Эпизоотологияси. Колибактериозга ҳамма тур ёш ҳайвонлар мойил бўлади. Янги туғилган ҳайвонлар биринчи кунданоқ касалликка чалинади. Баъзан катта ёшдаги ҳайвонларнинг колимастит ва колиэндометрит билан касалланиши кузатилган. Касалликнинг қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган бўлиб, у фақат касал ҳайвондан эмас, балки соғлом ҳайвоннинг ошқозон-ичак йўлидан ҳам ажратиб олинади. Колибактериоз қатъий энзоотик касалликдир. Унинг қўзғатувчисининг асосий манбаи касал ва ундан тузалган ҳайвонлар ҳисобланади. Катта ёшдаги ҳайвонлар ҳам энтеропатоген эшерихия тарқатиб туради. Касаллик асосан алиментар йўл билан юқади, бузоқ ва қўзиларнинг она қорнида касаллик юқтириши тўғрисида аниқ маълумотлар бор. Касал ҳайвон ташқи муҳитга ажралиб чиқадиган ҳамма чиқиндилари орқали ичак таёқчасини ажратиб туради ва ташқи муҳитдаги қатор объектларни зарарлайди. Баъзи ҳолларда санитария ҳолати бузилган оғиз сути орқали ҳам касаллик юқиши мумкин. Касалликнинг келиб чиқишида эмизиклар ва ҳар хил идишларнинг микроорганизмлар билан ифлосланиши муҳим аҳамият касб этади. Носоғлом хўжаликларда колибактериознинг тарқалишида ферма ходимлари ижобий роль ўйнайди. Махсус кийим-кечакда юрмаслик, уларни вақтида ювиб дазмоллаб турмаслик ҳоллари ҳам касаллик тарқалишига сабаб бўладиган омилларга киради. Колибактериознинг келиб чиқишида хўжалик шароитининг таъсири катта. Зах, қоронғи, эски биноларда ёш ҳайвонларнинг сақланиши, бўғоз ҳайвонларни зарурий озуқалар билан балансли озиқлантирмаслик, санитария масалаларининг талаб даражасида эмаслиги ёш ҳайвонлар юқумли касалликлари, жумладан колибактериозни тезлаштирувчи омиллардандир.
Патогенези. Соғлом бўлиб туғилган ёш ҳайвон ичагининг шиллиқ пардаси микроорганизмларнинг ўтишига кескин тўсқинлик қила олади. Агар ёш ҳайвон нимжон бўлиб туғилса, унинг ҳимоя воситаси жуда пасаяди ва унга тушган патоген микроорганизм шиллиқ пардадан ўтиб кетади.
Микроорганизм чиқарган эндотоксин яллиғланиш жараёнини келтириб чиқаради. Яллиғланиш жараёни эса ўз навбатида микроорганизмларнинг янада чуқурроқ кириб боришига имкон беради. Шу билан бирга, ичак перистальтикаси кучаяди. Бу қитиқловчи агентни ташқарига чиқариш учун вужудга келадиган рефлектор ҳимоя воситасидир. Агар ҳимоя воситаси кучсизлик қилса, ичак таёқчалари лимфатик тугунлар ва қонга ўтиб, септик жараён юзага келади. Кучли ич кетиш рўй бериб, организмда сувсизланиш ҳолати рўёбга чиқади. Қонда бактерия кўпайиб ривожланиб бутун организмга тарқалади, токсини орқали марказий нерв системасига таъсир этиб, унинг функциясини бузади. Натижада коматоз ҳолат пайдо бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |