2. XVIII аср биринчи ярмида Бухоро хонлигида сиёсий бошқарув тизими
Бухоро хонлиги Убайдуллахон II даврида. Субҳонқулихон 1702 йил вафот этгач, тахтни ўғли Убайдуллахон II (1702-1711) эгаллайди. У исёнкор қабилаларга, бўйсунмас маҳаллий ҳукмдорларга ва бостириб кирган кўчманчиларга қарши уруш олиб боради. Убайдуллахоннинг асосий мақсади сиёсий тарқоқликни тугатишдан иборат эди, у ана шу мақсад йўлида ҳаракат қилди.
Убайдуллахон дастлаб Балхни бўйсундириш йўлини излади. Субҳонқулихон Балхни қатағон қабиласи бошлиғи, Бадахшон ҳокими Маҳмудбий оталиққа алоҳида хизматлари учун тортиқ қилган эди. Маҳбудбий Балхда ҳокимиятни тўла ўз қўлига олади ва ўзини 1706 йил Хон деб эълон қилиб, тез орада Термизни ҳам эгаллайди. Убайдуллахон авал Термизни, 1707 йил Балхни эгаллагач, Маҳмудбий қочиб кетади. Убайдуллахон Бухорога қайтгач Балхни яна Маҳмудбий эгаллайди. Убайдуллахон унинг мустақиллигини тан олишга мажбур бўлади. Убайдуллахон II даврида ички зиддиятлар янада кескинлашди.
Бухоро тасарруфида бўлган Фарғона водийси ҳам XVIII аср бошида ажралиб чиқиб, ҳокимият аввал Чуст яқинидаги Чодак хўжалари қўлига ўтади. 1710 йил минг уруғи бошлиғи Шоҳруҳбий ҳокимиятни эгаллаб, мустақил Қўқон хонлигига асос солади. Мустақилликка интилаётган вилоят ҳокимлари Убайдуллахонга қаши фитна уюштиради ва у 1711 йил ўлдирилди. Парокандаликка қарши, олий ҳокимиятни кучайтириш ва мамлакат бирлигини таъминлаш учун курашган Убайдуллахоннинг ҳукмронлиги фожиали якунланди.
Убайдуллахоннинг иниси Абулфайзхон (1711-1747) тахтга ўтқизилди. У фитна иштирокчиларининг ҳаммасини мукофатлади ва катта лавозимлар берди. Убайдуллахоннинг амалдорлари ва яқинларининг мол-мулки таланди ва қатл этилди.
Парокандалик кучайиши. Абулфайзхон кучайиб бораётган амирлар ва зодагонлар қўлида қўғирчоқ ҳукмдор эди. Абулфайзхоннинг фармонлари сарой остонасидан нарига ўтмай қолганидан у « Регистон (саройнинг олди) тинч бўлса бўлгани» деган гапни доимо такрорлаган. Хон ҳокимияти кучсизланишига мунтазам қўшиннинг йўқлиги ҳам сабаб бўлган, мунтазам қўшин тузишга маблағ етмаган, чунки иқтисодиёт ночор бўлган. Хон зарур бўлганда вилоятлардан қўшин сўраган, бироқ вилоят ҳокимлари ҳар доим ҳам буйруққа итоат этмаган.
Абулфайзхон даврида манғит қабиласидан Муҳаммад Ҳакимбий катта нуфузга эга бўлиб, барча шаҳзодалар оталиқларининг бошлиғи деб тан олиниши бошқа қабилалар аслзодаларининг қатъий норозилигига сабаб бўлган. Шаҳрисабз ҳокими, кенагас қабиласидан Иброҳимбий Ургут ва Миёнқол ҳокимлари билан тил бириктириб Бухородан мустақил, пойтахти Самарқанд бўлган давлат тузишга қарор қилди. Иброҳимбий Кенагас 1723 йил Самарқандни эгаллаб, куёви Ражаб Султонни тахтга ўтқазди. Иброҳимбий ўзига «амир-ул умаро» (улуғ амир) унвонини олди.
Иброҳимбийнинг навбатдаги мақсади Бухоро тахтини эгаллаш, Ражаб Султонни Бухоро тахтига ўтқазиш ва шу йўл билан хонликнинг энг нуфузли кишиси бўлиш эди. Абулфайзхон сиёсатидан норози бўлган беклар Иброҳимбийга қўшилдилар. Иброҳимбий ва Ражаб Султонлар кимки уларга қўшилса, ғалабадан сўнг бойлик ва амал улашишни ваъда қилдилар. Иброҳимбий катта қўшин билан Бухорога юриш бошлайди ва жангда Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ бошчилигидаги Бухоро қўшинлари мағлубиятга учрайди. Бироқ Ражаб Султон Бухоро шаҳрини эгаллай олмайди.
Иброҳимбий ва Ражаб Султон оқибатини ўйламай, катта ўлжалар ваъда қилиб кўчманчи қозоқлардан ёрдам сўрайди. Жунғор қалмоқ кўчманчиларидан талофат кўриб, очарчиликка дучор бўлган қозоқлар бу таклифга рози бўладилар. Қозоқлар 7 йил мобайнида Зарафшон ва Қашқадарё воҳаларига юришлар қилиб, талаб, хонавайрон қиладилар. Бухорода ҳам Самарқандда ҳам қозоқларни тўхтатишга куч топилмади.
Ички низолар авж олиб, аҳолининг норозилиги кучайгач Абулфайзхон яқинларининг талаби билан Муҳаммад Ҳакимбийни Бухородан чиқариб юборишга қарор қилади. Муҳаммад Ҳакимбий Қаршига кетади, бироқ у Бухорода ҳокимиятни яна олиш ниятидан қайтмаган эди. Абулфайзхон кўнгилхушликка берилиб, давлат ишларини назорат қилмай қўйди. Марказий ҳокимиятнинг заифлашуви сиёсий тарқоқликни кучайтириб Самарқанд, Қарши, Балх, Фарғона, Бадахшон амалда мустақил бўлиб олди. Энг асосий вилоятлар ва шаҳарлар мустақил ҳокимликларга ажралиб кетди.
Do'stlaringiz bilan baham: |