9-боб. Давлат фуқаролик хизматчисини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш 52-модда. Давлат фуқаролик хизматчисини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш Давлат фуқаролик хизматчиси давлат органининг қонунга хилоф қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи давлат органига ёки махсус ваколатли давлат органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат органининг қонунга хилоф қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида давлат фуқаролик хизматчисининг бузилган, низолашилаётган ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш билан боғлиқ низолар фуқаролик процессуал қонунчилик билан белгиланган тартибда ҳал этилади.
53-модда. Давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш Давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш давлат томонидан қуйидагилар орқали таъминланади:
меҳнат таътили ва ижтимоий таътиллар бериш;
ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш;
ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
давлат пенсия таъминоти.
Давлат фуқаролик хизматчисига қуйидаги ижтимоий ҳимоя чоралари кафолатланади:
тиббий хизмат кўрсатиш;
ротация тартибида бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказилиши билан боғлиқ харажатларнинг, шу жумладан яшаш ва транспорт харажатларининг ўрнини қоплаш;
хизмат уй-жойлари, хизмат транспорти билан ёки уй-жой ва транспорт харажатлари учун пулли компенсация билан қонунчиликда белгиланган ҳолларда ҳамда тартибда таъминлаш.
Давлат фуқаролик хизматчисига қонунчиликка мувофиқ бошқа ижтимоий ҳимоя чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қонунчиликда белгиланган асосларда ва миқдорларда тўланадиган барча турдаги ижтимоий нафақалар татбиқ этилади.
Ижтимоий нафақаларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тўловлар мустасно.