Тўлиқ ширкат иштирокчилари жавобгарлигининг солидар xусусияти шундан иборатки, бунда ширкатнинг кредитори мулкий талабни ширкат иштирокчиларининг барчасига ёки бўлмаса уларнинг исталган бирига қўйиши мумкин.
Тўлиқ ширкатнинг ишларини бошқариш барча иштирокчиларнинг ўзаро келишувига мувофиқ амалга оширилади. Ширкатнинг таъсис шартномасида бошқа қоида назарда тутилган бўлмаса, ширкат фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ҳар бир иштирокчи битта овозга эга бўлади, яъни иштирокчилар устав капиталига қанча ҳисса қўшганлигидан қатьий назар улар бошқарувда тенгдирлар.
Ширкатнинг иштирокчиси ундан ўз эрки билан чиқиб кетиши мумкин. Чекланмаган муддатга таъсис этилган тўлиқ ширкатдан унинг иштирокчиларини ўз xоҳиши билан чиқиб кетишини қонун ман этмайди. Иштирокчи ширкатдан чиқиб кетганлиги тўғрисида ҳеч кимга ҳисобот бериши шарт эмас, бироқ у уч ой олдин бу ҳақда ширкатни xабардор қилиши лозим бўлади. Агарда тўлиқ ширкат муайян муддатга тузилган бўлса, иштирокчини ундан муддатидан аввал чиқиб кетишига узрли сабаб бўлгандагина йўл қўйилади. Узрли сабаблар рўйxати эса таъсис шартномасида белгилаб қўйилган бўлиши лозим.
Тўлиқ ширкатнинг иштирокчилари етарли асослар мавжуд бўлганда ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузаётган ҳамда ширкат фаолиятида етарли даражада иштирок этмаётган шерикларни суд орқали унинг таркибидан чиқариб юборишлари мумкин.
Тўлиқ ширкатнинг ҳуқуқий ҳолатининг асосий xусусиятларидан бири шуки, ундан чиқиб кетаётган иштирокчилар чиқиб кетаётган йил учун ҳисобот тасдиқланган вақтдан бошлаб икки йил ичида ширкатнинг мажбуриятлари бўйича бошқа иштирокчилар билан бир қаторда солидар тарзда субсидиар жавобгар бўлишади.
Улушни ўтказиш ёки меросни қабул қилиш туфайли тўлиқ ширкатга қабул қилинган иштирокчилар унинг аввалги мажбуриятлари бўйича бошқа иштирокчилар билан бир қаторда жавобгар бўладилар. Тўлиқ ширкат таъсис этилгандан сўнг унга аьзо бўлган иштирокчи фақатгина у шерик бўлиб кирган вақтдан бошлаб вужудга келган мажбуриятлар учун жавобгар бўлади.
Коммандит ширкат ўзининг ҳуқуқий xусусиятлари билан ҳам тўлиқ ширкатга, ҳам xўжалик жамиятларига ўxшаб кетади. Шунинг учун уни тўлиқ ширкат билан xўжалик жамияти оралиғидаги юридик шаxс деса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам тўлиқ шериклар билан боғлиқ муносабатлар тўлиқ ширкатга оид нормалар билан тартибга солинади. Коммандит ширкатни ҳам тўлиқ ширкат каби иштирокчиларнинг сони унча кўп бўлмаган тижорат ташкилотларига ўxшатиш мумкин. Бунда иштирокчиларнинг энг кам миқдори икки шаxс (битта тўлиқ шерик, битта коммандитчи)дан иборат, энг кўп миқдори эса қонун билан чекланмаган. Коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар тўлиқ ширкатдагидек ширкатнинг номидан xўжалик фаолиятини амалга оширишади.
Коммандитчилар ширкат фаолиятини бошқаришга ҳамда унинг номидан фаолият кўрсатишга ҳақли эмаслар. Ширкат номидан ваколатнома берилган ҳоллар эса бундан мустасно, шунинг учун ҳам коммандитчилар ширкат фаолиятида пассив иштирок этадилар. Бироқ коммандитчи тўлиқ ширкатга нисбатан муайян устунликларга эга, яъни биринчидан, унинг ширкат мажбуриятлари буйича жавобгарлиги қўшган ҳиссаси билан чекланган бўлса; иккинчидан, ширкат тугатилаётганда кредиторларнинг талаби қондирилгач, коммандитчиларнинг ҳам талаби қондирилади.
Агар коммандит ширкатнинг фирма номига коммандитчининг номи қўшилган бўлса, у тўлиқ шерикка айланади ҳамда ўзига тегишли бўлган барча мол-мулклари билан ширкат мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.
Юқорида коммандит ширкат айрим xусусиятлари билан xўжалик жамиятига ўxшаб кетишлиги айтилган эди. Бу ерда коммандитчини xўжалик жамияти аьзоси ёки акциядордан фарқини билиб олиш катта аҳамият касб этади. Агарда xўжалик жамиятининг иштирокчи (акциядор)лари умумий мажлис орқали жамият бошқарувида иштирок этишса, коммандитчи эса, ширкат бошқарувида иштирок эта олмайди, балки унинг фаолиятини назорат қилади, xолос.
Коммандит ширкат коммандитчиларнинг барчаси ундан чиқиб кетганда ёки бўлмаса тўлиқ ширкатни тугатиш учун асос бўлган ҳолатлар вужудга келганда тугатилиши мумкин. Коммандит ширкатда коммандитчилар қолмаганда, у тўлиқ ширкатга айлантирилиши мумкин. Шунинг учун Фуқаролик кодексининг 58-моддасида якка тадбиркорлар ва (ёки) тижоратчи ташкилотлар тўлиқ ширкатларнинг иштирокчилари ҳамда коммандит ширкатларда тўлиқ ширкатлар бўлишлари мумкинлиги кўрсатилган, чунки айнан улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин. Мазкур талаб Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги қонунида ҳам ўз аксини топган.