Темирбетон конструкцияларнинг ўтга чидамлилик чегараси уларни қайси мақсадлар учун қўлланишига, кўндаланг кесими юзасига, бетоннинг иссиқлик физикаси хусусиятларига ва ўрнатилган арматурасига боғлиқ. Марказий сиқилишга ишловчи устунларнинг ўтга чидамлилик чегараси фақат кўндаланг кесими юзасига ва бетоннинг йирик тўлдирувчиларига боғлиқ бўлади. Эгилувчан арматура устуннинг ўтга чидамлилик чегарасига таъсир этмайди. Қаттиқ ёки спиралли арматураланган устунларнинг 3,5% дан кўп арматура сарфланганлари бундан мустасно. Бу ҳолатни қуйидагича тушунтириш мумкин, қурилиш амалиётидан маълумки эгилувчан арматура қабул қилинган ҳимоя қобиғида юқори ҳароратда тез қизиб критик ҳароратга эришади ва ишдан чиқади, худди шу пайтнинг ўзида бетоннинг критик ҳароратига эришиши учун анча кўп вақт керак бўлади.
Ичи бўш устунларнинг ўтга чидамлилик чегараси яхлит кўндаланг кесимли устунларникидан анча кам бўлади.
Кўп қаватли биноларда қўлланиладиган арматураланганлиги 3,5% дан юқори бўлганларининг кам арматураланганларига кўра ўтга чидамлилиги чегараси паст кўрсаткичга эга ва оқибатда ишчи арматуралари тез ишдан чиқади.
Марказдан қочма сиқилувчи кичик эксцентриситетли устунларнинг марказий сиқилувчи бўлган, худди шундай ўлчамлилари ва заҳиравий мустаҳкамликка эга устунлардан ўтга чидамлилик чегараси кичик бўлади.
Тўсинлар, прогонлар, ригеллар ва плиталарнинг ўтга чидамлилик чегараси уларнинг ишчи арматураларига, бетоннинг ҳимоя қатламига ва статик иш схемасига боғлиқ бўлади. Статик ноаниқ схемадаги яхлит тўсинларнинг ўтга чидамлилик чегараси юқори кўрсаткичга эга, чунки иссиқ ҳароратнинг таъсирида ташқи юкланмалар ҳамма жойда деярли бир хил тақсимланади. Олдиндан зўриқтирилган арматуралар уларнинг ўтга чидамлилик чегарасини пасайтиради.
Темирбетон фермаларининг ўтга чидамлилик чегараси, унинг энг кичик кўндаланг кесимли ва кам заҳира коэффициентли мустаҳкамликка эга бўлган элементининг ўтга чидамлилик чегараси билан белгиланади. Заводларда ишлаб чиқарилаётган кўпчилик фермаларнинг ўтга чидамлилик чегараси 0,75-1,5 соатни ташкил этади.
Яхлит темирбетон деворлар ва орадеворларнинг ўтга чидамлилик чегараси уларнинг қалинлигига ва бетон хилига боғлиқ бўлади.
Деворлар ва орадеворларнинг ўтга чидамлилик чегараси уларни ичига тўлдирилган материалларнинг ёнувчанлигига боғлиқ бўлади. Ичи ёнувчан пенопластдан тайёрланган панел сирти ёнмайдиган бўлса ҳам қийин ёнувчан ҳисобланади. Буни ёнғин пайтида конструкцияни қисқа муддатда иситиш натижасида панелни тўлдирувчиси тезда ёниши оқибатида, бутун бино ичига тарқалиши билан изоҳланади.
Замонавий йирик панелли биноларнинг деворлари ўтга чидамлилик чегараси уларнинг кўндаланг кесимига ва иситилаётган сиртнинг қарама-қарши юзасининг хавфли критик ҳароратига боғлиқ бўлмасдан, қизитилиш жараёнидаги зўриқиш ҳолатидаги кучланишга боғлиқ бўлади. Чунки кўпчилик йирик панелли биноларининг юк кўтарувчи деворлари бино ичида жойлашгани ва уларнинг қалинлиги 12-14 см ни ташкил қилгани ҳолида иссиқликдан ҳимояловчи вазифасини ўтамайди. Шунинг учун ҳам ушбу деворларнинг ўтга чидамлилик чегараси сезиларли камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |