Замбуруғлар асосида олинадиган энтомопатоген препаратлар
Замбуруғли энтомопатоген препаратлар зарарли хашаротларда микоз касаллигини туғдириш орқали уларнинг нобуд бўлишига олиб келади.
Энтомопатоген бактериялар ва вирусларга нисбатан замбуруғлар қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга :
нобуд бўлиш овқат ҳазм қилиш йўллари орқали эмас, балки бевосита кутикула орқали руй беради;
хашаротлар ўзининг куколка ва имаго ривожланиши фазасида нобуд бўладики, бу бошқа микроорганизмлар билан бўладиган ўзаро муносабатларда кузатилмайди;
замбуруғлар нисбатан тез ўсиши ва жуда катта репродуктив қобилиятига эгалиги билан характерланади, энтомопатоген фаоллигини пасайтмасдан спора ҳолатида узоқ вақтгача табиатда сақланиши мумкин;
айрим хашаротлар турларин нобуд қилишда юқори даражада специфик бўлиб, бинобарин уларнинг вирулентлиги сезиларли даражада ишлатиладиган замбуруғларни штаммига боғлиқ бўлади.
Замбуруғли препаратнинг хашоратга таъсири спораларнинг тана бўшлиғига тери орқали киришидан бошланади. Хашарот танасига тушган замбуруғ спораси ўсиб гифага айланади, кейин мицелийга, қайсики улардан гифали таначалар энтомопатоген замбуруғларнинг инфекцияли бирлигини ташкил қилувчи копидиялар ажралиб чиқади.
Копидиялар ўсиб чиққандан кейин то хашаротлар нобуд бўлишигача бўладиган оралиқ вақти хашароатлар катта-кичиклигига қараб 2-8 суткагача давом этиши мумкин. Beauveria авлодига мансуб замбуруғлардан препаратлар олиш уларнинг B.bassiana vuill (60 дан ортиқ турдаги хашаротларни нобуд қилади) ва B.tenella Del. (10 дан ортиқ турдаги хашаротларни нобуд қилади) турлари асосида саноат миқёсида препаратларни ишлаб чиқаришга асосланган.
Ҳозирги пайтда B.bassiana(Bals).Vuill. ни гафолицети конидиоспорасини ташкил қилувчи замбуруғли энтомопатоген препарат-боверин ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган.
Тайёр ҳолдаги бу препарат оқ ёки кремсимон кўринишидаги порошок бўлиб, 1 гр. препаратда 1,5 дан 6 млрд. гача конидиоспоралар мавжуд. Споралар билан бир қаторда боверин фаоллиги замбуруғда синтез қилинадиган токсин- боверицин билан ҳам белгиланади. Бу препаратни қўллаш дехқончиликда қўлланиладиган кимёвий препаратларни 90% гача қисқартиришга имкон беради. Шу билан бирга препарат инсонлар, иссиқ қонли ҳайвонлар учун зарарсиздир.
Боверинни саноат асосида олиш учун ишлаб чиқариш штаммини ҳам суюқ озиқада, ҳам қаттиқ озиқа муҳитида ўстириш мумкин. Конидиоспоралар ишлаб чиқаришда технологик-иқтисодий кўрсаткичлар суюқ озиқада ўстириш билан қаттиқ озиқа юзасида ўстириш усулларида деярли ўхшаш бўлади. Бироқ, конидиоспораларни суюқ озиқа фазасида ўстириш орқали олиш оддий иш эмас, бунинг ўзига хос техник ноқулайликлари мавжуд.
B.bassiana Vuill замбуруғини суюқлик усули орқали ўстирилганда улар вегетатив кўпайиб, ҳаво конидиоспоралардан фарқ қилувчи гонидия (бластоспора, цилиндраспора) деб номланувчи гифали тана ҳосил қилади.
Ҳашоратларга таъсири юзасидан гонидиялар, конидиялардан қолишмайди, аммо ишлаб чиқариш шароитида гонидиялар асосида юқори фаолликка эга препаратлар олиш имкони йўқ, чунки улар конидийларга нисбатан қуритиш босқичидаги юқори ҳароратга ўта даражада сезгир ва чидамсиздир. Ананавий юқори ҳароратда пуркаб қуритгич мосламаларда боверин ишлаб чиқаришда препаратлар қуритилганда 90% гонидиоспора ва 20-50% конидиоспора нобуд бўлади. Шунинг учун қуритилгандан сўнг споралар яшовчанлиги ва уларнинг вирулентлигига кўра боверин ишлаб чиқаришда эътибор конидиоспора миқдорини максимал даражада олишга йўналтирилган.
B.bassiana Vuill замбуруғини суюқ озиқада ўстириш орқали конидиоспора олиш муаммоси озиқа муҳити ва ферментация шароитини танлаш муаммоси ҳал қилинганда ечилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |