4. Форобий, Ибн Сино, Беруний ва Юсуф Хос Ҳожиб асарларидаги иқтисодий ғояларнинг моҳияти
X-XII асрларда бутун дунёга танилган Ал-Фарғоний, Ал-Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Хожиб, Низомулмулк ва бошқа кўплаб мутафаккирлар яшаб, ижод қилишди. Уларнинг асарларида иқтисодий ғоялар ҳам ўз аксини топган. Шарқ ренессанси давридаги олимлар шу даврдаги тижорат, мулкдорлик ҳунари сирларини баён этганлар. Уларнинг асарларидаги умумбашарий иқтисодий таффаккур бугунги кунда ҳам долзарблиги билан муҳим ўрин тутади.
Ибн Сино (980-1037)нинг фикрича: «Ҳайвон табиат неъматларига қаноат қилади, одамларга эса табиат неъматлари камлик қилади, у овқат, кийим-кечак ва уй-жойга эхтиёж сезади. Ҳайвон табиат неъматларини ўзлаштириб олади, одам эса ўз меҳнати билан ўзига овқат, кийим, жой яратади. Шу мақсадда инсон деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиши керак».
Форобий (873-950)
Форобий (873-950) Ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларнинг қарийиб барча соҳаларини ўз ичига олувчи 160 дан ортиқ рисола яратган «қомусий олим сифатида тан олинади. Унинг Шарқ оламидаги шуҳрати шу даражага етдики, уни Аристотель (Арасту)дан кейинги йирик мутафаккир- «муаллимас -«соний» - «иккинчи муаллим» деб атай бошладилар.
Олимнинг айниқса «Фозил одамлар шахри» асари диққатга сазовар бўлиб, унда мамлакатни бошқариш, хоқимлар фаолияти, иқтисодиётни олиб бориш билан боғлиқ бўлган муҳим ғоялар келтирилади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Форобий ўз устози Арасту ғояларини ҳар томонлама талқин этади ва уни тўлдиришга ҳаракат қилади, жамият шаклланиши учун моддий эҳтиёжларнинг аҳамияти ҳақидаги таълимотни яратди, иқтисодиёт фанида муҳим бўлган «Эҳтиёж» ни таърифлаб берди. У моддий бойликлар яратишда меҳнатнинг ва меҳнат қуроллари ўрнини аниқлаб берди. Айниқса, «меҳнат тақсимоти» масалалари мутафаккир асарларида яхши ёритиб берилган..
Форобийнинг фозил (идеал) давлат, ҳоқимлар тўғрисидаги ғоялари ниҳоятда аҳамиятлидир, ўзаро ёрдам ва дустликнинг зарурлиги кўрсатилади. Масалан, шаҳар тартиботида энг асосий нарса мулк, ноз-неъматларни тўғри тақсимлаш эканлиги қайд этилган. Арасту ғоялари ривожлантирилиб, аввало ер ва жойларнинг миқдори, кейин уларнинг эгалари ва тутган ўринлари, сўнгра ниҳоятда зарур ҳисобланувчи озиқ-овқат, экин экиладиган ерлар, сарой ва шахсий уйларнинг миқдори ҳисобга олиниши кераклиги кўрсатилади.
Форобий тадқиқотларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, у кўп (юнон, араб ва б. ) тилларни билган, бошқа олим асарларини таҳлил этган, шархлаган ва изоҳлаган.
Мусулмон ҳуқуқшунослигида товарнинг истеъмол қиймати тан олинган, товарнинг қиймати билан сўралаётган баҳо (бозор нархи) фарқланган. Йирик дин пешвоси Баҳоуддин Нақшбанднинг (1318-1389) «Дил ба ёру, даст ба кор», яъни «дил ёр (Аллох) билан, қўл иш билан (банд бўлсин)» деган тезиси ўша давр ва ҳозирги кун учун муҳим эди, чунки илгари худога фақат эътиқод қилишнинг ўзи кифоя деб билинган. Низом-ул-мулк (1018-1092) «Сиёсатнома» асарида ҳукмдорлар, амирлар, амалдорлар ва қозиларнинг мансабни суиистеъмол қилишини, солиқларнинг оғирлиги, давлат маблағларини сақлаш ва сарфлашда ҳисоб-китоб зарурлигини қайд этган. Салжуқийлар давлати арбоби сифатида иктоъни танқид қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |