1. Қадимги араб шеърияти асосан икки шаклда намоён бўлди. 10-12 байтлардан иборат шеърий қитъа – у махсус ёзилган асар ёки катта қасидадан ажралиб чиққан бўлакдир. Қасида эса 50-100 байтдан иборат, баъзида байтлар сони ундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Шеърий қитъалар асосан араб шеъриятининг энг қадимги жанрлардан бўлмиш ҳижо – қабила душманини қўпол ҳажвга олиш жанридир.
И.Гольциер кўрсатишича, бу жанрнинг негизида ўткир сўзли ва сеҳрлаш санъатини эгаллаган шоирнинг ўз душманига ёки қабила душманларига йўналтирилган қарғиш ва лаънатлари турар экан1. Бу лаънатларни қофия ва муайян оҳангга солиб айтаётган шоир ўзи ҳам уларни жоду кучига эга эканлигига самимий ишонар ва бошқаларни ҳам бунга ишонтирар эди. Бадавийлар учун қадриятлар жасурлик, сахийлик, ваъдага вафо қилиш, қабилага садоқатли бўлиш бўлса, табиийки, душман қўрқоқликда, садоқатсизлик ҳамда пасткашликда айбланар эди. Қабилалараро юзага келган шоирлик тўқнашувларида шоирлар бир-бирини сира аямасдан душманни қилган ёки қилмаган ёмонликларида айблаб чиқишганида, сўзга чечан истеъдодли шоир ғалаба қилиб, қилган ҳақорати душманга катта зарба етказар эди.
Шеъриятнинг қитъа шаклида ривожланган яна бир жанри - бу рисо, яъни кишининг ўлган қариндоши ёки дўстининг тобути олдида ўз ҳис-туйғуларини йиғи сўзлари – марсияда ифодалаши. Марсияда марҳумнинг фазилатлари кўрсатилиб, агар у шаҳид кетган бўлса, қасос олишга бўлган даъватлар билан қўшилиб кетар эди. Табиийки, марсияда марҳумнинг сифатлари муболағалашиб, баландпарвоз ўхшатиш-ташбеҳлар билан безатилади. Шоира ал-Ханса (664 йилда вафот этган) рисо жанрида айниқса кўп шуҳрат қозонган эди. У ўзининг марсияларида жангларда ҳалок бўлган акалари – Сулайм қабиласининг шайхлари Сахр ва Муавияни ўлимига йиғлаб, уларнинг каромати, жасорати, ақл-заковатини ҳар томонлама мақтайди.
Рисолаларнинг тили содда ва оддий бўлиб, уларда бир хил ифодавий иборалар такрорланади.
Қасидага келсак, у мураккаб тузилишга эга кўп қисмли асар бўлиб, бу қисмлар ўзаро боғланиши анча заиф эди. Ҳар бир бўлак ўз сюжети ва услубига эга бўлиб, жанр шаклига яқинлашади, аммо фақат ўрта асрларда тўла мустақил жанрга айланади.
Қадимги араб қасидасининг композицияси ўзига хос барқарор қонун-қоидаларига эга. Биринчи қисми лирик кириш бўлиб, уни “насиб” деб аташади. Қасида одатда қуйидаги анъанавий сюжетлардан ташкил топган:
Шоир йўлида қабила ҳаробаларини учратади;
Бу жойларда унинг маъшуқаси яшаган бўлиб, у қабиласи билан бу ерлардан кўчиб кетган. Шоир бу ерлардан маъшуқаси изларини қидиради;
Шоирнинг маъшуқаси билан учрашув хотиралари;
Саҳро бўйлаб йўл тавсифи;
Пейзаж (туя, от васфи, шунингдек шоирнинг йўлда учратган ҳайвонларининг васфи). Баъзида васф қасиданинг марказий қисмини эгаллайди;
Ажралиш қуши – қарғага мурожаат, шоир бу ёвуз қушни лаънатлайди, чунки у фироқни башорат қилади;
Фахр – қабилани тараннум этиб, душман қабиласини эса ерга уриш;
Хамриёт – зиёфат васфи;
Рисо – ўлган қаҳрамонга марсия;
Душман қабиласига юриш васфи ҳамда жанг тавсифи;
Қасос мавзуи.
Do'stlaringiz bilan baham: |