6.2. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олишга ҳақли бўлган шахслар қарамоғида бўлиш
Боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлашда ушбу пенсия
турини олишга ҳақли бўлган шахслар доирасининг тўғри белгиланиши муҳим аҳамиятга эга, чунки унинг нотўғри белгиланиши фуқароларнинг асоссиз равишда пенсия олишларига ёки бўлмаса пенсия олишга ҳақли бўлган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларининг ғайриқонуний тарзда чеклаб қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига кириш учун қуйидаги талаблар қўйилади:
а) Меҳнатга яроқсизлик ёки меҳнатга яроқли бўлса-да, марҳумнинг 3
ёшга етмаган фарзандлари парвариши билан банд бўлишлик;
б) Мархум боқувчи билан қариндошлик алоқасида бўлишлик;
в) Марҳум боқувчи қарамоғида бўлганлик;
г) Марҳум боқувчи билан бир оила аъзоси бўлиб яшаганлик.
Меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари тушунчаси ва меҳнатга
қобилиятсиз оила аъзолари таркибига кирувчи шахслар "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуннинг 3-қисмида белгиланган бўлиб, уларнинг жумласига қуйидагилар киради:
а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган
бўлсалар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;
б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр; башарти, улар 7-моддада
назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;
в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки
эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган
боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари, ёки набираларини,
ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш
ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва
ишламаса;
г) бува ва буви - агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган
кишилар бўлмаса;
ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганланрида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.
ўгай ўғил ёки ўгай қиз, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.
ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи вафот этган шахслар билан бир қаторда белгиланган тартибда бедарак кетган ёки ўлган деб эълон қилинган шахсларнинг1 оила аъзоларида ҳам пайдо бўлади.
Марҳум боқувчи билан қариндошлик алоқалари Ўзбекистон Республикаси «Оила кодекси» қоидалари билан белгиланади2.
Жумладан, ушбу кодекснинг 57-моддасига мувофиқ:
Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.
Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-укаси ва опа-сингили ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.
Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.
Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг
ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади.
хисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса авлодлар томон улардан бошқасига қараб олиб борилади.
Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи қариндошликнинг учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса тўртинчи даражасида турадилар.
«Оила кодексининг» 58-моддасига кўра эса: ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкин. Ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади. Ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланади. Эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмайди.
Эр (хотин) ва унинг яқин қариндошлари билан хотин (эр) қариндошларининг бир-бирига нисбатан муносабатлари (қайинбўйинчилик ва қуда-андачилик) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Боланинг насл-насабини белгилаш асослари «Оила кодекси»нинг 60-моддасида белгилаб қўйилган ва боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолларда эса, бошқа далилларга асосан белгиланади.
Аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.
Агар никоҳ тугаганидан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида имзолашиш ҳуқуқига эга эканликлари белгиланган.
Ота-она расмий қайд этилмаган никоҳ муносабатларида (фуқаролик никоҳида) бўлганлари ҳолда туғилган фарзандларнинг насл-насаби (онаси ҳам, отаси ҳам, эр-хотиннинг ихтиёрий тарзда биргаликда берган аризасига кўра, бундай ариза мавжуд бўлмаган ва оталикни ихтиёрий тан олишдан бўйин товланаётган ҳолларда оталик белгиланган тартибда суд йўли билан аниқланиши мумкин3.
Марҳум боқувчи фуқаронинг қарамоғида бўлганлик тушунчаси таърифи «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасида баён этиб берилган.
Ушбу моддада кўрсатилишича, қонунда назарда тутиб қўйилган оила аъзолари юқоридаги қонуннинг 19-моддаси) агар улар марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсалар, бу ёрдам улар учун
доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳумнинг қарамоғида турган деб ҳисобланадилар.
Марҳумнинг бирон турдаги пенсия олаётган оила аъзолари, агар марҳумнинг ёрдами улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланишини сўраб мурожаат қилаётган ва ҳеч қандай даромадга эга бўлмаган оила аъзоларини (ёш болалар, пенсия олмайдиган ногиронлар ва бошқалар) марҳум боқувчи шахс қарамоғида бўлиб келганлиги фактини аниқлаш ҳоллари қийинчилик туғдирмайди ва осонликча ҳал этилиши мумкин.
Бироқ марҳум боқувчи ҳаётлик пайтида бир оила бўлиб яшаган, умумий даромадга эга бўлган бўлса-да, аммо мустақил иш ҳақи (пенсия, НАФАҚА) ёки бошқа даромадга эга бўлган шахсларнинг марҳум қарамоғида бўлиб келганлигини аниқлаш муайян мураккабликлар туғдиради.
Бунда марҳумнинг иш ҳақи, стипендия ёки пенсия олувчи оила аъзолари унинг қарамоғида турган-турмаганлиги масаласини ҳал қилишда кўрсатиладиган моддий ёрдам доимий характерга ва бошқа даромадларга қараганда қандай ҳажмда эканлигини аниқлаш лозим бўлади.
Оила аъзосининг иш ҳақи, стипендия ёки пенсия олиши уни оиланинг қарамоғида деб тан олишга монелик қилмаслиги керак, бунинг учун санаб ўтилган оила аъзоларининг даромади эмас вафот этган шахснинг ёрдами яшаш учун асосий ва доимий маблағ манбаи бўлиши керак.
Болалар ота-оналарининг иш ҳақлари миқдори қанча бўлишидан қатъи назар ҳар иккаласининг қарамоғида деб ҳисобланадилар. Уй хўжаликлари билан шуғулланувчи ишламайдиган оналарнинг болалари унинг қарамоғида деб тан олинади. Ота ўлгандан кейин туғилган ёки туғиш пайтида онаси ўлган бола қарамоқда деб ҳисобланади.
Марҳум боқувчининг қарамоғида бўлганлик масаласида низо келиб чиққани тақдирда ушбу масала қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд йўли билан кўриб, ҳал этилади4.
Do'stlaringiz bilan baham: |