1. Бюджет жараёни ва унинг босқичлари Бюджет жараёни - давлат бюджетини тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этиш, унинг ижросини назорат қилиш, ижроси ҳақидаги ҳисоботни тайёрлаш ва тасдиқлаш, шунингдек давлат бюджети тузилмасига кирувчи бюджетлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган жараён.
Бюджет жараёнининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
мувозанатланган бозорга кириб бориш йўлида муҳим тараққиётга эришиш мақсадларида иложи борича кўпроқ моддий ва молиявий захираларни излаб топиш;
бюджет даромадларини алоҳида солиқлар ва бошқа тўловлар, шунингдек ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогнозлари ва мақсадли дастурларига мувофиқ ҳолда умумий ҳажми бўйича белгилаш;
бюджет харажатларини мўлжалланган вазифалар бўйича, шунингдек бюджетнинг умумий ҳажмини назарда тутилган умумдавлат аҳамиятига молик жами тадбирларни узлуксиз молиялаштириш эҳтиёжларидан келиб чиққан холда белгилаш;
бюджетни иқтисодиётдаги инфляция тенденсияларини бартараф этиш ва миллий пул тизимнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган умумий молиявий барқарорлаштириш дастури билан мувофиқлаштириш;
иқтисодий мақбул манбалар ҳисобидан бюджет тақчиллигини қисқартириш ва тугатиш;
турли даражадаги бюджетларни балансланишини таъминлаш мақсадларида давлат даромадлари манбаларини шу бюджетлар ўртасида, шунингдек хўжалик соҳалари ва иқтисодий минтақалар ўртасида қайта тақсимлаш йўли билан бюджет бошқарувини амалга ошириш;
барча йиллик миқёсли ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг мутаносиблиги ва балансланганлигини таъминлаш мақсадларида истиқболга мўлжалланган бюджетни режалаштириш прогнозлаш ролини ошириш;
юридик шахслар ва айрим фуқароларнинг ўз солиқ мажбуриятларини бажаришларида уларнинг молиявий фаолиятини ва даромадлари устидан назоратни кучайтириш;
электрон ҳисоблаш техникасидан кенг фойдаланган ҳолда молиявий ҳисоб-китобларни автоматлаштириш тизими орқали бюджетларни тузиш ва унинг ижроси жараёнларини автоматлаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муддатларда келгуси молия йилига:
тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармалари лойиҳаларини тайёрлаш учун-Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга;
бюджетдан ажратиладиган маблағларни олишга буюртмалар тузиш учун-республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет маблағлари олувчиларга бюджет сўрови юборади.