21-модда. Биржа савдоси қоидалари Биржа савдоси қоидаларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
биржада амалга ошириладиган биржа битимларининг турлари;
биржа битимлари иштирокчиларининг таркиби ва уларга қўйиладиган талаблар йиғиндиси;
биржа савдоларини, биржа битимларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини рўйхатга олиш ҳамда уларни расмийлаштириш тартиби;
биржа товарлари нархини чиқариш тартиби;
товарларни биржа савдоларига қўйишга ижозат бериш тартиби (листинг);
биржа битимлари иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китоблар тартиби;
биржа савдосида муомалада бўладиган стандарт контрактлар тавсифи;
агар савдо майдончалари ёки бўлинмалари биржа томонидан ташкил этилган бўлса, уларнинг рўйхати ва номлари;
биржа савдоларини ўтказиш тартиби;
биржа аъзоларига ахборот хизмати кўрсатиш тартиби;
биржадаги нархни шакллантириш жараёни устидан назорат қилиш тартиби;
биржада низоларни ҳал этиш тартиби;
биржа аъзолари ва ходимларининг биржа савдоси қоидаларини бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар.
Биржа савдоси қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби биржа уставида белгиланади.
22-модда. Биржа битими Биржа томонидан рўйхатга олинган биржа товари хусусида биржа савдосининг биржада қайд этилган натижаси бўйича тузилган олди-сотди шартномаси биржа битими ҳисобланади.
Биржада рўйхатга олинган битимлар нотариал тасдиқланмайди, қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Биржа битимлари биржа номидан ва ҳисобидан амалга оширилиши мумкин эмас.
23-модда. Биржа битимларининг турлари Биржада биржа товарлари олди-сотди битимлари, шу жумладан:
реал товарни ўзгага топшириш ёки етказиб бериш ёхуд товарга мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзгага топшириш билан боғлиқ битимлар;
форвард битимлар реал товарни етказиб бериш муддати кечиктирилган ҳолдаги олди-сотди битимлари;
фьючерс битимлари товарларга доир стандарт контрактларнинг олди-сотди битимлари (уларни келгусида ижро этиш мажбуриятини олган ҳолда);
опцион битимлар товарларни ёки товарлар етказиб бериш контрактларини белгиланган нарх бўйича келгусида сотиб олиш ёки сотиш ҳуқуқларига доир олди-сотди битимлари тузилиши мумкин.
Биржа ушбу модда биринчи қисмининг учинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган, тузилган битимларнинг ижросини кафолатлаши шарт.
Биржа битимининг мазмуни (товарнинг номи, миқдори, нархи, битим тузилган сана ва вақт ҳамда уни тузган биржа аъзоларининг номи бундан мустасно) ошкор қилиниши мумкин эмас. Биржа битимининг мазмунига доир маълумот судларга, қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда эса суриштирув ва тергов органларига тақдим этилади.
Биржа битимининг мазмуни ҳақидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборот қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.