлар маълум бир миқдордаги акциясига давлатнинг эгалик қилишига ягона сабаб “бозордаги йўқотишлар”нинг (market failure) мавжудлигидир. Бу бозорларда жамият манфаатлари ва йўқотишлари хусусий манфаат ва йўқотишлардан устун бўлади. Бундай ҳолат, масалан, бозор тузилмасининг монополлаштириш ҳолида рўй беради. Бунда хусусий мулкдорнинг интилган фойдани имкони қадар ошириш мақсади жамият учун (эркин рақобатчилик моделига нисбатан) маҳсулот миқдорининг пасайишига ва нисбатан юқори нархларда сотилиши шаклида зарарни англатади.
Давлат корхоналарини ва давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш бўйича жаҳон амалиётида энг кенг тарқалган моделлар мавжуддир. Шулар жумласига:
Америка модели – бу модел одатда ишлаб - чиқариш секторида давлатнинг улуши кичик бўлган мамлакатларда қўлланилади. Уларда давлат акция пакетларини шартнома асосида хусусий бошқарувчи компанияларига бериши хусусиятлидир. Мазкур моделда “жамоатчилик учун очиқ корпорациялар” мафжуд бўлиб, улар мос равишда тармоқ департаментлари ва вазирликларга бўйсунадилар.
Италия модели – корхоналарда давлат улуши катта бўлган давлатларга хосдир. Давлат корхоналарини ва давлат акция пакетларини бошқариш учун давлат мулки вазирлигига қарашли кўп тармоқли холдинг компаниялари ташкил қилинади.
Аралаш модел – юқорида санаб ўтилган икки моделнинг хусусиятларини ўзида бирлаштиради. Германия, Франция, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда қўлланилади.
Иқтисодиёти ривожланган мамлакатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда давлат мулки иқтисодиётнинг “бозор камчиликларига” дучор бўлган қисмига нисбатан кенгроқ соҳасининг ишлашига таъсир қиладики, бу давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнининг тугалланмаганлиги билан боғлиқдир. Оқибатда, акциялари тўлиқ ёки қисман давлат ихтиёрида бўлган
акциядорлик жамиятлар билан биргаликда, устав фондида давлатнинг иштироки вақтинча бўлган корхоналар сони ҳам кўп. Масалан, хусусийлаштирилиши керак бўлган кўпчилик корхоналар уларни реконструкция қилиш учун катта ҳажмдаги инвестицияларга муҳтождир. Уларнинг акциялари, нафақат акцияларни сотиб олишга, балки ишлаб - чиқаришни ривожлантиришга ҳам инвестиция киритишга тайёр бўлган стратегик инвесторларга сотилиши назарда тутилади. Бундай инвесторларни топиш осон бўлмайди ва маълум бир вақт талаб қилинади.
01.01.2008 йил ҳолатига кўра Ўзбекистон Марказий депозитарий ҳисобида икки мингга яқин акциядорлик жамиятлар қайд қилинган бўлиб, шулардан 536 тасида давлат улуши бор эди. 565та акциядорлик жамиятларидаги давлат улуши акциялари холдинг, давлат-акциядорлик ва акциядорлик компаниялари устав фондларига берилди. Бундан ташқари 600дан ошиқ масъулияти чекланган жамиятларида (МЧЖ) давлат улуши бор эди.
Республикамиз барча акциядорлик жамиятлари чиқарган акциялар умумий миқдори 2,1 млрд. донадан, уларнинг жами номинал қиймати 3,0 трлн. сўмдан ошиб кетди. Улардан турли компаниялар эмиссия қилган 2,4 трлн. сўмлик (80,0%) 1,3 млрд.дона (61,9%) акциялар давлат ёки давлат томонидан назорат қилинадиган турли компаниялар ихтиёрида эди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналар, ҳамда деярли барча холдинг, давлат - акциядорлик ва акциядорлик компаниялари акцияларининг 51% ва ундан ортиқ улушлари доимий равишда давлат мулкчилигида сақлаб қолинади. Ушбу АЖ акцияларини давлат қандай бошқариши кўп жиҳатдан мамлакатнинг бутун иқтисодиёти ривожланиши даражасини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |