Иккинчи боб
Фотожурналистика
Фотожурналистика - журналистиканинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, асосан тасвир
орқали баён қилиш, воқеликни хронологик тарзда акс эттириш билан ифодаланади.
Фотожурналистика ўз турдош жанрларидан фарқ қилиб, унда объектив ёндашув муҳим ўрин
тутади. Чунки бу суратлар содир бўлган бирор аниқ ҳодисани ўзида акс эттиради.
Фотожурналистнинг маҳорати шундаки, у олган суратларда воқелик ва ҳодиса нафақат акс
этиши, баён қилиши, балки ўқувчида тўлиқ тасаввур ҳам уйғотиши жоиз. Бунинг учун
фотожурналист ғоят оператив ишлаб, воқеликни тасвир орқали баён қилишга шай туриши
лозим. Масалан, бугун кўплаб фотографлар шов-шувли тўй воқеалари ёки турли соҳа
юлдузлари ҳаётини фоторепортаж сифатида тасвирга олишга ружу қўйганларини айтиш
мумкин. Албатта, бу жиддий нашрларда фаолият юритадиган фотожурналистлар фаолиятида
устуворлик касб этмайди.
Фотожурналистика термини илк бора Миссури университетининг журналистика мактаби
талабаларига 29 йилдан ортиқ сабоқ берган Клифф Эдом томонидан кашф этилгани
манбаларда қайд этилган. Университетда Эдом 1946 йилда биринчи фотожурналистика
гуруҳини тузган. Айримлар фотожурналистика мактаби асосчиси мазкур университет декани
Френк Л. Мотт бўлган, деб эътироф этишади.
1880 йилгача босмахоналарда фотосуратларни тўғридан-тўғри чоп этиш имкони бўлмаган.
Одатда рассомлар ишлаган суратлардан гравюралар тайёрланиб, кейин босма нашрларда чоп
этиларди. Биринчи репортажбоп суратлар Қрим урушида (1853-1856 йиллар) ишланган бўлиб,
у Британия репортёрлари томонидан тайёрланган.
Фотожурналистика 1880 ва 1897 йилларда жанр сифатида шаклланиб, матбаачиликда
қўлланила бошланди ва босма нашрлар ҳаётига кириб келди. Биринчи нашр этилган ярим
қоғозли репродуктив янгилик The Daily Graphik (Нью-Йорк) газетасида 1880 йил 4 мартда
босиб чиқарилди. Инглиз сураткаши Жейкоб Рийс томонидан олинган бу сурат матбуот
тарихида биринчи фото иши сифатида муҳрланди. 1897 йиллардан кейин фотография газета ва
журналларнинг бир бўлагига айланди. 1927 йилда кўплаб шов-шувли газеталар (сариқ
матбуотларда ҳатто рангли фотосуратлар) чиқа бошлади. Биринчи фототелеграмма эса 1921
йилда Western Union орқали узатилган. Лейка компанияси фаолиятидаги 35 мм камера ва
1925-1930 йиллар оралиғида пайдо бўлган “вспишка”лар фотожурналистиканинг олтин асрини
бошлаб берди.
Олтин даврда (1930-1950) гуллаган нашрлардан “Pirture Post”, “Paris Match”, “Life”, “Sports
Illustrated” журналлари ва “The Daily Mirror”, “The Dailu Graphik” газеталари айнан
фотосуратлар чоп эттириш туфайли улкан аудиторияга эга бўлдилар. Аввалига газета ва
журналларда фотографларнинг исм-шарифлари қайд этилмасди. Бунга аввало, муаллифларнинг
ўзларида ҳам хоҳиш бўлмаган. Кейинчалик журналларда чоп этилган фотосуратлар тагига
муаллифларнинг номлари ҳам ёзила бошланган. Бу борада “Life” журнали доимий равишда
етакчилик қилиб, унда чиқаётган фотосуратлар аудитория томонидан илиқ қабул қилина
бошланди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин фотожурналистикада туб бурилиш содир бўлди, яъни Япония,
Европа ва АҚШда ишланган тезкор ва компакт камералардан кенг фойдаланила бошланди.
1970 йиллардан кейин эса фотожурналистика ва ҳужжатли фотография сифат жиҳатидан аста-
54
секин бадиий фотография билан тенглаша борди ва бадиий фотосуратлар галереясидан жой
эгаллай бошлади. Янги технологияларнинг ҳаётга кириб келиши ҳам ҳақли равишда
фотожурналистикада туб бурилиш ясади. Кичик, енгил камералар фотожурналистика
аҳамиятини ошира борди. Янги рақамли фотоаппаратларда фотомухбирлар учун ижодий
фаолият уфқлари кенгайиб, имкониятлар ортди. Бу фотоаппаратларда олинган юзлаб тасвирлар
ичидан сифатлиларини саралаб олиш имкони мавжуд. Янги технологиянинг чексиз
имкониятлари фотомухбирнинг тезкорлиги, тасвирни тўғри танлай билиш, мазмун ва шакл
уйғунлигига эътиборни кучайтириш санъати ва маҳорати билан яққол намоён бўлмоқда.
Маълумки, яхши фотосурат яхши репортаждек ўқувчига керакли маълумотни бериши мумкин.
Агар сурат ўқувчи эътиборини тортса, у албатта тагсўзга кўз югуртиради. Суратга муносиб
тагсўз топиш, изоҳлашда тўғри иборалар топа билиш ҳам ижодкордан юксак маҳоратни талаб
қилади. Бунда суратлардаги шахслар, жойлар, объектларнинг номларида хатоликларга йўл
қўймаслик керак. Фотомухбир тасвирга олинган объектни таърифлашда, албатта, таҳририят
ижодий жамоаси билан ҳамкорлик қилиши керак. Чунки тасвир бошқа, тавсиф бошқа. Бугун
кўплаб босма нашрлар саҳифаларида суратлар мақолаларга мос танланмаганлиги ҳолатлари
учраб туради. Замонавий журналист нафақат мақола ёзишни, балки сифатли суратга олишни
ҳам билиши лозим. Кейинги пайтларда журналистларимиз диктофон ва рақамли
фотоаппаратлардан оқилона фойдаланаётганлари қувончли ҳолатдир.
Сурат таъсирчанлигини нима оширади? Албатта, қаҳрамонларни табиий иш жараёнида ва
албатта, табиий кўринишда тасвирга туширмоқ керак. Шундагина тасвир ўқувчига ўша
қаҳрамон, воқелик, иш жараёни хусусида тўла маълумот бера олиши мумкин. Иложи борича,
ҳар бир тасвирда бир киши бўлиши ва агар жамоа суратга олинаётган бўлса, имкон қадар
уларни ўзаро яқин ҳолда олиш керак. Асосий диққат суратнинг ўрта қисмига қаратилади,
мабодо сурат қисқартириладиган бўлса, унинг моҳияти ўз кучини йўқотмайди.
Чоп этилган фотолавҳаларни таҳлил қилинг. Суратлар ўқувчиларга нима бера олади? Балки
уларда композиция муваффақиятли чиққандир, балки қандайдир хатоликлар бордир? Сизни
суратдаги кишининг чеҳраси ўзига тортгандир? Балки тасвир мавҳумлигича қолгандир? Буни
баҳолаш зукко ўқувчига қийинчилик туғдирмайди.
Хўш, ана шундай ўқувчи диққатини ўзига жалб этадиган суратлар қандай олинади?
Биринчидан, юқорида таъкидланганидек, табиий ҳолатдаги чеҳралар, табиий шароитдаги
воқелик, жараён ва ҳоказолар ўқувчи диққатини ўзига тортади. Иккинчидан, информацион
шаклдаги фотолавҳалар ҳам ўқувчини беэътибор қолдирмайди, чунки бунда ҳам тасвир, ҳам
маълумот олиш имкони мавжуд. Агар фотомухбир моҳирона иш тутса, у албатта битта сурат
орқали бир неча кадрни бирлаштириб, яхлит маъно бера олади.
Фотосуратда фон танлаш ҳам диққатга сазовор ишдир. Агар сурат бирор анжуман жараёнида
олинган бўлса, воқеликнинг аҳамиятига қараб ранг танланади. Жиддий суратларга ўта ёрқин
ранг танлаш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳар қандай бинонинг сурат олишга мос ва хос жойини
топа олиш ҳам маҳорат.
Фотоаппаратни тўғри ишлата билиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фотожурналистикада
“олтин кесишма” деб аталган термин мавжуд. Бунга профессионал фотожурналистлар ҳамиша
амал қилиб келишган.
Фотоаппаратни тўғри танлай билиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда
фотокамераларнинг икки хил тури мавжуд бўлиб, улар плеёнкали ва рақамли
фотоаппартлардир. Рақамли фотоаппаратнинг афзалликлари барчага маълум. Фақат уни
ишлатиш жараёнида нималарга эътибор бериш кераклиги муҳим.
Матбуот саҳифаларида фотожурналистиканинг фотохабар, фоторепортаж, фотолавҳа,
фотоочерк, фотомонтаж каби жанрларига оид материаллар бериб борилади.
Фотожурналистикада жанр турлари қайси белгиларига қараб тавсифланади? Фотохабар
мазмунида биргина факт, фоторепортажда воқеа, фотоочеркда ҳодиса ётади. Агар уни матн ва
тележурналистика билан таққослайдиган бўлсак, уларда ҳам хабар биргина фактга мурожаат
қилади. Масалан, спорт мусобақалари ва уларда қўлга киритилган натижалар. Репортажда эса
воқеани ҳужжатли акс эттиришга эътибор қаратилади. Очеркда жамиятдаги муайян воқеа-
ҳодиса акс эттирилади, унинг мазмун-моҳияти очиб берилади.
55
Кенгайтирилган фотохабар фоторепортажга ўхшаш, чунки иккала жанрда ҳам бир неча
тасвирлардан фойдаланилади. Бу эса жанрлар ўртасида барқарор ривожланиш давом
этаётганини кўрсатади. Фотохабар мазмунни фақат унинг муҳим томони орқали кўрсатади.
Шунинг учун ҳам мазкур жанрни фотожурналистиканинг жанговор жанри, деб аташади.
Фоторепортаж биргина маъно англатиш билан чекланиб қолмайди. Мазкур жанр репортаж
жанридаги маълумотларни ўзида акс эттириб, қайсидир воқеанинг ривожини бир-бирига
мантиқий жиҳатдан боғланган тасвирлар изчиллиги орқали кўрсатиб беради.
Замонавий фотоочерк 1978 йилдан ривожлана бошлаган. Вақтли матбуот саҳифаларида
қаҳрамонлар бир қолипда тасвирланмай, уларнинг характерини кенгроқ очиб бериш каби
усулларга ўрин берила бошлади. Демак, фотоочеркда образ яратилиши энг муҳим қоидалардан
биридир. Фотоочерк портрет, муаммоли ва йўл очеркларига бўлинади.
Фотомонтаж ҳақиқатнинг бир неча парчаларидан иборат алоҳида тасвирдаги суратларни бир
мавзу атрофида бирлаштирган ҳолда қўллашни билдиради.
Босма нашрларда фотосуратларнинг ўрни ғоят катта аҳамиятга эга. Фоторепортажлар газеталар
саҳифаларига жон бағишлайди. Афсуски, газеталаримизда фотоайбномалар, фоторепортажлар
кейинги йилларда кам кўзга ташланаяпти. Бу борада фототанловларни кўпайтириш,
фотомухбирларни тайёрлаш курсларини очиш ва уларнинг ишларини жонлантириш мақсадга
мувофиқ бўларди.
Фойдаланилган адабиётлар:
1.
Дороти Доти. “Паблисити и паблик рилейшнз”, 2000 й.
2.
Кузьмина Наталья. “Фотоаппаратни тўғри танланг”, 2006 й.
3.
Кузьмина Наталья. «Как снять шедевр мыльницей”, 2006 й.
Do'stlaringiz bilan baham: |