Дифференциал диагноз. Колибактериознинг клиник белгилари сальмонеллёз, диспепсияга жуда ўхшаш. Шунинг учун фақат клиник белгиларга эмас, балки унинг эпизоотологияси ва патологоанатомик ўзгаришлари ҳамда албатта бактериологик текшириш усулларига мурожаат қилинади. Колибактериоз сальмонеллёздан фарқли ўлароқ дард биринчи кунданоқ бошланади. 7-8-кунгача касалланиб, дастлаб ҳарорат кўтарилса, энтерит кузатилса, колибактериозга гумон қилинади. Сальмонеллёзда эса касаллик асосан 7-10-куни бошланиб, бир неча ой давом этиши мумкин. Колибактериозда септицемия кучли ривожланиб, тўхтовсиз ич кетади, касал ҳайвон бутунлай кучсизланиб ётиб қолади. Сальмонеллёзда клиник белгилар секинроқ ривожланади, лекин ҳар доим танада иситма бўлади. Ёриб кўрилганда талоқда кучли ўзгариш кузатилмаслиги, жигарда некротик ўчоқлар бўлмаслиги колибактериозга хос патологоанатомик ўзгаришлардан дарак беради. Ўткир кечган сальмонеллёзда гемокультура ажратилади. Сурункали ҳолатда эса нафас олиш аъзолари ва бўғимлар жароҳатланади.
Токсик диспепсия. Бу ҳам биринчи кундан бошланиб, тўхтовсиз ич кетади, касал ҳайвон дармонсизланиб ётиб қолади, лекин тана ҳарорати кўтарилмайди. Сероз қопламаларда қон қуйилишининг кузатилмаслиги ва талоқнинг ўзгармаслиги диспепсияга хос хусусиятдир. Колибактериозда лабораторияга қишда ўлакса бутунлигича, ёзда бўлса найсимон суяк ва паренхиматоз аъзоларнинг бўлаклари 30% ли глицерин эритмасига солиб юборилади, намуналардан эшерихия ажратиб олинади ва унинг серотиплари аниқланади. Бунинг учун типга хос зардоблар қўлланилади.
Даволаш. Касалликка ўз вақтида аниқ диагноз қўйилгач, даволаш парҳездан бошланади. Оғиз сути ўрнига физиологик эритма ёки аччиқ дамланган қора чойни совутиб берилади. 1 л юқорида қайд қилинган суюқликларга товуқ тухумини аралаштириб бериш яна хам фойдалироқ. Тўйимлилигидан ташқари, лизоцим моддасига ҳам бойдир. Антибиотикларни ишлатишдан аввал, ажратиб олинган эшерихиянинг уларга сезувчанлигини аниқлаб олиш шарт. Шундагина биз микроорганизмга таъсир этадиган дориларни танлай оламиз ва даволаш самарали бўлади. Даволаш учун синтомицин қўлланилади. Биринчи марта 40 мг, кейин ҳар 4-6 соатда 20 мг дан бериб борилади. Биомицин, терромицин, тетрациклин 2-3 марта 15-20 мг дан, колимицин 15-20 мг, полимикцин эса 4 мг миқдорда тавсия этилади. Антибиотикларни сут билан бериш маъқулроқ. Айрим ҳолларда врачлар қўлига янгироқ бир антибиотик тушиб қолса, дарҳол уни ошқозон-ичак касаллигига қарши қўллай бошлашади. Бу албатта нотўғри. Аввал антибиотикка нисбатан микроорганизмнинг сезувчанлигини лабораторияда ўрганиб, кейин қўллаш керак. Шундай қилинмаса, даволаш ёрдам бермайди.
Юрак-томирлар фаолиятини қувватлаб туриш учун кофеин, камфоралар қўлланилади. Антибиотиклар топилмай қолгудек бўлса, айрим сульфаниламид препаратлар - сульфазол, сульцимид, дисульфан, фтолазолларни ҳам қўллаш мумкин. Тери остига ёки қорин бўшлиғига глюкоза-тузли эритмаларни юбориш сув-туз алмашиниш жараёнини ушлаб туришга ёрдам беради. Профессор И. Г. Шарабрин томонидан тавсия этилган эритма (1 л дистилланган сув, 8,5 натрий хлорид, 13,0 натрий гидрокарбонат, 0,3 кальций хлорид, 0,5 калий хлорид, 50,0 глюкоза, 0,2 кофеин, 500 минг ТБ пенициллин) ҳам энтеритларда яхши наф беради. Бузоқларга 0,5-1 л оч биқинга, қулун, чўчқача ва қўзиларга эса тери остига юборилади. Чуқур клизма қилиб, ичак тозаланади. Булардан ташқари, қатор илмий текшириш институтлари ва лабораториялари тавсия этган ҳар хил препаратлар мавжуд. Агар улар назоратдан ўтиб, кўрсатмаси билан келиб тушса, қўллаб кўриш керак. Биофабрика ва биоцехларда тайёрланган зардоб ҳамда бактериофаглар бўлиб, колибактериозда зардоблар тери остига юборилади, фаглар эса ичирилади. Даволаш самараси жуда ҳам юқоридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |