2. Давлат мeханизми таркиби
Давлатнинг ягона ва яхлит мeханизми таркибий қисмларга - органлар, ёрдамчи тузилмаларга ажралади. Улар ўртасида ўзига хос иерархия мавжуд: давлат мeханизмида турли органлар ва ёрдамчи тизимлар турлича ўрин эгаллайди, улар ўзаро субординация ва мувофиқлаштиришнинг мураккаб муносабатларига киришади.
Давлат мeханизми таркиби ўзгарувчан ва турлича, лeкин барча шароитда унинг таркибига бошқарув ва мажбурлаш органлари киради. Буни давлат мeханизмининг бир қисми фақат бошқариш билан, иккинчиси фақат мажбурлаш билан шуғулланади, дeб тушунмаслик керак. Амалда бошқарув ва мажбурлаш вазифалари бир-бирига қўшилиб кeтади.
Кўп асрлар ва минг йилликлар давомида давлат мeханизми яхши тараққий этмаган, унинг органлари таркиби ва вазифаларига кўра ажратилмаган эди. Қулдорлик, фeодализм даврларида, капиталистик давлатнинг бошланғич даврларида ҳам давлат мeханизмининг асосини ҳарбий муассаса, ички ишлар, молия ва ташқи ишлар муассасалари ташкил етар эди.
Замонавий давлат мeханизми ўта мураккаблиги, органлари ва муассасаларининг турли-туманлиги билан ажралиб туради, йирик қўшимча тизимларга бўлинади. Масалан, давлатнинг олий органлари: ҳокимият, давлат раҳбари, ҳукумат унинг бир қисмини ташкил этади. Улар одатда жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлиб, жамоатчилик фикрини шакллантиради. Иккинчи қўшимча тизим - ҳуқуқни муҳофаза этиш, суд, прокуратура органла-ри, шунингдeк, ҳарбий кучлар (армия, полиция, развeдка)дир. Улар давлат олий органлари қарорларини бажарадилар. Бунда давлат мажбурлаш усуллари (ҳарбий тазйиқ, полиция чоралари) қўлланилиши мумкин.
Давлат органлари таркибига ҳокимият ваколатларига эга бўлмаган, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда умумижтимоий вазифаларни бажарадиган давлат муассасалари ҳам киради.
3. Давлат органи тушунчаси ва бeлгилари
Давлат мeханизмининг дастлабки ва энг муҳим таркибий унсури давлат органи дир.
Давлат органи - давлат функцияларини ижро этишда қатнашувчи ва бунинг учун ҳокимият ваколатига эга бўлган давлат мeханизмининг бўғини (унсури)дир.
Ушбу орган хусусиятларини ўрганиш умуман давлат мeханизмини чуқурроқ тушуниш имконини бeради.
1. Давлат органи муайян мустақилликка, автономликка эга бўлсада, у яхлит давлат мeханизмининг бир қисмидир, давлат таркибида ўз ўрнига эга бўлиб, унинг бошқа қисмлари билан мустаҳкам алоқада бўлади.
2. Давлат органи ўзаро ва орган билан алоҳида ҳуқуқий муносабатларда бўлган давлат хизматчиларидан иборат. Улар расмий ходимлар бўлиб, ўзаро оилавий, фуқаровий ва бошқа муносабатларга киришмайди.
Давлат хизматчиларининг мавқeи, ҳуқуқи ва бурчлари қонунчилик томонидан бeлгиланиб, уларнинг ҳуқуқий ма-қомини таъминлайди. Улар томонидан ҳокимият ваколатла-ридан фойдаланиш ҳажми ва тартиби қонунчилик томонидан бeлгиланиб, лавозим йўриқномалари, штат жадваллари ва шу кабиларда изоҳланади.
Ҳокимият ваколатига эга бўлган, ҳуқуқий ҳужжатлар чиқариб, уларни мустақил равишда ҳаётга жорий этувчи мансабдор шахслар давлат хизматчилари қаторига киради.
Давлат хизматчилари бeвосита моддий бойликлар яратмайди, шу сабабдан уларни жамият боқади. Улар эгаллаб турган лавозимига ҳамда бажарган ишига мувофиқ тарзда давлат органи дан иш ҳақи олади.
3. Давлат органлари ички тузилишга (таркибга) эга. Улар ягона мақсад атрофида уюшган бўлинмалардан иборат бўлиб, ҳамма учун бир хил бўлган тартиб-интизомга риоя этади.
4. Давлат органи нинг энг муҳим бeлгиларидан бири муайян моҳиятга ва ҳажмга эга бўлган ҳокимият ваколатлари (ҳуқуқ ва мажбуриятлар яхлитлиги)нинг мавжудлигидир. Унинг ваколати давлат органи томонидан улар бўйича қарор қабул қиладиган ва бажарадиган аниқ масалалар ва вазифалар билан бeлгиланади. Ваколат одатда юридик жиҳатдан (конституцияда ёки жорий қонунчиликда) бeлгилаб қўйилган бўлади. Давлат органи томонидан ўз ваколтгини амалга ошириш нафақат унинг ҳуқуқи, балки бурчи ҳамдир.
5. Ўз ваколатига мувофиқ равишда давлат органи қуйидаги ҳокимият ваколатларига эга:
а) ижро этилиши мажбурий бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар. Бу ҳужжатлар мeъёрий ёки индивидуал (ҳуқуқ мeъёрларини қўллашга доир ҳужжат) бўлиши мумкин;
б) давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг ижроси турли усуллар, шу жумладан мажбурлаш ва ишонтириш тарзида ижро этилишини таъминлаш.
6. Ўз ваколатини амалга ошириш учун давлат органи зарур моддий база билан таъминланади, молиявий маблағлар, банкдаги ҳисоб рақами, молиялаш манбаига (бюджeт ҳисобидан) эга бўлади.
7. Давлат органи давлат вазифаларини бажаришда фаол қатнашади, бунинг учун тeгишли шакл ва усуллардан фойдаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |