7. Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, умумтаълим мактабларида:
ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;
қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.
8. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактаб формасининг нимчасини ёки костюмини, кўйлакнинг енги узун ёки калта шаклини ихтиёрий равишда кийишлари мумкин. Шунингдек, қишки ўқиш даврида ўқувчи қизларга ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилади.
9. Таълим муассасаси томонидан мактаб формасининг намунавий ягона шаклларининг рангли расмлари ва техник кўрсаткичлари — матонинг таркиби ва ранги ҳақидаги маълумотлар 1 — 6-синфлар ва 7 — 11-синфлар кесимида таълим муассасасининг барчага кўринарли жойига осиб қўйилади.
10. Таълим муассасаси раҳбарияти ҳар йили 20 февралга қадар ўқувчиларнинг тахминий сони тўғрисидаги маълумотларни синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимида тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тақдим этади.
11. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳар йили 1 мартга қадар ўқувчиларнинг синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимидаги туман (шаҳар) бўйича умумлаштирилган маълумотларни (прогноз) Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига тақдим этади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан тасарруфидаги таълим муассасаларидаги жами ўқувчиларнинг синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимидаги сони (прогноз) тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ҳар йили 10 мартга қадар тақдим этади.
13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари жами ўқувчиларининг синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимидаги сони (прогноз) тўғрисидаги маълумотларни ҳудудлар бўйича умумлаштирилган ҳолда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига ҳар йили 20 мартга қадар тақдим этилади.
14. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тақдим этилган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили апрель-август ойлари давомида ҳудудлар бўйича мактаб формаларининг ишлаб чиқарилишини ташкил этади.
15. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси мактаб формаларининг ҳудудлар ва туман (шаҳар)лар бўйича ишлаб чиқариш ва савдоси ташкил этиладиган жойлар тўғрисидаги манзилли маълумотларни ҳар йили 20 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этади ва оммавий ахборот воситалари орқали савдоси ташкил этиладиган жойлар тўғрисидаги манзилли маълумотларни эълон қилади.
16. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ишлаб чиқарувчилар ва савдо шоҳобчаларининг манзиллари ҳақидаги маълумотлар ҳар йили 25 апрелга қадар барча таълим муассасаларга етказилишини таъминлайди.
17. Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан ҳар йили 1 майга қадар таълим муассасасининг барчага кўринадиган жойларига мактаб формасини қаерда ва қандай тартибда харид қилиш мумкинлиги тўғрисида тегишли эълон жойлаштирилади ҳамда таълим муассасалари томонидан ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилади.