12.2 - §. Ахборот-коммуникация технологиялари эволюцияси
Ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этишининг асосий босқичлари. XIX асрнинг иккинчи яримигача ахборот технологиясининг асосини перо, сиёҳдон ва бухгалтерия дафтари ташкил этган. Коммуникация(алоқа) пакет(расмий хужжатлар солинган конверт) юбориш орқали амалга оширилар эди. Ахборотларни қайта ишлаш маҳсулдорлиги ўта паст бўлиб, ҳар бир хат алоҳида, қўлда кўчириб олинган. Қарор қабул қилиш учун бир-бирига қўшиладиган хисоб-китобдан бошқа ахборот ҳам бўлмаган.
«Қўл» ахборот технологияси ўрнига XIX аср охирида «механик» технология кириб келди. Ёзув машинаси, телефон, диктафоннинг кашф этилиши, жамоа почтаси тизимининг такомиллашуви – булар бари аввалига ахборотни қайта ишлаш технологиясида, сўнг иш маҳсулдорлигида сезиларли ўзгаришлар юз беришига замин бўлди. Моҳиятан, механик технология мавжуд муассасаларда ташкилий таркибининг шаклланишига йўл очиб берди. XX асрнинг 40-60 йилларида «электр» технологияси пайдо бўлиб, у ечиб алмаштириладиган элементларга эга электр ёзув машинкалари, оддий қоғоздан фойдаланувчи нусха кўчириш машинаси, портатив диктафонлардан иборат эди. Айнан шу воситалар хужжатларни қайта ишлаш сифати, сони ва тезлигини ошириш ҳисобига бошқариш фаолияти яхшиланди. Кўпгина замонавий муассасалар «электр» технологиясига асосланган.
60-йилларнинг иккинчи ярмидан эса «электрон (ёки «компьютер») технологияси юзага кела бошлади ва ахборотларнинг шаклини эмас, мазмунини ўзгартиришга урғу берила бошланди.
Маълумки, бошқарувнинг ахборот-коммуникация технологиялари ахборотларни қайта ишлаш бўйича энг камида қуйидаги муҳим учта таркибий қисмга эга бўлиши лозим: ҳисобга олиш, таҳлил ва қарор қабул қилиш. Буларни компьютерларда амалга ошириш тобора мураккаблашиб бормоқда. Чунки, ўзида саноқсиз маълумотларни жамлаган «қоғозлар денгизи» тобора кенгайиб бормоқда.
Ахборотларни тақдим этиш тизимининг ривожланиши. Айтиш мумкинки, ахборот-коммуникация технологиялари бир неча миллион йиллар аввал одамзод ўртасида илк бор ўзаро мулоқатга киришиш усуллари(турли товушлар чиқариш, имо-ишора, ҳатти-ҳаракатлар қилиш) пайдо бўлиши билан бирга юзага келган деб айтиш мумкин. Бунда ахборот алмашинуви фақат якка шахслар ўртасидагина амалга оширилган. Нутқ пайдо бўлиши билан бирга(тахминан 100 минг йил олдин) одамлар миясида ахборот тўпланиши имконияти юзага келди.
Кейинги босқичда, яъни ёзувнинг пайдо бўлиши(5-6 минг йил аввал) инсониятнинг умумий, жамоа хотирасининг юзага келишига сабаб бўлди.
Айнан ёзувнинг пайдо бўлиши ахборотларни тўплаш, узатиш, қайта ишлаш, сақлаш ва етказиш каби тўлиқ жараённи амалга оширишга имконият яратиб берди. Бу имконият туфайли ахборотларни моддий ташувчиларда кайд этила бошланди.
Ахборот тизими ва технологиясининг кейинги тараққиёти асосан коммуникация воситалари билан боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |