Бухоро Халқ Совет Республикасининг ташкил этилиши ҳамда 1920-1924 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларнинг хусусиятлари.
1917-1920 йилларда Бухоро амирлиги ижтимоий-сиёсий ҳаётида юзага келган мураккаб вазият, бошқарув тизимидаги тартибсизликлардан фойдаланган совет ҳукумати раҳбарияти, жумладан, Туркистон фронти қўмондони М.В.Фрунзе 1920 йил 25 августда қизил аскарларга Бухорони босиб олиш учун буйруқ берди. Кескин жанглардан сўнг, 2 сентябрда Бухоро шаҳри босиб олиниб, Саид Олимхон ҳокимиятдан ағдариб ташланди. Қизил аскарлар Шарқнинг энг қадимги шаҳарларидан бири, “Ислом динининг гумбази” ва “шариф шаҳар” ҳисобланган муқаддас Бухорони вайрон қилдилар. Қадимий Бухоро ўт ва ҳаробалар ичида қолди.
Шафқатсиз ўқ ёмғири ва бомбардимон натижасида шаҳар обидаларининг бир қисми вайрон этилиб, минглаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлган. Ўша давр воқеаларининг бевосита шоҳиди бўлган маҳаллий тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний ўзининг “Тарихи Нофеий” (“Фойдали тарих”) асарида қизил аскарлар томонидан қилинган Бухоро босқини оқибатларини қуйидагича тасвирлайди: “Бухорони босиб олиш натижасида 34 гузар, 3000 дан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 та масжид ёниб хароб бўлди. Минораи Калонга ҳам зарар етиб, Олимхон ва Мир Араб мадрасалари ёниб кетди... Ҳазрати Имом дарвозасидан Гузари Назаргача, Кофиробод, Ўғлон дарвозаси, Масжиди Калон, Зиндондан Тўқимдўзий ҳаммомигача, минора остидан то Сўзангарон даҳаси, Гул бозор, Латтафурушлар растаси, Регистондан то Пули ошиқоннинг бошигача батамом ёниб кетди. Қарши дарвозаси ҳам ёниб кетди... Шаҳарда 3000га яқин ҳовли ёниб кул бўлди. Бухоро шаҳри қарийб 20 кун ёнганди. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди”. Бухороликлар бу кунларни “кичик қиёмат” деб аташган.
Шаҳарга кирган қизил аскарлар аркдаги амир хазинасини, Бухоро қозикалони, қўшбеги ва бошқа амалдорларнинг бойлигини мусодара қилганлар. аскарлар ва қўшин раҳбарлари катта бойлик орттирганлар. Ҳатто Фрунзе хазинадаги қимматбаҳо бойликларнинг бир қисмини ўзи учун сақлаб қўйган. Туркистон ҳарбий-инқилобий бюро “учлиги”нинг аъзоси А.Машицкийнинг 1920 йил сентябрда В.И.Ленинга ёзган маълумотномасида шаҳар маркази яксон қилинганлиги, Регистон ва арк ёндирилгани, арк ертўлалари ва омборхоналаридаги бойликлар-олтин, кумуш, бриллиантлар талангани, бунда қизил армия бевосита қатнашгани ҳақида хабар берган.
Сентябрь ойининг бошида амирлик хазинаси ва бошқа бойликлар ортилган 2 эшелон юк Самарқанд ва Тошкент орқали Москвага йўл олди. Қарийб 15 сентябргача давом этган Бухоро таловининг гувоҳи бўлган Туркбюро раиси ўринбосари Г.Сафаров қуйидагича ёзган эди: “Бухорога келган қизил қўшинлар энг аввало талончилик билан шуғулландилар. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани таладилар. Умуман қизиллар Бухорони талаш учун келган эдилар”. Бухоро шаҳридан сўнг қизил армия 27 бекликни ҳам бирин-кетин эгаллаб, Бухоро амирлигига барҳам беришди.
1920 йил 14 сентябрда бўлган Халқ Нозирлар Шўроси, Ревком ва Бухоро Компартияси МКнинг умумий йиғилишида 9 кишидан иборат Бутунбухоро Инқилобий Қўмитаси (раиси - Абдулқодир Муҳитдинов) ва республика ҳукумати - 11 кишидан иборат Халқ Нозирлар Шўроси (раиси-Файзулла Хўжаев) тузилди. Мамлакатни бошқариш мақсадида тузилган Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси таркиби қуйидагича эди: раис ва хорижий-ташқи ишлар (нозир-Файзулла Хўжаев), маориф (Қори Йўлдош Пўлатов), дохилия-ички ишлар (Мухтор Саиджонов), молия (Усмонхўжа Пўлатхўжаев), давлат назорати (Нажиб Ҳусаинов), фавқулодда комиссия (Чека раиси-Юсуф Иброҳимов), адлия (Мукаммил Бурҳонов), ҳарбий ишлар (Баҳовуддин Шиҳобуддинов), ер-сув ишлари-деҳқончилик (Абдулқодир Муҳитдинов), савдо ва саноат (Мирзо Муҳитдин Мансуров) нозирликлари. Бу пайтга келиб инқилобчилик таъсирида бўлган Ёш бухороликлар партияси аъзолари Бухоро Компартияси сафига киришга мажбур бўлган эдилар. Ушбу ўринда таъкидлаш жоизки, асосан жадидлардан ташкил топган Бухоро ҳукумати ўша пайтда маълумотли кишилар йиғилган ҳукуматлардан бири ҳисобланган. Бухоро жадидлари ўзларининг ислоҳотчилик ғояларини янги ҳукуматдаги фаолиятлари давомида амалга оширишга ҳаракат қилдилар.
1920 йил 6-8 октябрда амирнинг ёзги саройи-Ситораи Моҳи Хосада чақирилган Бутунбухоро халқ вакилларининг
I қурултойида Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилганлиги тантанали равишда эълон қилинди. Бу давлат тузуми жиҳатидан халқ демократик ҳокимияти эди. Унинг зиммасига қисқа муддат ичида ўрта асрчилик анъаналаридан мерос қолган амирлик Бухоросини демократик давлатга айлантиришдек тарихий вазифани бажариш тушди. Қурултой давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи олий органи бўлган Бухоро инқилобий қўмитаси (Марказий Ревком), Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси-дастлабки ҳукумат таркибини узил-кесил тасдиқлади. Уларнинг ваколат муддати II қурултойгача узайтирилди. 1920 йил октябрь-ноябрь ойларида БХСР билан РСФСР ўртасида муваққат ҳарбий-сиёсий аҳдлашув ва шартнома тузилди. 1921 йил 4 мартда ҳар икки давлат ўртасида иттифоқ шартномаси имзоланди. Ушбу шартномалар мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилаётган ёш Бухоро давлати арбоблари фаолиятини муайян даражада чеклашга олиб келди. Иттифоқ шартномаси мустақил Бухоро давлати ҳудудида совет қўшинлари туришини “қонуний” асослаб бердики, мазкур ҳол БХСР ички ишларига Россиянинг тўғридан-тўғри ҳарбий жиҳатдан қуролли аралашувидан бошқа нарса эмас эди.
Бухоро ҳукумати олдида турган энг асосий вазифалардан бири ер-сув масаласини ҳал қилиш эди. 1920 йил 30 сентябрда Бухоро Марказий Ревкоми «Ер тўғрисида»ги декретни қабул қилди. Декретга мувофиқ, собиқ амир, унинг қариндошлари ва амалдорлари қўлидаги бутун ер-мулк камбағал ва ерсиз деҳқонларга берилиши керак эди. Шунингдек, декретга кўра, «хирож», «амлок» ва бошқа солиқлар бекор қилинди. Архив ҳужжатларида келтирилишича, фақат Эски Бухоро туманлари ва Чоржўй беклигида собиқ амир ва бекларга қарашли 10000 таноб ер мусодара қилиниб, камбағал деҳқонларга тақсимлаб берилди.
Аввал бошида Бухородаги янги тузум ва унинг ижобий чора-тадбирларини аҳоли маъқуллаб кутиб олди. Бироқ янги ҳокимият томонидан мулкдорлар табақасига нисбатан кўрилган қаттиқ чоралар, уларга тегишли бутун мол-мулкнинг мусодара қилиниши, сарой аъёнлари ва амир амалдорларининг ёппасига ҳибсга олиниши ва отиб ташланиши, амир хазинасининг Москвага олиб кетилиши, мажбурий озиқ-овқат развёрсткаси, унинг қаттиққўллик билан амалга оширилиши, ислом дини ва уламоларга нисбатан душманлик сиёсати, республика ҳудудида турган қизил армия таъминотининг аҳоли зиммасига юклатилиши бунинг устига, қизил аскарларнинг босқинчилик ва талончилик фаолияти ҳаққоний равишда халқнинг кучли норозилигига сабаб бўлди. Республикадаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар ҳам кескинлашди. Бухорода амир ҳокимияти ағдариб ташланган дастлабки ҳафталардаёқ мамлакатнинг ғарбий, марказий ва шарқий қисмларида қизил армиянинг босқинчилик сиёсати ва большевиклар зулмига қарши бошланган қуролли қаршилик ҳаракати авж олиб кетди.
Бухоро ҳукумати ичида сиёсий бўлиниш кучайди. Бир тарафдан, Бухоро компартияси ичидаги сўл ва ўнг коммунистларга қарши ғоявий жиҳатдан кураш олиб боришга тўғри келса, иккинчи тарафдан, РСФСР ва унинг фавқулодда органлари бўлган Турккомиссия, Туркбюро, Ўрта Осиё бюроси ёш мустақил давлатнинг босган ҳар бир қадамини сергаклик билан назорат қилиб турар эди. Шундай бўлишига қарамасдан Файзулла Хўжаев, Усмон Хўжа (Усмонхўжа Пўлатхўжаев), Отаулла Хўжаев, Фитрат, Муинжон Аминов, Мухтор Сайиджонов, Саттор Хўжаев, Муҳиддин Мансуров, Абдулқодир Муҳитдинов ва бошқалар ҳукуматда демократик йўл тутиб, мўътадил мавқеда турдилар. Улар БХСРнинг амалда мустақил бўлиши, ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини ёқлаб чиқдилар.
1921 йил 18-23 сентябрда бўлган Бутунбухоро халқ вакилларининг II қурултойида демократик руҳдаги БХСР Конституцияси қабул қилинди. Бухоро тарихидаги дастлабки Конституция фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Конституцияда давлатни идора этиш учун халқнинг барча табақа вакилларининг иштироки таъминланди. Хусусий мулк ва савдо-сотиқ эркинликлари унда ўз ифодасини топди. БХСР Конституцияси барча фуқароларга тенг сиёсий ҳуқуқ берди, миллий тенгсизликни йўқотди.
II қурултойда Бутунбухоро Марказий Ижроия Қўмитаси ташкил қилиниб, унинг раиси қилиб Усмонхўжа Пўлатхўжаев сайланди. 1922 йил августда бўлган III қурултойда бу лавозимни Порсо Хўжаев эгаллади.
БХСРдаги иқтисодий сиёсат ва хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар зиддиятли тарзда кечди. Бухоро инқилобий қўмитасининг 1921 йил 2 февралдаги декрети ҳамма ерларни умумхалқ мулки деб эълон қилди. Вақф ерлари тугатилди, айрим тоифадаги хўжаликларнинг чорва моллари ва мулклари мусодара қилинди. Суғориш тизими издан чиқди. Экин майдонлари қисқариб чорва молларининг сони камайиб кетди. Шу билан бир вақтда кўплаб ижобий ишлар ҳам амалга оширилди. 1921 йил кузида ерни тортиб олиш бекор қилинди. БХСР МИКнинг умумий авф тўғрисидаги 1922 йил 25 май декрети вақфларни тугатишни тўхтатиш, қозихоналар ишини, шариат кўрсатмаларини тиклаш ва бошқаларни эълон қилди. Ўша йилнинг ноябр ойида янги иқтисодий сиёсат (НЭП)га ўтиш эълон қилинди. Бухоро давлат банки тузилиб, «пул ислоҳоти» амалга оширилди. Деҳқонларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди. Бу қишлоқ хўжалигини барқарор ривожланишига олиб келди. 1923 йили суғориладиган ерлар майдони 1913 йилдаги даражага яқинлашиб қолди. Темир йўл тикланиб, завод ва фабрикалар қайтадан ишга тушди. Бу пайтга келиб Бухоро Республикасида 19 та корхона, 500 дан ортиқ бозор ишлаб турди. Хусусий сармоя 12000 савдогарлар маблағидан иборат бўлди.
1923 йил март ойида Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикалари иқтисодий жиҳатдан бирлаштирилди ва уни бошқариш учун Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (Средаз ЭКОСО) тузилди. БХСР ҳукумати раиси Файзулла Хўжаев Ўрта Осиёнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашуви тўғрисидаги фикрни бошида қўллаб-қувватламади. Чунки у иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, ҳатто минтақа халқ хўжалиги истиқболлари тўғрисида қарор қабул қилишгача бўлган барча ишлар марказ қўлига ўтаётганлигини англаб, бу сиёсатнинг машъум оқибатларини мушоҳада қила олган эди. Бухоро ҳудудида жойлашган совет Россияси қўшинлари Бухоро давлатининг озиқ-овқати ва ем-ҳашаги билан таъминланар эди. Ҳукумат бошлиғи Ф.Хўжаев совет қўшинлари сонини 15000 кишигача қисқартириш тўғрисидаги масалани Москва олдига бир неча марта қўйди.
Бироқ БХСРдаги демократик жараёнларга мамлакат ташқарисидан тазйиқ тобора кучайиб борди. 1923 йил 3 июнда Бухорога СССР Қуролли кучларининг Бош қўмондони С.С.Каменев, Туркфронт Инқилобий ҳарбий кенгаши раиси А.И.Корк, РКП (б) МК Ўрта Осиё бюроси аъзоси Михайлов ва бошқалар келишди. Улар Бухоро ҳукумати фаолиятидан қониқмаётганликларини очиқ айтиб, социалистик ўзгаришларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлашди. Орадан кўп ўтмай12 июнда РКП (б) МК Сиёсий бюроси махсус қарор қабул қилиб, Бухоро ҳукуматини советлаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди. Совет ҳукумати ўз буйруқларини тез ва қаршиликсиз амалга ошириш учун РКП (Б) МК котиби Я.Э.Рудзутакни Бухорога жўнатди. 23 июнда БКП МК ёпиқ пленумида Рудзутак иштирок қилиб, Бухоро ҳукумати раҳбарлари ва маҳаллий коммунистлар олдига қатъий талабларни қўйди. Файзулла Хўжаевнинг энг яқин сафдошлари бўлган собиқ Ёш бухоролик жадидлар Отаулла Хўжаев (ташқи ишлар нозири), Фитрат (маориф нозири), Саттор Хўжаев (молия нозири), Муинжон Аминов (Бухоро ЭКОСО раиси) лавозимларидан четлаштирилиб, Бухоро давлати ҳудудидан чиқариб юборилди. Қори Йўлдош Пўлатов, Абдурахим Юсуфзода, Музаҳар Махсум Бурҳонов, Ҳожи Ҳамро Йўлдошев ҳам маъсул лавозимлардан олиб ташланди. Бухоро ҳукумати Москва ва Тошкентнинг “коммунистча сабоғи”ни олган “тажрибали совет ходимлари” билан тўлдирилди.
Бухоро ҳукуматида Туркистондан юборилган эмиссарларнинг таъсири тобора кучайиб борди. Коммунистик унсурлар бу билан чекланиб қолмасдан 14 августда бўлган Бухоро МИК фавқулодда сессиясида Конституция матнига ўзгартириш киритишга ҳам муваффақ бўлдилар. 1923 йил 11-17 октябрда бўлган Бутунбухоро халқ вакилларининг IV қурултойи Конституцияни ўзгартириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Унга биноан барча савдогар, мулкдор ва собиқ амалдорлар сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аммо ишчи ва косибларнинг сайлов ҳуқуқи кенгайтирилди. Шунингдек, қурултой жамиятда ижтимоий беқарорликни кучайтирадиган “Совет курилиши тўғрисида” номли махсус қарор қабул қилди. Жамият тобора сиёсийлашиб борди. Бухорода ўтказилаётган демократик ислоҳотларнинг тақдири хавф остида қолди. Марказнинг талаби билан мамлакатда сунъий равишда социалистик қайта қуришларни амалга оширишга киришилди. Республикадаги бу кескин вазият қуролли мухолифат ҳаракатининг кучайишида ҳам ўз ифодасини топди.
Шундай қилиб, 1923 йил ёзида мустабид совет тузуми Бухорода ўзига хос давлат тўнтаришини амалга оширди. Миллий қўшин ва миллий валюта большевиклар томонидан тугатилди. Бу ҳолат Бухоро мустақиллигига катта хавф туғдирди. Бироқ Хоразм республикасидан фарқли равишда, фақат 1924 йил кузидан бошлаб Бухорода социалистик тараққиёт томон йўналиш бошланди.
1924 йил 18-20 сентябрда бўлиб ўтган Бутунбухоро халқ вакилларининг V қурултойида БХСРнинг номи ўзгартирилиб, у Бухоро Совет Социалистик Республикаси (БССР)га айлантирилди. БССРнинг тузилиши юқоридан туриб сунъий тарзда амалга оширилган ходиса эди. Натижада тараққиётнинг демократик йўли инкор қилиниб, социалистик йўналиши танланди. Марказдаги большевик раҳбарларининг Бухоро ва Хоразм республикаларини социалистик республикаларга айлантиришдан кўзда тутган асосий мақсади маҳаллий халқларни тезроқ советлаштириш,халқ онгига коммунизм мафкурасини мажбуран сингдириш эди. 1924 йил ноябр ойи охирида худди Хоразм ССР сингари Бухоро ССР ҳам тугатилиб, унинг ҳудуди 1925 йил февралда ташкил этилган Ўзбекистон ССР (1929 йилгача таркибида Тожикистон АССР ҳам бўлган) ва Туркманистон ССРга киритилди.
Хулоса қилиб айтганда, БХСР ва ХХСРнинг демократик ислоҳотлар томон босиб ўтган йўли ўша давр учун ҳам, бугунги кун нуқтаи назаридан олиб қаралганда ҳам машаққатли бўлди. Бухоро ва Хоразм республикалари атиги 4-5 йил ичида дунёвий ислоҳотлар жорий қилинаётган демократик давлатга айлана бошлаган эди. Лекин, бу жараёнлар мустабид совет тузуми томонидан сунъий равишда тўхтатиб қўйилди ва нисбатан мустақил бўлган бу давлатларнинг мавжудлигига ҳам барҳам берилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |