Иккинчи масала юзасидан гуруҳ мураббийи Ш.Юляхшиев қуйидагиларни баён этди: “Адолатли фуқаролик жамиятини қуришда жамоатчилик назоратининг ўрни”. Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамият сари” тамойили давлат бошқаруви соҳасида фуқароларнинг роли тобора ортиб бориши, барча фуқаролик жамоатчилиги институтлари тизимининг янада ривожланиши ва уларнинг давлат бошқаруви жараёнларига қўшадиган ҳиссалари кўпайишини назарда тутади.
Чиндан ҳам, охирги йилларда бутун дунё бўйлаб бошқарув ислоҳотларини ўтказишда ҳаракатлантирувчи куч сифатидаги фуқаролик жамиятининг сезиларли ўсиши кузатилмоқда. Кўп ҳолларда давлат ва фуқароларни ошкоралик ва ҳисобдорликни мустаҳкамлаш, шунингдек ҳукуматларнинг хизмат кўрсатиш имкониятлари бўйича кенг инновация ташаббусларига жалб қилиш борасида фуқаролик жамияти институтлари ишончли ҳамкор сифатида ҳаракат қиладилар.
Фуқаролик назоратининг кучли воситалари ёрдамида бутун дунёда бюджет ва давлат харидлари сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш, унинг ҳолати устидан назорат қилиш, шунингдек, ҳисобдор бошқарув ҳамда давлат институтларининг ошкоралигини қўллаб-қувватлашда фуқаролик жамиятининг иштироки жадал суръатларда ривожланиб келган. Фуқаролик кучлари ва соғлом ижтимоий турмушга хос бўлган бошқарувда жамоатчиликнинг салмоқли иштироки ижтимоий барқарорлик ва тинчликнинг пойдеворидир.
Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидандир. Яъни, давлат органлари аҳолига ўз сиёсати, ҳаракатларини тушунтириб бериши, халқ олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши бугунги замон талабидир.
Фикримизча, жамоатчилик назоратида жараён эмас, натижага қараб хулоса чиқариш зарур. Акс ҳолда, жамоатчилик назорати ижро ҳокимияти идораларини депсиниш ҳолатига тушириб қўяди. Шу сабабли жамоатчилик назоратида жараён эмас, натижа асосий мезон бўлиши лозим.
Хулоса шуки, «давлат ҳокимияти» ва «жамоатчилик назорати» бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг бирлиги халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан бегоналашувининг олдини олиб, озчилик ва кўпчилик деспотизмига йўл қўймайди. Давлат ҳокимияти ва жамоатчилик назоратининг уйғунлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |