Бошланғич таълим факултети
20.32 гурҳў талабаси
Аминов Аминжоннинг
Жисмоний тарбия ва спорт фанидан
МУСТАҚИЛ ИШИ
Режа:
Нафас машқлари нима?
Нафас гимнастикаси қандай ҳолатларда тавсия қилинади?
Реабилитация даврида прон-позиция.
1. Коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмониядан сўнг нафас машқлари беморнинг самарали тикланишига ёрдам беради. Фтизиатр Надежда Шкловец касаллик пайтида ва ундан кейин нафас машқларини қандай бажариш кераклиги ҳақида гапириб берди. Коронавирусдан тузалгандан кейин, нафас машқлари билан шуғулланиш нега муҳим? Ким ушбу машқларни қилмаслиги лозим? Кун тартиби ва овқатланишни қандай тўғри режалаштириш керак? Шифокор-фтизиатр ва «Легче легкого» Telegram канали муаллифи Надежда Шкловец нафас машқлари ва тикланиш жараёни бўйича ўз маслаҳатлари билан бўлишди.
— Нафас машқлари нима? Унинг қандай фойдаси бор?
— Нафас машқлари- бу ўпканинг турли бўлимларининг фаол ишлаши ва зарур бўлганда ўпкадан суюқлик чиқишини яхшилаш, нафас мушакларини машқ қилдиришга мўлжалланган турли хил машқлар мажмуаси.
Нафас гимнастикаси барча ҳолатларда қўлланиладиган ягона машқлар тўплами эмас. Касалликдан келиб чиқиб машқлар, уларнинг тезлиги ва техникаси ўзгариши мумкин. Ушбу турдаги вирус туфайли келиб чиққан коронавирус инфекцияси инсон учун янги ҳодисадир. У билан боғлиқ барча саволларга ҳали ҳам аниқ жавоб топилмади. Энг муҳимларидан бири эса — касаллангандан кейин ўпка қай даражада қайта тиклана олиши. Фиброз ўзгаришларнинг ривожланаётгани тўғрисида биз бемор тузалгандан кейин камида бир йилдан сўнг бирор нима дейишимиз мумкин. Чунки у пайтгача сўрилиш эҳтимоли бор. Янги фиброзни аста-секинлик билан кетадиган яллиғланишдан кейинги ўзгаришлардан ажратиш рентгенда ва ҳатто МСКТда кўриш имконсиз, лекин айнан фаол резорбция (сўрилиш) биринчи 3−6 ой ичида кузатилади. Шу пайтда организмга ёрдам бериш учун ҳаракат қилиш керак. Фиброзга қарши (чандиқ тўқималарининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи) дорилар қанчалик фаол ишлаши устида ҳали изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда мавжуд «сўрилувчи» дориларнинг натижаворлиги баъзи шубҳаларни уйғотади. Албатта, кўпчилик жароҳатлар ва куйишдан кейин қандай чандиқлар қолишини кўрган. Бу каби вазиятларда, масалан қўл ҳаракатчанлигини сақлаб қолишнинг энг яхши имконияти — бу оғриқли ва ёқимсиз бўлса ҳам, мунтазам машқлар бажаришдир. Кўп миқдорда қабул қилинган таблетка ва инъекция кўришинишидаги дорилар чандиқларни юмшоқроқ ва эластикроқ қилишга қодир эмас, фақат изланиш керак, ишлаш керак. Ўпка касалликларида ҳам шундай, машқ қилмасдан, фақат дори-дармонларга таянилса, бундан ҳеч қандай самара бўлмайди.
2. Нафас гимнастикаси
— Нафас гимнастикаси қандай ҳолатларда тавсия қилинади?
— Нафас гимнастикаси бронх-ўпка тизимининг барча касалликларида тавсия қилинади, фақатгина машқлар мажмуаси, интенсивлиги ва давомийлик ўзгаради. Шунингдек, нафас машқлари одам кўп вақтини тўшакда даволаниб ўтказадиган барча касалликларда ишлатилиши керак. У миястения (мушакларнинг кучсизлиги), доимо ётоқда бўлиш сабабли мушак кучининг камайиши билан оғриган барча беморлар учун мажбурийдир.
— Қандай ҳолларда нафас машқини бажариш мумкин эмас?
— Гимнастика 38 даражадан юқори безгакнинг ўткир ҳолатида, юқори қон босимида, юқори юрак уришида ўтказилмайди.
— Нима учун нафас машқи коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бўлган пневмониядан оғриб тузалган ёки оғриган беморга керак?
— Ўпка коронавирусдан зарарланганда, интерстициал тўқиманинг яллиғланиши ва шиш туфайли зичланган жойлари пайдо бўлади. Интерстиций — бу ўпканинг «қурилмаси» бўлиб, айнан шу жойда қон ва лимфа томирлари ўтади. Шиш ва яллиғланиш пайдо бўлганда, нормал газ алмашинуви бузилади, кислороднинг ҳаводан қонга кириши қийинлашади. Касалликнинг ўткир даврида беморнинг тўғри ҳолатни қабул қилиши ва нафас олиши шикастланган жойлардан суюқликнинг тез сўрилишига ёрдам беради. Кейинчалик, у фиброз (чандиқли) тўқима ҳосил бўлишини камайтиради.
— Касалликнинг қайси босқичида машқларни бошлаш керак? Улар қандай машқлар?
— Машқлар фаол касаллик даврининг илк босқичларда бошланади. Ҳатто ўпка сунъий вентиляцияси беморлари учун ҳам махсус мажмуалар мавжуд. Булар фаол (беморнинг ўзи томонидан амалга оширилади) ва пассив (қариндошлар ёки тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади) қўллар ва оёқларнинг ҳаракатлари, бурилишлардан иборат. Aгар бемор ушбу машқларни кунига камида 30 дақиқа бажарса, у ҳолда аппаратга уланиш вақтини қисқартириш мумкин, деган тадқиқотлар мавжуд.
Машқларнинг қийинлик даражаси беморнинг аҳволига боғлиқ. Оғирроқ аҳволда бўлган беморлар учун машқлар тўшакда бажарилади. Бу оёқ ва қўлларни букиш-очиш машқлари бўлиб, оёқлар букилганда товон «ер»дан кўтарилмаслиги керак. Шунингдек, қўл кафтлари ва оёқларнинг айланма ҳаракатлари, бошнинг бурилишлари, ўриннинг четига ёнбошлаб ётган ҳолда — қўлнинг юқорига ҳаракати — орқага ва кейин пастга тушириш. Муҳим маълумот — машқларга тайёргарлик пайтида нафас олинади, машқлар давомида эса нафас чиқарилади. Ҳар бир такрорий машқлар алоҳида нафас ҳаракатлари билан амалга оширилади.
Қорин билан нафас олишни бошлаш жуда муҳимдир. Нафас олаётганда кўкрак қафаси эмас, қорин кўтарилади, нафас чиқараётганда олдинги қорин девори тортилади. Бу бизни қорин бўшлиғи, диафрагмал нафас олишга йўналтиради, кўпинча айнан коронавирусга чалинадиган ўпка бўлимларини фаол равишда очилишига ёрдам беради. Аҳвол яхшиланаётгнан даврда машқларни ўтирган ҳолда ва тик турган ҳолда бажариш керак.
Нафас олиш машқларини айнан танага ва оёқ-қўл мушакларига қаратилган машқлар билан алмаштириб туриш зарур. Бу каби ўрин алмашиниш муайян мушак гуруҳларининг чарчашини олдини олишга имкон беради.
— Гимнастикани бир кунда неча маротаба бажариб туриш керак? Неча кун давомида?
— Гимнастика билан кунига 3−4 марта шуғулланиш керак, давомийлиги эса беморнинг машқларни кўтара олиш ҳолатига боғлиқ. Секин-секин давомийлик ва машқлар юкламаси ортиб бораверади. Жисмоний ҳамда нафас машқларини камида уч ой давомида мунтазам равишда олиб бориш керак. Кейинчалик эса беморнинг ҳолатига қараб тавсиялар берилади.
— Болалар ва кексалар учун машқларнинг фарқлари нимада?
— Кекса одамларда биз ҳар доим ҳамроҳ ҳолатларни, юрак уриши мойиллигини, қон босимининг кўтарилишини ҳисобга оламиз. Машқлар нафас олиш, томир уриши, компенсацияланган қон босими фонида бошланади. Агар кардиолог ёки терапевт томонидан буюрилган гипотензив препаратлар бўлса, албатта барчасини қабул қилиш керак. Яна юқорида тилга олинган принцип давом этади — кўтара билиш ҳолатига қараб, машқлар юкламаси ортиб бораверади.
— Машқлар давомида ,бемор ўзини яхши ҳис қилмаслиги мумкинми? Бу нимани
англатади?
— Нафас қисилиши, бош айланиши, кучли ҳолсизлик, кўнгил айниши, сатурациянинг пасайиши келиб чиққан ҳолда машқлар дарҳол тўхтатилади. Машғулотларни «енгиб ўтиш орқали» бажариш мумкин эмас. Aгар бу ҳолат ҳар сафар такрорланса, машқлар мажмуаси юкламани енгиллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилади. Болалар учун машқлар принципи катталарники кабидир.
— Нафас гимнастикасининг соғлом одам учун фойдаси нимада?
— Ўйлашимча, ҳар бир инсон мунтазам шуғулланиши керак. Жисмоний фаоллик ортиқча вазндан халос бўлишга имкон беради, юрак, нафас олиш тизими, қон томирларини машқ қилдиради. Коронавирус бизга кўрсатганидек, яхши жисмоний ҳолатдаги беморлар касалликнинг оғир босқичига камроқ учради. Жисмоний машқлар, пиёда юриш қондаги қанд миқдорини нормаллаштиради, тўқималарнинг инсулинга сезгирлигини оширади. Нафас машқлари жисмоний машқлар билан бирлаштирилиши керак. Бу ерда ҳам ҳамма ерда бўлгани каби фанатизмгача етмасдан, бирор рекордни ўрнатишга уринмаслик зарур.
— Овқатланиш билан боғлиқ ҳолда гимнастика вақтини қандай қилиб тўғри режалаштириш керак?
— Овқатдан сўнг дарҳол ҳеч қандай машқ бажарилмайди. Овқатдан кейин тахминан бир соат, агар истеъмол қилинган озиқ-овқат миқдори кўпроқ ва режалаштирилган юклама ҳажми каттароқ бўлса кўпроқ вақт кутиш керак. Aммо оч ҳолатда ҳам фаол шуғулланмаслик керак. Жисмоний машқлар энергия истеъмолининг кўпайишига олиб келишини инобатга олсак, овқатланиш оралиғида шуғулланиш мақсадга мувофиқдир.
— Aгар одам касал бўлиб қолса, нафас қисилиши, бош айланиши ёки қон босими кўтарилса, нима қилиш керак?
— Ушбу аломатлар пайдо бўлганда, машқлар тўхтатилади, ўтириш ёки ётиш зарур. Бемор ҳушидан кетаётган ҳолат бўлса, бошдан баландроқ бўлиши учун оёқ остига ёстиқ қўйиш керак. Иссиқ суюқлик, қонда шакар миқдори нормал бўлса, ширин чой ичиш керак. Бемор ўзини яхши ҳис қилишни бошлаганидан сўнг, нафас олиш тезлиги, томир уриши ва қон босими нормаллашганидан кейин гимнастикани яна давом эттириш мумкин.
Кейинги машғулотлар интенсивлиги ва такрорийлиги камроқ бўлган машқлар билан бошланади. Хонани шамоллатиш, ҳеч қаерни сиқмайдиган енгил кийим кийиш керак.
Машқлар тўплами бўйича тавсиялар
Нафас гимнастикаси шартли равишда бир неча таркибий қисмлардан иборат.
Беморнинг фаол ҳаракатлари. Кўкрак, диафрагма, елка-камар мушаклари учун машқлар комбинацияси.
Жойлаштириш. Яъни, бемор ўпканинг айрим бўлимларида ҳаво айланишини яхшилаш, унда мавжуд суюқликларнинг оқиб тушишини яхшилаш учун маълум ҳолатда ётқизилади. Вақт ўтиши билан беморнинг ҳолати аниқ даврийлик билан ўзгаради.
Босиш ҳаракатлари. Қаровчилар ёки тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади. Бу ҳаракатлар айниқса ётган беморлар учун муҳимдир. Кўпинча, босиш ҳаракатлари жойлаштириш билан параллель ҳолатда олиб борилади.
Махсус нафас олиш асбобларидан фойдаланиш: йўтал учун инсуффлятор-аспиратор, нафас олиш ва нафас олишни тартибга солувчи аппаратлар, нафас олиш симуляторлари.
Нафаснинг ўзи қориндан, кўкракдан ёки аралаш бўлиши мумкин. Қайси мушаклар фаолроқ ишлашига қараб, ўпканинг турли қисмларини вентиляция қилиш жараёни ўзгаради.
Коронавирус пневмонияси билан оғриган беморлар учун ёки ушбу касалликдан сўнг қайта тикланиш даврида тавсия этилган асосий машқ — диафрагмали нафас — қорин бўшлиғидан нафас олишдир. Шу билан бирга, нафас олиш пайтида, қоринни иложи борича тўлдиришга, нафас чиқарганда эса уни тортишга ҳаракат қилиш керак. Бу машқни осон бажариш учун нафас чиқаришдан бошлаган маъқул.
Қолган барча комплекслар нафас қисилишининг оғирлиги ва намоён бўлишига қараб алоҳида танланади.
— Прон-позициянинг (қоринда ётиш) аҳамияти ҳақида гапириб беринг. У реабилитация учун керакми ёки фақат касаллик вақтидами? Соғлом одамгачи?
— Коронавирусда ўпканинг орқа, пастки, айнан орқага ёпишиб турган қисмлари шикастланади. Aгар одам қоринда ётса, унда оғирлик кучи остида қоннинг суюқ қисмининг томирлардан чиқиши кучаяди. Ўпка тўқималарининг бу қисмлари гиповентиляция ҳолатидадир, яъни уларнинг ишлаши пасаяди. Заифроқ кўкрак мушаклари чекланган миқдордаги ҳаво билан нафас олиш имконини беради, яъни ҳар бир нафас билан танага кирадиган кислород миқдори ҳам унчалик катта эмас.
Бемор қоринга ағдарилганида ёки бу ҳолатга максимал яқинлашганида орқанинг кучлироқ мушаклари ишлай бошлайди. Ҳар бир нафас тўлиқроқ бўлади, танага кирадиган кислород миқдори ортади. Бунинг учун қоринда ётиш кифоя. Ўпканинг зарарланган қисмларида фаолроқ ҳаво алмашади. Иккала томоннинг очилган алвеолалари интерстициал бўлимларни сиқади — тўлган суюқлик тезда тўқималарни тарк этади.
Шундай қилиб, прон-позиция — бу бир вақтнинг ўзида ҳам енгиллаштирувчи ҳолат ва нафас гимнастикасидир. Беморнинг аҳволини енгиллаштириши сабабли у касаллик пайтида зарур, маълум даражада тўқималарда шишишлар тарқалишининг олдини олади.
Реабилитация даврида прон-позиция зарарланган сегментларнинг фаол нафас олишига ёрдам беради. Бу ўпканинг тўлиқ тикланишига ва фиброз ўзгаришларнинг намоён бўлишини камайтиришга имкон беради. Прон-позиция ва нафас машқлари касалликдан сўнг камида уч ойгача жуда муҳимдир.
Соғлом одам учун тез-тез қоринда ётишга ҳожат йўқ. Aммо, агар бу одат тусига кирган бўлса, ноқулайлик туғдирмаса, ҳеч қандай зарар қилмайди.
Ўйлайманки, реабилитология — нафақат коронавирус инфекциясидан, балки барча касалликлардан кейинги организмни қайта тиклаш билан шуғулланувчи тиббиёт бўлимининг фаол ривожланиши вақти келди. Даволовчи жисмоний тарбия, даволовчи массаж, логопед — нутқ терапевтлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш жуда аҳамиятлидир. Инсоннинг тикланиши барча мутахассисликлар шифокорлари — терапевт, невропатолог, эндокринолог, пульмонолог, кардиолог, психиатр ва бошқалар назорати остида амалга оширилиши керак. Айнан даволовчи жисмоний тарбия врачларининг етишмаслиги ҳозир бизнинг мамлакатимизда сезиларли. Уларнинг иши тўғридан-тўғри реанимация билан бошланиши керак, кейин бемор даволаниш ва реабилитациянинг кейинги босқичларига ўтказилади.
— Кондиционер, ҳаво намлагичи пневмонияга чалинган инсонлар учун керакми, айниқса ёз фаслида?
— Сўнгги пайтларда кондиционерлардан қатъиян воз кечиш керак деган фикр тез-тез эшитилмоқда. Бизнинг иқлим шароитида мен бунга унча қаршилик кўрсатмаган бўлар эдим. Ўпкаси касалланган одам учун иссиқликни кўтариш бошқаларга нисбатан анча қийинроқ. Ягона талаб — кондиционернинг барча фильтрларини мунтазам тозалаб туриш керак. Кондиционер ўчирилганидан кейин хонани кечки ва тунги пайтларда ҳар куни шамоллатиш керак. Табиийки, жуда паст ҳароратни ўрнатмаслик, ундан келадиган шамолни одамга тўғридан-тўғри йўналтирмаслик керак.
Бизнинг қуруқ иқлимимиз шароитида намловчи восита ҳам яхши мослама. Бироқ, яна такрорланаман, бу ҳолатдаги гигиена қоидалари етарлича қатъий. Яна бир нозик жиҳати — намлагичдан фойдаланганда хона ҳарорати иссиқ бўлмаслиги керак. Юқори ҳарорат ва намлик бу — ҳаммом кабидир, нафас олиш осон бўлмайди.
Ушбу қурилмаларни ёқиш ёки ёқмаслик борасида бош қотиришдан кўра, беморнинг ўзини яхши ҳис қилиши ва унинг қулайлигига эътибор қаратиш муҳим.
— Яқинда пневмонияни бошидан ўтказган беморларнинг кун тартиби, овқатланиши, жисмоний фаоллигини ташкил қилиш бўйича қандай тавсиялар мавжуд?
— Кун тартиби ва овқатланиш тартиби — реабилитация асосидир. Соат 23дан кеч бўлмаган вақтда ётиб, яхши ухлаш керак. Хоҳиш бўлганида кун давомида дам олиш мумкин.
Идеал ҳолда, ҳамма нарса яхши кўринади, лекин аслида кўпинча уйқу билан боғлиқ муаммолар бўлади. Шунинг учун уйқуни ташкил қилиш — шамоллатилган хона, компьютер, смартфондан фойдаланмаслик, ётишдан олдин бир неча соат телевизор кўрмаслик жуда муҳим. Уйқуга кетиш қийин бўлса — сомнолог, невролог, психиатр билан маслаҳатлашгандан сўнг, мелатонин, уйқу таблеткалари, тинчлантирувчи ёки антидепрессантларни қабул қилишни бошлаш мумкин.
Сут маҳсулотларининг истеъмоли номақбуллиги тўғрисидаги фикрни эшитган эдим. Менимча, бу унчалик тўғри фикр эмас. Сутни ичиш ва ўпкада қандайдир афсонавий суюқликларнинг пайдо бўлиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Тўғри овқатланиш тамойилларига кўра, меъёрдан ошмаган ҳолда ҳамма нарсани ейиш мумкин. Оқсилга бой маҳсулотлар, витаминлар, микроэлементлар рационимизда бўлиши керак. Чегараланиш фақатгина қўшилган шакар миқдорида бўлиши керак. Яъни, агар бирор нарсани чеклаш зарур бўлса, мен ширинликка ружу қўймасликни маслаҳат берган бўлар эдим.
Жисмоний фаолиятнинг энг муҳим принциплари — бу мунтазамлик ва юкламани босқичма-босқич ошириш. Ҳафтада икки соат ёки ундан кўпроқ вақт кетма-кет шуғулланишдан кўра, ҳар куни 10 дақиқалик машқларни кун давомида такрорлаб туриш яхшироқдир.
Касалликнинг оғирлигига қараб, ётоқда ва ўтириб бажариладиган машқлардан яқинларингиз ёрдами билаш бошлашингиз мумкин. Юришни бошланг. Aввал хона атрофида, аста-секин ҳудудни кенгайтиринг. Кейин ҳовлига ёки кўчага чиқишингиз мумкин. Яққол намоён бўлаётган ҳолсизликда беморга ҳамроҳлик қилиш тавсия этилади.
Уйдан ташқарида бўлган илк сайрларни йўл давомида дам олиш имконини инобатга олган ҳолда режалаштиринг. Ҳар доим уйга қайтиш кераклигини ёдингизда тутинг, шунинг учун чарчоқни ҳис қилганингиздан олдинроқ қайтинг. Дастлаб, уй атрофида айланишингиз мумкин, кейинроқ узоқ масофаларга чекинишингиз мумкин.
— Пневмониядан кейин тиббий ниқоб — уни кийишга зарурат борми?
— Ўпкада пневмония билан оғригандан кейин «заиф» жойлар мавжуд. Бошқа вируслар ва бактериялар келтириб чиқарадиган касалликнинг қайталаниш хавфи катта. Бундан ташқари, иккинчи касалликнинг пайдо бўлиши эҳтимоли масаласига ҳали аниқлик киритилмаган. Шунинг учун, ҳозирча одам гавжум жойларда ниқоб тақишни тавсия қилган бўлар эдим.
Ўзбекистонда коронавирус
76180аниқланган ҳолатлар
73460 тузалганлар
612 вафот этганлар
Do'stlaringiz bilan baham: |