Кечиши ва клиник белгилари. Касалликда яширин давр бир неча соатдан бир суткагача давом этиб, клиник белгилар ҳамма ёш ҳайвонларда асосан бир-хил бўлади. Касаллик тўсатдан тана ҳароратининг кўтарилиши билан бошланиб, юрак уриши, нафас олиш тезлашади. Касал ҳайвон ётади, тумшуқлари қуруқ бўлиб, кўз шиллиқ пардалари қонталашади. 1-2 кун ўтгач, септик ҳолатга энтерит қўшилади. Ич сувдек кетади, унга кўпиксимон, ҳаво пуфакчалари аралашган, оқ-кўкимтир рангда, ачимсиқ ҳидли бўлади. Ҳазм бўлмаган сут ич кетганда лахта-лахта сузмасимон бўлиб ўтади. Шилимшиқ суюқлик ва қон аралаш ҳолатда ич кетиши кузатилади. Натижада орқа оёқ ва сонлар ифлосланади, қорин бўшлиғи ушлаб кўрилганда оғриқ сезилади. Ич кетиши тўхташи билан ҳарорат тушади. Иштаҳа йўқолади. Ич ўтиш кучайиши билан касал ҳайвон озиб кетади ва нимжонланиб ётиб қолади. Бўйнини ёнига ташлаб биқинига тираб ётади. Кўзлар чўкиб, жун ўзининг ялтироқлик табиий ҳолатини йўқотади. Терида ёпишқоқ тер қотиб қолади ва сассиқ ҳид таратади. Пульс сусаяди, нафас олиш юзалашади. Касаллик кучайиши билан қайд қилинган белгилар авжига чиқа боради. Коматоз ҳолат юзага келади. Қулунларда касаллик чўзилиб кетса, бўғимлар яллиғланиб, шишиши ҳам мумкин. Буларда ҳам ўткир кечиб, энтерит кучаяди, тез озиб кетади. Даволанмаса, қулунлар ҳалок бўлади.
Патологоанатомик ўзгаришлар. Ўлган ҳайвон танаси озғин, орқа чиқарув тешиги атрофи ва орқа оёқлар ахлат билан ифлосланган бўлади. Шиллиқ пардалар кучли қонсизланади. Ошқозонда пишлоқсимон масса бўлиб, қуйқали зардоб тўпланиб қолган, ошқозон шиллиқ пардаси қизариб, қон қуйилган, ингичка ичакда озиқ-овқат қолдиқларининг суюқ, шилимшиқ аралашмаси бўлади. Ингичка ва йуғон ичакларнинг шиллиқ пардалари шишиб, шилимшиқ суюқлик билан қопланган, гиперемия ва қон қуйилиш рўй берган, лимфатик тугунлар катталашиб, қизариб кетган, талоқ унчалик ўзгармаган, буйрак ва жигар қонсизланган, капсула тагларига қон қуйилган бўлади.
Диагноз. Эпизоотологик маълумотлар асосида, клиник белгилар ва патологоанатомик ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда диагноз қўйилади. Бу кўрсаткичлар ҳаммаси бактериологик текширишлар натижаси билан тасдиқланади. Унинг қайси серологик гуруҳга оидлиги коли зардоб билан текшириб аниқланади. Микробиологик текшириш қуйидагича амалга оширилади: 1-куни аъзолар ва ингичка ичакнинг шиллиқ пардасидан олиб сунъий муҳитларга экилади. Сурма қилиб текширилади. 2-куни Эндо, Левин, МПБ ва Симмонс муҳитларига колониялар экиб текширилади. 3-куни эса экилган муҳитлардан антиген тайёрланиб, серологик гуруҳи аниқланади. Оқ сичқонларга юқтирилади. 4-куни биосинама аниқланади. Шундан кейин антибиотикларга сезувчанлиги ўрганилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |