Аввал таъкидланганидек, бухгалтерия ҳисобининг асосий мақсади фойдаланувчиларни корхона фаолияти тўғрисидаги зарур ахборот билан таъминлаш ҳисобланади. Корхонани самарали бошқариш учун аввало мол – мулк, унинг турлари ва манбалари тўғрисидаги маълумотлар зарурдир. Бундай маълумотлар одатда муайян санага (одатда ой ёки чоракнинг биринчи кунига) пул баҳосида, умумлаштирилган гуруҳий кўринишда тақдим этилади. Ушбу маълумотлар бухалтерия балансини таққослаш йўли билан олинади.
Бухгалтерия баланси – пул баҳосида ифодаланган ва муайян санага тузилган, мол – мулкни унинг таркиби ва жойлаштирилиши ҳамда уни шакллантириш манбалари бўйича иқтисодий жиҳатдан гуруҳлаштириш ва умумлаштириш усулидир.
Баланс ўз тузилишига кўра икки томонлама жадвалдан иборат. Мол – мулкни таркиби ва жойлаштирилиши келтириладиган чап қисм “актив” деб номланади, ўнг қисм мол – мулкни шакллантириш манбаларини акс эттиради ва “пассив” дейилади. Бинобарин, баланснинг чап ва ўнг қисмларида бир нарса, яъни корхонанинг мол – мулки акс эттирилади, фақат турли гуруҳларда. Мол – мулкнинг ҳар бир тури корхона бирор – бир манба ҳисобига келиб тушади. Шунинг учун активнинг умумий суммаси пассивнинг умумий суммасига тенг бўлиши керак (баланс валютаси). Баланс (французча balance – тарози) тенглик, мувозанат аломатини англатади.
Баланс умумлаштируви объектларни акс эттиришнинг икки ёқлама хусусияти билан тавсифланади, унинг маъноси шундан иборатки, объектлар балансда икки маротаба кўрсатилади ва икки жиҳатдан қаралади.
Балансни корхона молиявий ҳолатининг кенг қамровли тавсири билан таққослаш мумкин.
Бухгалтерия баланси корхонанинг ҳисобот даври учун молиявий аҳволи тўғрисидаги ахборотнинг энг муҳим манбаи ҳисобланади. Унинг ёрдамида мол – мулкнинг таркиби ва тузилиши, корхонанинг фойда олиши ва унинг ликвидлилиги, айланма маблағларнниг айланувчанлиги, дебиторлик ва кредиторлик қарзаларининг ҳолати ва динамикаси белгиланади. Манфаатдор фойдаланувчилар бухгалтерия баланси ахборотини ўрганиб, корхона нималарга эгалигидан, унинг салоҳияти ва мулкдорлардан олинган мол – мулкдан қандай фойдаланаётганлигидан хабардор бўладилар.
Бухгалтерия балансидан корхонанинг тўлов қобилияти, яъни у ўзининг жорий (ликвид) маблағлари билан мажбуриятларни қоплай олиши ёки унга молиявий қийинчиликлар хавф солаётганини аниқланади.
Баланс тенглигини қуйидаги тенглама кўринишида тасаввур этиш мумкин:
Активлар = Мажбуриятлар + Хусусий капитал
(заём капитали)
Ушбу тенглама бухгалтерия ҳисобининг асоси ҳисобланади. Бу ерда активлар корхона мол – мулкининг умумий қийматини кўрсатади. Мажбуриятлар (заём капитали) активларнинг камайишини тақозо этади, чунки улар ўз муддатида юридик ёки жисмоний шахсларга қайтаралиши керак бўлган кредиторлик қарзи миқдорини кўрсатади. Хусусий капитал корхонага унинг мулкдорлари қилган қўйилмалар қийматини тавсифлайди ва агар у ўзининг кредиторлари билан ҳисоб – китоб қилса, мулкдорда қоладиган маблағлардан иборат бўлади. Шунинг учун ушбу тенгламани қуйидаги кўринишда кўрсатиш мумкин:
Хусусий капитал = Активлар – Мажбуриятлар
Ушбу тенглама капиталга нисбатан қолдиқ тамойилини акс эттиради, яъни кредиторлар мол – мулкка биринчи навбатда даъво қилиш ҳуқуқига эгалар. Агар кредиторларга нисбатан корхонанинг қарз мажбуриятлари бажарилмаса, улар қарзларни суд орқали ундириш ҳуқуқига эга бўладилар. Инвесторлар қолдиқ даъво ҳуқуқигагина эгалар. Айни вақтда тенглама корхона активлари миқдори ва корхона кредиторлари ҳамда мулкдорларининг унинг капиталини шакллантиришда иштирок этиш даражасини кўрсатади. Корхонанинг молиявий барқарорлиги ана шу нисбатга боғлиқ.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2002 йил 7 февралдаги 31 – сон буйруғи мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъий назар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва юридик шахс ҳисобланган, банк ва суғурта ташкилотларидан ташқари барча корхона ва ташкилотлар ягона шакл бўйича баланс тузадилар.
Баланснинг актив ва пассив бўлимларига, бўлимлар алоҳида гуруҳларга, гуруҳлар эса баланс моддаларига бўлинади. Мол – мулкнинг айрим турлари, уни шакллантириш манбаларини, корхона мажбуриятларини тавсифлайдиган, баланс активи ва пассивнниг кўрсаткичи (сатри) бухгалтерия баланс моддаси деб аталади.
Баланс активи икки бўлимга бўлинади: узоқ муддатли активлар ва айланма активлар.
Активнниг биринчи бўлими узоқ муддатли активларни акс эттиради.
“Асосий воситалар” моддаси бўйича корхонада мавжуд бўлган асосий воситаларнинг дастлабки қиймати, уларнинг эскириш суммаси, шунингдек қолдиқ қиймати кўрсатилади.
“Номоддий активлар” моддаси корхона тасарруфида бўлган, сезилмайдиган объектлар қийматини дастлабки қиймати бўйича тавсифлайди.
Кейинги “Эскириш” моддаси ушбу активларнинг қопланган қиймати суммасини кўрсатади. “Қолдиқ қиймат” моддасининг суммаси эскириш чиқариб ташланган ҳолда дастлабки қиймат сифатида ҳисоб китоб қилинади.
Биринчи бўлимнинг кейинги моддаларида корхона томонидан шўъба корхоналарга, асосий воситалар қурилиши ва харид қилинишига, қимматли қоғозларни сотиб олишга инвестицияланган суммалар акс эттирилади.
Активнинг иккинчи бўлими айланма активларнинг акс эттиради.
Ушбу бўлим моддалари мавжуд бўлган моддий бойликлар, тугалланмаган ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулот, сотиш учун мўлжалланган товарлар, кассадаги, банкдаги ҳисоб – китоб, валюта ва бошқа ҳисобварақалардаги пул маблағлари суммаси, қисқа муддатли қўйилмалар суммаси ва дебиторлик қарзини акс эттиради.
Бухгалтерия балансининг пассиви ҳам икки бўлимга бўлинади: ўз маблағлари манбалари ва мажбуриятлар. Пассив моддаларининг мазмунини яхши англаш учун пассивда нималар акс этганлигини тушуниш лозим. Агар активда мол – мулкнинг аниқ турлари акс эттирилса, пассив мол – мулкнниг ана шу мол – мулкни манбаларни акс эттиради.
Пассивнинг биринчи бўлимида устав, қўшилган резерв капиталлар, тақсимланган фойда, мақсадли тушумлар ва резервлар акс эттирилади.
Пассивнинг иккинчи бўлимида корхонанинг банкдан олинган ссудалар бўйича, бошқа корхоналардан, бюджетдан, ходимлардан иш ҳақи бўйича, ижтимоий суғурта идоралари ва бошқа кредиторлардан қарзи акс эттирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |