БОШҚАРУВ ПСИХОЛОГИЯСИ ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ,
АҲАМИЯТИ ВА ВАЗИФАЛАРИ.
Ҳозирги даврда бошқарувнинг психологик талқини, унинг моҳияти ва
мазмуни муҳим аҳамият касб этади. Айниқса бошқарув психологиясининг
механизмларини тадқиқот қилиш муаммолари, унинг назарий асослари, етакчи
функциялари ўзаро алоқадорлиги, ўзаро муносабатларнинг объективлиги ва
субъективлиги ҳамкорлик учун муҳим аҳамиятга эга. Агарда мазкур жараёнда
“уйғунлик ҳукм сурса, жамоа ёки муайян тизимда ўзаро тушунув, барқарорлик,
маҳсулдорлик рўёбга чиқади. Бу ижтимоий-психологик ҳодисалар, ҳолатлар,
вазиятлар, муаммолар ечими кўп жиҳатдан бошқарув психологияси
материалларига, унинг ижтимоий-амалий тизимига, тадрижийликка бевосита
боғлиқ. Ҳудди шу боисдан мазкур фан соҳасини ўрганиш давр талаби,
цивилизация тақозаси, жамият тараққиёти, равнақининг заруриятидир.
Жаҳон психологияси фанида халқ хўжалиги тармоқларини ташкил қилиш
ва уларни бошқариш жараёнида “инсон-техника” тизимидан ташқари “инсон-
инсон” (“инсон-табиат”, “инсон-образ” сингари ёндашиш бундан истисно)
муносабатлари муҳим аҳамият касб этиши, унинг таҳлили кўп жиҳатдан социал
психологиянинг эмпирик маълумотларига асосланиши муайян даражада
ёритилган. Амалий, татбиқий хусусиятли маълумотлар менежер шахсиятининг гултожисидир.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бошқарув психологияси
хўжаликни ёки муассасани бошқарувнинг ижтимоий-тарихий принцип
(тамойил) ларига ва қонун (қонуният) ларига бевосита асосланади. Булар
қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
1. Демократик децентрализм (маҳаллий бошқарув устуворлиги);
2. Бошқарувда яккабошчилик;
3. Сиёсий, иқтисодий, маънавий, маърифий раҳбарликда (маъмуриятда)
хўжалик юритишнинг бирлиги;
4. Хўжалик ҳисобининг оқиллиги;
5. Бошқарувнинг режалилиги;
6. Омманинг бошқарув жараёнида фаол қатнашуви;
7. Ҳамкорлик фаолиятининг иштирокчиларини маънавий ва моддий
жиҳатдан рағбатлантириш;
8. Кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жойлаштириш жараёнида
психодиагностика тизимига асосланиш.
Бу фаннинг таркибий қисмлари қуйидагилардан ташкил топган:
1) бошқарув назарияси ва амалиёти иерархияси;
2) бошқариш объектлари ва субъектлари орасидаги
муносабатлар хусусиятлари ва уларни бошқариш услублари
тавсифи;
3) бошқарув тамойиллари ва усулларининг ижтимоий
психологик асослари;
4) ташкилий фаолиятларнинг жиҳатлари ва тузилиши;
5) бошқарув тизимида менежернинг, яъни раҳбарнинг ўрни,
роли ва функцияси;
6) бошқарув объекти ва субъекти тизимнинг тобе кишилар,
ходимлари ва уларни бошқаришнинг ўзига хослиги;
7) ташкилот, муассаса бошқаруви бўйича қарор қабул
қилишнинг моделлари ва уни усуллари тавсифи;
8) топшириқлар ижросини (бажарилишини) назорат қилишнинг
психологик усуллари;
9) бошқарувни самарали ташкил этишнинг ижтимоий
психологик асослари;
10) бошқарувнинг ўзини-ўзи ташкиллаштиришнинг қарор
топтириш механизмлари талқини.
Do'stlaringiz bilan baham: |