1-шакл. Техник ечим ғоясини амалга ошириш даврлари Ҳар бир босқичнинг натижалилиги ўқувчиларда техник фикрлаш, меҳнат кўникма ва малакалари ривожланиши билан узвий боғлиқдир.
3.3. Ўқувчиларнинг ижодий жиҳатдан тайёргарлик даражалари.Ўқувчиларнинг ижодий фаолиятга тайёргарлик беш даражасини кўрсатувчи меъёрий-илмий жиҳатлар асосланган. Улар қуйидагилардан иборат:
Ўқувчиларнинг буюм ва ундаги шаклини такомиллаштириш ёки деталларни рационал жойлаштириш мақсадида чизмага, схемага қисман ўзгартириш киритиб, берилган ҳужжатлар бўйича тайёрлай олиши.
Ўқувчининг инструкциялашни охирига етказиб ва берилган техник ҳужжатга ёки алоҳида схемага ўзгартиришлар киритиб буюмларни ясай олиши.
Ўқувчининг буюмни, унинг конструкциясини дастлабки оригинал такомиллаштириб, технологик ҳужжат ёки схемага мустақил ҳолда ўзгартиришлар киритиб тайёрлай олиши.
Ўқувчининг оригинал конструкторлик ғоясини мустақил ҳолда технологик жиҳатдан ишлаб чиқиши ва уни тайёрлашни уддалай олиши.
Ўқувчи буюмнинг оригинал конструкторлик ёки рационлизаторлик ғоясини мустақил ҳолда асослаб ва таърифлаб бера олади, ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва буюм ясашни бажара олади.
3.4. ўқувчиларнинг ижодкорлик ғояларини баҳолашда экологик хавфсизлик мезонлари. Инсоният тараққиётининг барча даврлари мобайнида долзарб бўлиб келган муаммолардан бири бу экология, яъни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммосидир. Ҳар қандай муаммоларни, жумладан экологик муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали ечимига ижодкорлик ғояларини муваффақиятли амалга ошириш орқали эришиш мумкин.
Маълумки, ижодкорлик дейилганда инсоннинг борлиқни билиш ва ўзгартиришга қаратилган онгли, мақсадга йўналтирилган фаолияти тушунилиб, унинг натижасида янги, ўзига хос, илгари мавжуд бўлмаган моддий ва маънавий неъматлар яратилади. Ушбу таърифда келтирилган фаолият турига мос келувчи янги ғояларининг самарадорлигини баҳолашда қуйидаги тўртта асосий тамойилга амал қилинади: ғоянинг ижтимоий аҳамияти; экологик хавфсизлиги; техник–иқтисодий самарадорлиги; кафолатланган ишончлилиги.
Келтирилган тамойиллар ҳар бири ўз ўрнида муҳим аҳамият касб этади. Бироқ ижодкорлик ғоясининг экологик хавфсизлиги тамойилига мувофиқ келмаслиги унинг жамият амалиётига татбиқ қилинишида инкор этилишига олиб келади, бу ҳолат унинг алоҳида долзарблик касб этишини таъкидлайди. Шу сабабли мазкур тамойил қуйидаги мезонлар асосида қурилади:
1. Яратиладиган ижодкорлик ғоясини амалда татбиқ қилишда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларга таъсири нуқтаи назаридан ҳам таҳлил этилади.
2. Ташқи муҳит, ўсимликлар, ҳайвонлар дунёси ҳамда инсонларга зарарли моддалар, нурланишлар ва бошқа салбий таъсирларни баҳолашда улар умумий йиғинди сифатида қаралади, чунки ушбу таъсирлар бир – бирига кучайтирувчи таъсир кўрсатади. Баҳолаш ҳар бир салбий таъсирнинг кўрсатиши мумкин бўлган энг юқори натижа асосида олиб борилади.
4. Яратиладиган ижодкорлик ғоясининг салбий экологик таъсири шартли олинган кўрсаткичга нисбатан эмас, балки уни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган барча салбий ҳолатлар йиғиндисига нисбатан ўрганилади.
5. Ижодкорлик ғоясининг асосида яратиладиган техника ва технологияларнинг экологик кўрсатгичлари нисбий баҳолаш тамойилига кўра амалга оширилади, яъни лойиҳалаш жараёнида у худди шу вазифани бажарувчи экологик жиҳатдан энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган, техника ёки технология намунасига нисбатан ўрганилади, саноат ишлаб чиқаришда эса алмаштирилаётган объектнинг экологик кўрсаткичларига нисбатан баҳоланади.
6. Яратилаётган ижодкорлик ғояси асосида техник ечимнинг экологик хавфсизлигини у татбиқ этиладиган техник тизимнинг экологик хавфсизлиги нуқтаи назаридан баҳоланади.
7. Яратиладиган ижодкорлик ғоясининг техник ечимини ишлаб чиқишда салбий таъсирларнинг энг оғир оқибатлари келтириб чиқарадиган энг ёмон ҳолатлари йиғиндиси унинг экологик паспорти сифатида қаралади.
Қараб чиқилган ижодкорлик ғоясининг экологик жиҳатдан келтириб чиқариши мумкин бўлган салбий ҳолатлари унинг энг юқори қийматлари асосида ўрганилади. Бу жиҳатдан олиб қаралганда яратиладиган ижодкорлик ғояларининг экологияга кўрсатадиган салбий таъсирларининг минимал қийматда бўлиши таъминланади.
Экологик хавфсизлик жиҳатидан ижодкорлик ғояси ишончлилигининг энг мақбул кўрсаткичини аниқлаш кетма–кетлиги қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1. Ижодкорлик ғояси ишончлилиги кўрсаткичлари билан уни амалга оширишдаги сарфланадиган ҳаражатлар ўртасидаги боғлиқликлар топилади.
2. Ишончлилик кўрсатгичларидан келиб чиққан ҳолда техник ечимлардан воз кечишнинг техник зарарларга алоқадорлиги аниқланади.
3. Ишончлилик кўрсатгичларидан келиб чиққан ҳолда техник ечимлардан воз кечишнинг экологик зарарларга алоқадорлиги аниқланади.
4. 1,2,3 кўрсатгичларнинг ўзаро алоқадорлиги аниқланади.
5. Аниқланган алоқадорлик энг кичик қиймати учун мос равишдаги ишончлилик қиймати топилади. У сарф-ҳаражатларнинг энг кичик миқдорини белгилашда энг мақбул ҳисобланади.
Янги ижодкорлик ғоясининг экологик самарадорлиги икки асосий шаклда намоён бўлади. Уларнинг биринчиси алоҳида ишлаб чиқариш ресурсларини тежалиши, чиқиндисиз технологиянинг жорий этилиши, юзага келадиган чиқинди ва иккиламчи хом–ашёни зарарли таъсирларини бартараф қилиш йўлларини ишлаб чиқиш билан белгиланади. Экологик самарадорликнинг иккинчи шакли мавжуд ишлаб чиқариш воситалари ёки усулларининг келтираётган зарарини камайтириш йўлларини ишлаб чиқиш билан белгиланади. Ҳар иккала шаклдаги ижодкорлик ечимларини жорий қилишда унинг экологик заҳираси деган баҳолаш мезонига асосланади. Экологик заҳира ижодкорлик техник ечимини татбиқ қилишда эришиш мумкин бўлган энг олий экологик самара билан амалда эришилган экологик самарадорлик ўртасидаги тафовутдан келиб чиқади. Мазкур экологик заҳира ижодкорлик ғоясининг экологик паспорти учун асос вазифасини ўтайди. Ижодкорлик ғоясининг экологик паспорти техник ечимлар муқобил вариантларини уларнинг экологик жиҳатдан номукаммаллигини баҳолашда аниқ мезонга таяниб иш кўрилишини таъминлайди. Шунингдек, ижодкорлик ғоясининг экологик самарадорлигини аниқлаш унинг ижтимоий баҳосини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Ижодкорлик ғояси амалда қўлланилишининг экологик паспорти уни ишлаб чиқариш ва амалиётга татбиқ қилишда юз бериши мумкин бўлган экологик жиҳатдан зарарли ҳодисаларнинг мос равишдаги шартли чегаравий техник–иқтисодий кўрсатгичларнинг қийматларига асосланади. У турли мақсадларда фойдаланиладиган ижодкорлик ғоялари турли кўрсаткичларини қиёсий таҳлил қилишда, экологик хавфсизлик мезонларидан келиб чиқиб ҳисобланади. Ижодкорлик ғоясини қўллашнинг шартли экологик паспорти сифатида амалда энг яхши техник ечимларга эришган экологик натижалари олиниши мумкин.
Ижодкорлик ечимининг экологик паспортини ишлаб чиқишда органолептик, ижтимоий, техник-иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаш, технологиянинг чегаравий самарадорлик кўрсатгичини ҳисоблаш каби услублардан кенг фойдаланилади. Ҳар бир услубни қўллашнинг тор ихтисосликдаги ҳолатлари ҳам мавжуд, бироқ умумий ҳолатларда келтирилган услублар тизими яхлит мажмуа сифатида қўлланилади.
Шундай қилиб, ижодкорлик ғояларининг хавфсизлик мезонлари ҳам унинг асосида ижодкорлик ғояси экологик паспортини ишлаб чиқилиши мазмунининг таҳлили натижаларига кўра қуйидаги хулосаларни келтириш мумкин:
- экологик муаммоларни ҳал қилишда ижодкорлик ғоялари асосида яратиладиган янги техника ва технологиялар асосий омиллардан бири ҳисобланади;
ишлаб чиқилаётган ижодкорлик ғоялари баҳолаш мезонлари уларнинг экологик жиҳатдан кенг қамровли таҳлил қилинишини, бунда унинг нафақат бугунги кун, балки келажак авлодларга ҳам кўрсатадиган таъсирлари ўрганилишини техник ечимларнинг зарарли таъсирларини тамоман бартараф этади;
ижодкорлик ғояларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш мезонлари ҳаққоний баҳолаш кўрсаткичларига асосланганлиги ва кишилик жамиятининг барча соҳаларини қамраб олганлиги сабабли уларни барча техник-технологик жараёнлар экологик кўрсаткичларини баҳолашда тавсия қилишга имкон беради.