101-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томонидан тегишли ваколатли органга берилади. Тадбиркорлик субъектлари (бундан давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз ости маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар мустасно) умумий майдони бир минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бинолар ҳамда иншоотларга бўлган мулкий ҳуқуқ олинганда ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган солиқларни тўлашни тақдим этилган хабарнома асосида хабардор қилган ҳолда ва гаров таъминотисиз олти ой муддатга кечиктириш ҳуқуқига эга. Бунда кечиктирилган солиқлар суммаси давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкаларининг, биноларнинг ва иншоотларнинг қийматидан ва (ёки) майдонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган солиқлар миқдорида белгиланади.
(101-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон) Манфаатдор шахснинг солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
1) ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг унинг солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китоблари ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси;
2) ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг мазкур шахсга банкларда очилган барча ҳисобварақлар рўйхати кўрсатилган маълумотномаси;
3) ушбу шахснинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича кўрсатилган ариза берилишидан олдинги олти ой давомида ҳар ойлик пул маблағлари айланиши тўғрисида, шунингдек унинг ҳақи тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг тегишли картотекасига жойлаштирилган ҳисоб-китоб ҳужжатлари мавжудлиги тўғрисида ёхуд ушбу картотекада уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисида банклар маълумотномалари;
4) ушбу шахснинг банклардаги барча ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағларининг қолдиқлари тўғрисида банклар маълумотномалари;
5) ушбу шахснинг солиқни тўлаш муддати ўзгартирилган даврда солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор қайси шартларга кўра қабул қилинган бўлса, ўша шартларга риоя этилишини назарда тутувчи мажбурияти, шунингдек қарздорликни сўндиришнинг тахминий графиги;
6) солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш асослари мавжудлигини тасдиқловчи ушбу модданинг учинчи — саккизинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар.
Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 1-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:
1) ушбу шахсга нисбатан унинг ариза билан мурожаат этиши учун асос бўлган бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар вужудга келганлиги факти тўғрисидаги хулоса;
2) кўрсатилган ҳолатлар натижасида ушбу шахсга етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси.
Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқаро муҳофазаси, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши органлари томонидан тузилади.
Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 2-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига бундай асос мавжудлигини ва бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш ҳисобига ушбу шахсга келиб тушмаган суммани ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмасининг, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақи тўланмаганлигини тасдиқловчи молия органининг ҳужжати илова қилинади.
Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 3-бандида кўрсатилган асос мавжудлиги манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ёки у ваколат берган солиқ органи томонидан аниқланади. Бундай таҳлил Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган услубиятга мувофиқ ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг. Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 4-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига жисмоний шахснинг кўчар ва кўчмас мулки (бундан қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк мустасно) тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.
(101-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 5-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига ушбу шахс томонидан тузилган, мазкур шахснинг умумий даромадларида унинг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятдан олинган даромадларининг улуши камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг. Ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 31-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, манфаатдор шахснинг аризасига мувофиқ солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бунда ушбу қисмда назарда тутилган тартибда тўланадиган солиқ суммаси охирги уч йил давомида тўланган солиқлар суммасининг эллик фоизидан ошмаслиги керак.
(101-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 октябрдаги ЎРҚ-722-сонли Қонунига асосан ўнинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2021 й., 03/21/722/0960-сон) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасида ушбу шахс мазкур бобга мувофиқ қарз суммасига ҳисобланган фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Ваколатли органнинг талабига кўра, манфаатдор шахс гаров предмети бўлиши мумкин бўлган мол-мулк тўғрисидаги ҳужжатларни, кафиллик хатини ёки банк кафолатини тақдим этади.
Ваколатли орган манфаатдор шахснинг илтимосномаси бўйича ушбу шахс томонидан қарз суммасининг тўланишини вақтинчалик (ариза кўриб чиқиладиган даврда) тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бундай қарорнинг кўчирма нусхаси манфаатдор шахс томонидан ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда тақдим этилади.
Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида қабул қилинади.
Солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) қарз суммаси;
2) кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ;
3) қарз суммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.
Тегишли ҳолларда солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда гаров предмети бўлган мол-мулк тўғрисидаги ҳужжатлар, кафиллик хати ёки банк кафолати кўрсатилиши керак.
Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор ушбу қарорда белгиланган кундан эътиборан кучга киради. Бунда солиқни тўлаш учун белгиланган кундан эътиборан ушбу қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун вақт учун тегишли пенялар, агар тўловнинг кўрсатилган муддати ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, қарз суммасига киритилади.
Агар солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш мол-мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, уни бериш тўғрисидаги қарор фақат ушбу Кодекснинг 107-моддасида назарда тутилган тартибда мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейингина кучга киради.
Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши керак. Агар солиқ тўловчи томонидан юборилган хабарнома ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 32-бандида назарда тутилган асосларга мувофиқ бўлмаса, солиқ органи уч кундан кечиктирмай солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида хабарнома юборади.
(101-модданинг ўн тўққизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон) Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан манфаатдор шахс қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
(101-модданинг ўн тўққизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси ваколатли орган томонидан мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади.