Савол: (доц. М.И.Назаров) Фарғона вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича қандай қарорлар қабул қилиган, қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Жавоб: (маг. Б.Ғ.Носиров) Президент Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 03.10.2019 йил Вазирлар Махкамасининг “Фарғона вилоятида туризмни ривожлантиришнинг чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Қарорга биноан, Фарғона вилоятига қўшни давлатлардан келадиган сайёҳларни эпидемия-санитария қоидаларига асосан қабул қилиш шартлари белгилаб берилди. Туристик объектларни реконструкция қилиш ва турфирмаларга субсидиялар бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Савол: (доц. М.М.Эгамбердиева) Вилоят ҳудудини туристик гуруҳлаштиришда қайси кўрсаткичларни асос қилиб олгансиз? Қуйи гуруҳдаги туманларда асосий муаммолар нималар?
Жавоб: (маг. Б.Ғ.Носиров) Тадқиқот ишида Фарғона вилоятида мавжуд туристик объектларни ҳудудий тарқалиши, жойлаштириш объектлари сони, йиллик келадиган туристлар сони ва фаолият юритаётган туристик фирмалар сони асос қилиб олинди. Қуйи гуруҳда жойлашган Бешариқ, Данғара, Қува, Қўштепа, Боғдод, Учкўприк, Сўх, Ёзёвон туманларида туристик объектлар холати қониқарли даражада эмаслиги, инфраструктура ривожланмаганлиги асосий муаммо сифатида қаралади.
Саволга қўшимча жавобни тўлароқ қилиб ёритиб берди доц. М.И.Назаров: Қуйи туристик гуруҳдаги туманларда туристик объектлар камлиги, асосан қадимий уламолар қабрлари ва масжидлардан ёки булоқлардан иборат эканлиги ҳам асосий сабаблардан бири ҳисобланади.
Кафедра мудири: Эндиги навбатни илмий раҳбар хулосаси ва тақризчиларга берсак, Марҳамат! профессор Н.Комилова, Сўз сизга.
Сўзга чиқди: Илмий раҳбар ҳулосаси: г.ф.д., проф. Н.Қ.Комилова: Мавзу бўйича ҳар битта магистрни ўзини фикри, реакцияси борда, масалан, Муҳаббат секин-секинлик билан ўйлаб жавоб берса, Бунёд тезроқ жавоб беради, фикрини оддий маҳаллий тилда тушунтиради, чунки унда мавзусига оид тушунчалар етарлича ва туризмга оид адабиётлар билан кўп ишлайди. Ишларига келсак, Бугунги кунда туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг етакчи ва тез ривожланиб бораётган тармоқларидан биридир. Ҳозирда мазкур соҳани ривожланишининг ўзига хос жиҳати жаҳоннинг турли минтақалари, мамлакатлари иқтисодиётига жадал кириб бораётганлиги билан характерланади. Шу боисдан, сўнгги йилларда туризмни тез ривожланиб бориши билан бирга, унинг етук кадрларга бўлган эҳтиёжини ортиб бориши тенденцияси ҳам кузатилади. Булар ўз навбатида, соҳани ҳар томонлама юқори малакали, рақобатбардош кадрлар билан таъминлашни долзарб қилиб белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 3-октябрда қабул қилган “Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари” тўғрисида қарори эса, Фарғона вилоятида туризм ривожланишида катта қадам ҳисобланиб, амалга оширилаётган лойиҳалар вилоят индустрияси ва иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этади.
Туризмнинг илмий-назарий асосларини ва унинг табиий-иқтисодий географик жиҳатларини очиб бериш, Фарғона вилояти туристик имкониятларини аниқлаш, таҳлил қилиш, улардан оқилона фойдаланиш йўлларини кўрсатиш, шу куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Ушбу тадқиқот ишида мамлакатимизда туризм ривожланишининг асосий йўналишлари, ҳудудлардаги тафовутлар ва уларни бартараф этиш, вилоят ва туманларнинг туристик салоҳиятидан янада самаралироқ фойдаланиш имкониятларини тўлароқ очиб бериш мақсадида танлаб олинди.
Тақиқот ишининг обекти - Фарғона вилоятининг туристик объектлари, тарихий ёдгорликлари, муқаддас қадамжо ва обидалар ҳамда бошқа туристик объектлар танланди. Тадқиқот обеъктига мос равишда, вилоятнинг туристик имкониятлари, уларнинг иқтисодий-ижтимоий географик жиҳатларини баҳолаш масалалари тадқиқот предмети ҳисобланади. Ушбу илмий тадқиқотни амалга оширишда тизимли таҳлил, комплекс, кузатув, қиёсий экологик, картографик, статистик, математик моделлаштириш, компонентларини миқдорий таҳлил қилиш ва бошқа методлардан фойдаланилади.
Магистрлик диссертация ишининг асосий мақсади, Фарғона вилоятида туризмни янада ривожлантиришда туристик ресурслар ва уларнинг маршрутларини ташкил этишдан иборат. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун магистрлик диссертацияда: вилоятга етиб келадиган халқаро ва ички туристик оқимларни барқарорлаштириш, уни мавсумийлик хусусиятларини таҳлил этиш; вилоятда фаолият кўрсатадиган, ўз туристик хизматини интернет орқали тарғибот ва тижорат қиладиган корхоналар веб-сайтлари сифатининг узлуксиз такомиллашиб бориши ва замона талабига жавоб беришини таъминлашга доир маълумотлар билан танишиш, улар фаолиятини таҳлил қилиш; вилоят ички туризмини ривожлантириш мақсадида туристик фирма ва корхоналарга қўшимча имтиёзлар берилиши билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларни ўрганиш вазифалари белгиланди.
Магистрлик диссертация ишида қуйидаги асосий илмий янгиликларга эришиш режалаштирилган: Фарғона вилоятида туризм ривожланишининг илмий асосларини ишлаб чиқиш, туристик ресурслар турларини ўрганиш, унинг вилоят бўйича тарқалиши, ривожланиш муаммолари ва амалий ечимлари, табиий ва иқтисодий географик жиҳатларини очиб бериш; Фарғона вилояти ҳудудини туристик ресурслар салоҳиятига кўра гуруҳлаштириш; Фарғона вилоятининг туристик имкониятларини (табиат ёдгорликлари, этно-туризм ва агротуризм, тарихий-археологик туризм,) аниқлаш ва истиқболда вилоят туристик имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида махсус туристик маршрут карталар яратиш.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти шундаки, улардан ва диссертация материалларидан республикамиз олий таълим муассасаларининг география йўналишларида “Рекреация ва туризм” фанини тегишли мавзуларидаги маърузалар ва амалий машғулотларни бажаришда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, диссертацияда айрим камчиликлар кўзга ташланади:
Тадқиқот ишида айрим имло хатолари мавжуд;
Тадқиқотда ўрганилаётган объект бошқа бир объектга жумладан, Фарғона иқтисодий районидаги бошқа вилоятлар туризмига таққосланиб ўрганилганда, ишни сифати янада мазмунан бойиган бўлар эди.
Фарғона вилоятининг гастрономик туризм, тиббий туризм масалаларига ҳам янада эътибор кучайтирилганда, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Умуман олганда, ушбу кўрсатилган камчиликлар ишнинг амалий аҳамиятига салбий таъсир кўрсатмайди. Юқоридаги фикрларни эътиборга олган ҳолда, Носиров Бунёдбек Ғоффорали ўғлининг “Туризм ривожланишининг ҳудудий муаммолари ва уни ҳал этиш йўллари” (Фарғона вилояти мисолида) мавзусидаги диссертация ишини тугалланган иш, деб ҳисоблайман ва ҳимояга тавсия этаман.
Do'stlaringiz bilan baham: |