134-модда. Банкларнинг солиқ назоратини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлари Банк ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахснинг (бундан буён ушбу моддада мижоз деб юритилади) ҳисобварағи ёки омонати (депозити) очилганлиги (ёпилганлиги), ҳисобварағи ёки омонати (депозити) реквизитларининг ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ахборотни тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан уч кун ичида электрон шаклда, ўзи жойлашган ердаги солиқ органига маълум қилиши шарт.
Банк томонидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ахборотни маълум қилиш тартиби ва шакллари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.
Солиқ органининг банк мижозига нисбатан ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровига биноан банк ёзма сўров олинган кундан эътиборан уч кун ичида солиқ органларига қуйидагиларни бериши шарт:
1) мижознинг банкда ҳисобварақлари ва омонатлари (депозитлари) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни;
2) мижознинг ҳисобварақлари ва омонатларидаги (депозитларидаги) пул маблағларининг қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни;
3) мижознинг ҳисобварақларидаги операцияларга ҳамда омонатларига (депозитларига) доир кўчирмаларни;
4) солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа маълумотларни.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ахборот, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда чет давлат ваколатли органининг сўрови асосида ҳам солиқ органлари томонидан банкдан сўраб олиниши мумкин.
Солиқ органи томонидан банкка сўров юбориш ва банклар томонидан солиқ органларининг сўровларига биноан ахборот тақдим этиш шакли ҳамда тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.
V БЎЛИМ.
СОЛИҚ НАЗОРАТИ 17-боб. Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидалар. Солиқ текширувлари 135-модда. Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидалар Олдинги таҳрирга қаранг. Ваколатли органларнинг солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилишга доир фаолияти солиқ назоратидир.
(135-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Солиқ назорати мақсадида ушбу Кодекснинг 133-моддасида кўрсатилган давлат органлари, муассасалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар солиқ тўловчиларни солиқ бўйича ҳисобга олиш учун зарур бўлган маълумотларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этиши шарт.
Солиқ назорати мақсадида банклар ушбу Кодекснинг 134-моддасида ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаради.
Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқ, божхона органлари ва бошқа ваколатли органлар, прокуратура органлари ҳамда тергов органлари солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, ўзлари олиб бораётган солиқ текширувлари ҳақидаги ўзида мавжуд материаллар тўғрисида бир-бирини хабардор қилади. Шунингдек мазкур органлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа зарур ахборот билан алмашишни амалга оширади. Бундай хабардор қилиш тартиби мазкур органлар ўртасидаги келишувлар билан белгиланади.
(135-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқ тўловчи (солиқ агенти) тўғрисида қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа ахборот ушбу шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
(135-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Солиқ назорати материаллари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак.