Ёзиб тугалланган ва илмий раҳбар томонидан маъқулланган, муқоваланган курс иши белгиланган муддатда кафедрага топширилади ҳамда тақриз килинади.
Курс иши тақризида ишнинг илмий даражасига, амалий тавсияларнинг асосланганлигига ва уларнинг аҳамиятига баҳо берилиши, йўл қўйилган мавжуд камчиликлар кўрсатилиши ҳамда талаба маҳорати баҳоланиши лозим (6-илова).
Талаба курс ишини ҳимоя қилишга тайёргарлик пайтида бажарилган мавзунинг мазмун-моҳияти бўйича қисқача маъруза матнини тайёрлаши ҳамда ҳимоя тақдимоти учун зарур бўладиган кўргазмали материалларини тайёрлаб қўйиши, тақриз мазмуни билан танишиб чиқиши ва тақризчи эътирозларига жавоб тайёрлаган бўлиши керак. Курс иши ҳимоясига ахборот-комммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда тақдимот тайёрлаш талаб этилади.
Курс иши ҳимояси уч аъзодан иборат таркибдаги комиссиянинг очиқ мажлисида ҳимоя қилинади. Талаба 10 дақиқагача курс ишининг асосий натижаларини, таклиф ва хулосаларни изоҳлаб беради. Берилган саволларга жавоб беради.
Комиссия курс ишининг ҳимоя натижаси ва илмий раҳбарнинг тақризини ҳисобга олган ҳолда уни 100 баллик тизим бўйича баҳолайди.
9. БАҲОЛАШ ТАРТИБИ ВА МЕЗОНЛАРИ
Талабаларнинг курс иши бўйича билим савияси, кўникма ва малакалари даражаси, улар билимини назорат қилиш ҳамда баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низом қоидалари асосида балларда ифодаланади.
Амалдаги “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида”ги Низомнинг (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2010 йил 25 августдаги 333-сонли буйруғи билан Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 26 августда 1981-1-сон билан давлат рўйхатидан қайта ўтказилган) 13-бандига мувофиқ талабанинг курс иши бўйича ўзлаштириш даражаси – 100 баллик тизимда баҳоланади.
Мазкур Низомнинг 22-бандига кўра талаба фан бўйича курс ишини ушбу фан бўйича тўплаган баллари умумлаштирилишига қадар, яъни якуний назорат туригача тошириши шарт.
Талаба курс иши бўйича йиғиши мумкин бўлган максимал балл – 100 балл бўлиб, у қуйидагича тақсимот қилинади:
Курс иши бўйича ажратилган баллнинг 55 фоизи саралаш балл этиб белгиланади. Саралаш балидан кам балл тўплаган талаба академик қарздор талаба ҳисобланади.