Буддавийлик ва христиан дини тарихи ва фалсафаси.
Режа
1.Буддавийлик дини тарихи,таълимоти, манбалари ва фалсафаси.
2.Христианлик дини пайдо бўлиши,таълимоти, манбалари ва фалсафаси.
Таянч тушунчалар
Буддавийлик, “ҳақиқат нажоткори,” “тўрт олий ҳақиқат”, “нажотнинг олижаноб саккизлик йўли”, нирвана, бодисатво, Гаутама Шакъя Муни, архат, панча шила, Хинаяна, Махаяна, Ламаизм, “халоскор,” муқаддас учлик (троица), ота худо, ўғил худо, муқаддас руҳ худо, “Библия”, “Янги Аҳд”, Евангелия, Вифлеем, Католицизм, Православие, Протестантизм, Христианлик маросим ва байрамлари.
1-савол баёни: Буддавийлик дунёда биринчи пайдо бўлган жаҳон динидир. Буддавийлик мил. ав. VI – V асрларда Ҳиндистонда вужудга келиб, бу динга эътиқод қилувчилар, асосан, Жанубий, Жануби-Шарқий ва Шарқий Осиё мамлакатлари: Шри Ланка, Ҳиндистон, Непал, Бутан, Хитой, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Монголия, Корея, Вьетнам, Япония, Комбоджа, Бирма, Таиланд, Лаосда ва қисман Европа ва Америка қитъаларида, Россия Федерациясининг Тува, Бурятия, Калмикия республикаларида истиқомат қиладилар. Ҳозирги кунда эътиқод қилувчилар сони жиҳатидан жаҳон динлари ичида буддавийлик христианлик ва ислом динидан кейинги ўринни эгаллайди. Буддавийликка эътиқод қилувчиларнинг сони тахминан 700 млн. атрофида бўлиб, улардан 1миллионга яқинини роҳиблар ташкил этади.
Буддавийлик бундан салкам 2600 йил аввал шимоли-шарқий Ҳиндистонда диний-фалсафий таълимот сифатида вужудга келиб, унда кўплаб диний манбалар ва диний йўналишлар вужудга келган. 1956 йилда буддавийликнинг 2500 йиллиги нишонланган. Буддавийлик турли миллий ва диний анъаналар билан келишувчанлиги сабабли кўп миллатлар томонидан кенг қабул қилиниб, у ҳаётнинг барча соҳаларига, диний, маданий, сиёсий ва иқтисодий ҳаёт соҳаларига кириб борди. Буддавийликни дин ва фалсафа, мафкура ва маданият қоидалари тўплами деб ҳисоблаш мумкин. Бугунги кунда буддавийлик динига эътиқод қилиб келаётган Шарқ мамлакатларидаги ушбу диний таълимотни ўрганиш у ердаги сиёсий-иқтисодий, маънавий маданиятни тушунишнинг асосий омилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Буддавийлик бу мамлакатларда турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналар ҳамда оилавий муносабатларга ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.
Буддавийлик таълимотининг асосчиси ҳинд шаҳзодаси Сиддхартха Гаутама бўлиб, у вафот этганидан сўнг Будда, яъни “нурланган”, “олий ҳақиқатга эришган”, “ҳақиқат нажоткори” деб номланган. Буддавийлик адабиётларида буддавийлик динининг асосчиси Сиддхартха Гаутама (Готама), Шакямуни, Будда, Тадхагата, Джина, Бхагаван каби исмлар билан номланган. Бу исмлардан ҳар бири ўзининг маъносига эга бўлиб, Сиддхартха – шахсий исм, Гаутама – уруғ номи, Шакямуни – «Шакя қабиласидан чиққан донишманд», Будда – «нурланган», Тадхагата – «шундай қилиб, шундай кетган», Джина – «ғолиб», Бхагаван – «тантана қилувчи», деган маъноларни билдиради. Улар ичида энг машҳури «Будда» бўлиб, шундан ушбу динга буддавийлик деган ном берилган.
Буддавийлик бу нажот дини бўлиб, Сиддхартха Гаутама яшаган даврда Ҳиндистонда кастачилик тартиби ниҳоятда кучли эди. Жамиятда содир бўлаётган ўзгаришлар табақалар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига сабаб бўлган. Ана шундай шароитда жамият ҳаётида буддавийлик дини пайдо бўлиб, у ўзининг нажот ҳақидаги таълимотини илгари сурган. Сиддхартха Гаутама ва унинг шогирдлари янги диннинг таълимоти мазмунини ҳаммага тушунарли қилиб баён этганлар. Буддавийлик Брахманизмдан ажралиб чиқиб, ўзининг диний нажот йўлини таклиф қилган. Будданинг таълим беришича, ҳар қандай борлиқ, барча кўриниш ва шакллардаги ҳар қандай борлиқ, барча кўриниш ва шакллардаги ҳар қандай ҳаёт – барча мавжудотга азоб берувчи ёмонликдир. Ёмонлик ва азоб уқубатларнинг сабаби – инсоннинг ва барча тирик мавжудотларнинг бу дунёга – қайта туғилиш дунёси (сансара)га боғланганлиги, кўнгил қўйганлигидир. Ҳар қандай инсоний туйғу, ҳиссиёт, эҳтирос ва истак азоб уқубатни чуқурлаштиради, янада даҳшатлироқ тарзда қайта туғилишга олиб келади. “Борлиқ гирдоби”дан чиқиб олиш учун ғафлатдан уйғониш, дунё моҳиятини англаш, ҳаётга чанқоқликдан, турмуш кўнгилхушликларига, лаззатларига, ҳокимиятга, бойликка интилишдан воз кечиш лозим, ердаги барча ҳодисаларнинг беқарор ва ўткинчи эканлигини фаҳмламоқ даркор. Фақат шундагина “нажот топиш йўлига” кириш мумкин. Нажотнинг ўзи эса сансарадан нирванага, йўқликка ўтишдан иборат. Илк Буддавийликда бундай нажотга фақат зоҳид ёки монахгина умид қилиши мумкин эди. Оддий одамлар эса, фақат яхшироқ бўлиб қайта туғилишни умид қилиши, бунинг учун эса у монахларга мўл-кўл хайр-садақа бериши ҳамда 5 та ахлоқий талаб (панча-шила)га амал қилиши керак эди. Буддавийлик қадимий ҳинд динидан қайта туғилиш занжири ғоясини ўзлаштириб олган. Бир қайта туғилишдан иккинчи қайта туғилишга ўтиш йўли инсонни азоб-уқубатга маҳкум қилади, фақат нирванага эришгандан сўнггина инсон ундан қутилади. Инсон воситачисиз, ўз кучи билан, саҳоватли ҳаёти билан донишмандликнинг тўрт босқичини ўтиб (архат бўлиб) қайта туғилиш занжирини узиб ташлайди ва нирванага қараб кетади. Буддавийлар таълимотининг асосий мазмуни – барча жонли нарсаларга (фалсафада - сантана) муҳаббат билан қарашни тарғиб қилиш ва ақл фамонига қатъий бўйсунишдир.Билимлар художўйликка хизмат қилиш учун зарур бўлиб, улар азоб-уқубатдан қутилишга ёрдам беради. Буддавийлик дини ўзига эътиқод қилувчи диндорлардан оғир қурбонликлар қилишни, мураккаб маросимларни бажаришни талаб этмаганлиги учун ҳам қулай эди.
Буддавийлик динининг асосчиси Сиддхартха Гаутама Шакя қабиласининг подшоҳларидан бири Шуддходананинг ўғли эди. Подшоҳ Шуддходана ўғлини орзу-ҳаваслар билан тарбиялайди, унга ҳаётнинг ижобий, яхши томонларини кўрсатиб, жамият ҳаётининг салбий томонларини кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Ҳеч бир қийинчилик ва камчилик кўрмай ўсган бола Сиддхартха бир куни иттифоқо бир кекса чол, бир бемор ҳамда оғир машаққат тортаётган роҳибни учратади, бир кишининг эса вафотига гувоҳ бўлади. Бу ҳодисалар Сиддхартханинг дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборади. У ер юзида яшовчи жонзотларнинг муқаррар азоб чекишини билиб олади. Энди унинг хаёлини ҳаётнинг моҳияти, мазмуни, машаққатлари ҳақидаги фикрлар эгаллаб, у бу ҳаёт беҳуда деган хулосага келади ва бир куни ҳеч кимга билдирмай саройни ташлаб кетади. Сиддхартха Гаутама бу дунё лаззатларидан воз кечиб, ўзининг таркидунёчилик ҳаётини бошлайди. У одамларни ҳаёт азоб-уқубатларидан қутқариш йўлларини излаб, 7 йил давомида мавжуд муқаддас китобларни ўрганади. Сиддхартха Гаутама ўқиган муқаддас китоблари асосида мушоҳада юритиб, ниҳоят нажот йўлини топади ва бу йўлни “ҳаёт ҳақиқати” деб атайди. Саройни ташлаб кетган вақтда Сиддхартха Гаутама 29 ёшда бўлади. У бешта роҳиб билан шаҳар ҳамда қишлоқларни кезиб “ҳаёт ҳақиқати” йўлининг моҳиятини тарғиб этиш билан шуғулланади. Сиддхартха Гаутама ўз таълимотининг асосий қоидаларини “Тўрт олий ҳақиқат” деган ном билан баён этади. У Ҳиндистонда биринчи монахлик жамоасини ташкил этади. Бу жамоа янги дин буддавийлик таълимотини тарғиб этишда жуда катта роль ўйнайди.
Сиддхартха ўз таълимотини яратиш жараёнида аввал роҳиблар билан тарғибот олиб боришга ҳаракат қилади. Кейинчалик бу йўл уни ўз олдига қўйган асосий мақсад, яъни инсониятни азоб-уқубатдан қутқариш сари олиб бормаслигини билиб, у роҳиблар жамоасидан ажралади. Сиддхартха Гаутама бирмунча вақт чангалзор ўрмонларда кезиб юради, ҳориб чарчаганидан сўнг бир дарахтнинг тагида дам олиш учун ўтиради. Сиддхартха Гаутама то ҳақиқатни топмагунича бу ердан турмасликка қарор қилади. Сиддхартха Гаутаманинг ушбу ўтириши 49 кунида унинг қалбидан «Сен ҳақиқатни топдинг» деган садо келади ва унинг кўз олдида бутун борлиқ намоён бўлади. У ҳамма жойда шошилиш, қаёққадир интилишни кўради, ҳеч бир жойда осудалик йўқ эди. Ҳаёт ниҳоясиз узоқликни кўзлаб ўтиб кетаверади ва содир бўлаётган воқеаларни инсон ақли идрок қила олмайди. Тришна – яшаш, мавжуд бўлиш умиди барчанинг тинчини бузиб, ҳалок қилади ва яна қайта яратади. Олий ҳақиқатни билган Будда нимага қарши курашиш кераклигини англайди. Мана шу вақтдан бошлаб у Будда – яъни нурланган деб, у тагида ўтирган дарахт эса – нурланган дарахт (ботха) деб атала бошланади. Будда 40 йил мобайнида Ҳиндистоннинг турли жойларида бўлиб, одамларга ўз ғояларини етказади, сингдиради ва 80 ёшида Куштнагара деган жойда дунёдан ўтади. Унинг жасади, ҳинд удумига кўра, куйдирилиб, хоки 8 та буддавий жамоаларига бўлиб юборилади ва ҳар бир жамоа уни дафн этган жойида ибодатхона (ступа) барпо этади. Буддавийлик таълимотида Будданинг кўп йиллар давомида ер юзидаги турли мавжудотлар қиёфасида 550 марта қайта туғилиши эътироф этилади. Бу қайта туғилишлар давомида Будда 84 марта руҳоний, 58 марта шоҳ, 24 марта роҳиб, 13 марта савдогар, 18 марта маймун, 12 марта товуқ, 8 марта ғоз, 6 марта фил, бундан ташқари балиқ, қурбақа, каламуш, қуён қиёфаларида қайта туғилган деб ҳисобланади. Шу билан биргаликда диний таълимотда Будда кейинги қайта туғилишини қаерда, қандай қиёфада бўлишини ўзи белгилаганлиги айтиб ўтилади. Буддавийлик таълимотида сўнгги марта Буддани худолар инсониятни тўғри йўлга бошлаши учун инсон қиёфасида яратганликлари кўрсатилади. Буддавийликка тегишли афсоналарга кўра, ер юзида Гаутамагача 6 та будда ўтган бўлиб, шунинг учун буддавийлик тарқалган ҳудудлардаги муқаддас жойларда 7 та ибодатхона барпо этилгани, 7 та Бодха дарахти ўтказилгани айтилади.
Буддавийлик таълимоти қадимий ҳинд диний-фалсафий таълимотлари асосида вужудга келган бўлиб, у ўзига хос назариёт ва амалиётдан иборат бўлган диний тизимни ташкил этади. Будда янги диний қонун-қоидалар, расм-русумларни ишлаб чиқмайди, балки ҳар бир инсон туғилиш ва ўлим машаққатларидан қутулиши учун амал қилиши лозим бўлган бир неча кўрсатмаларни ишлаб чиқади. Унинг таълимоти инсоннинг хаёлида, ишларида ва ўзини тутишида самимий олийжаноблик ғоясини илгари суради. У ведалардаги гуноҳсизлик таълимотини инкор қилди, ҳайвонларни ваҳшиёна қурбон қилишни қоралади, варна (каста) тизимини ва ундаги руҳонийларнинг бошқалардан устунлигини инкор қилди. Будда «Яратувчи олий куч»нинг борлигига шубҳа ва ишончсизлик билдирган. Унинг фикрича, энг муҳими инсоннинг шахсий камолоти ва эзгу турмуш тарзидир.
Будда таълимотининг асосида «ҳаёт – бу азоб-уқубат» ва «нажот йўли мавжуд» деган ғоялар ётади. Буддавийлик таълимотига кўра, инсон ўзига хос мавжудот бўлиб, туғилади, ўзини-ўзи ҳалок қилади ёки қутқаради. Бу ғоялар Будданинг илк даъватида таъбирланган тўрт ҳақиқатда ўз ифодасини топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |