ТАВСИЯЛАР
“Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”
Абдурауф Фитрат
Бобомнинг байти бор япроқларингда,
Момомнинг тафти бор чорбоғларингда.
Онамни эслатар райҳонинг, юртим,
Дадамнинг ҳиди бор тупроқларингда.
Иқбол Мирзо
Мамлакат ҳаётида юз берадиган ҳар қандай ўзгариш, амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, оилаларда намоён бўлади. Шу боис ҳам оилаларда тинчлик ва осойишталик, соғлом муҳит мўътадиллигини таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардандир. Зеро, аҳил ва мустаҳкам оила — юрт таянчи, унинг ишончли келажаги, миллат шарафини юксакларга кўтарадиган меҳр-мурувват, маънавият ўчоғи ҳисобланади. Зеро, оилаларимиз тинч бўлса, жамиятимиз осойишта, фаровон, фарзандларимиз эса тўла-тўкис маънавий-руҳий муҳитда вояга етади. Бизнинг асосий мақсадимиз жамият тараққиётида, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим эканлигини ҳисобга олиб, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашни илмий ўрганишдан иборат.
Мақсад: Маънавият асослари, Диншунослик фанидан олинган назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, миллий ва диний қадриятларни, жумладан, оила – энг олий қадрият эканлигин талабалар онггига сингдириш ҳисобланади. Бахтли оила саройини қуриш ҳақида неча минг йиллардан бери жуда кўп донишмандлар насиҳатлар қилганлар. Ҳозир ҳам давримиз олимлари, буюк обрў –эътиборли инсонлари бу мавзуда зарур маслаҳатлар беряптиларким, бу ўгитларга амал қилганлар бахт топяптилар. Ўтилган дарсларда оила ҳақида илгари сурилган ғоя ва мулоҳазаларнинг инсоний муҳаббат, меҳру вафо, никоҳ, фарзанд тарбияси, миллат келажаги сингари боқий қадриятларни талабалар қай даражада ўзлаштирганлиги, ўзининг оиласи, олдинги авлодлари, ота –боболари, яқин қариндошларига бўлган муносабатини, меҳр оқибатини , эътиқодини ифода этиш қобилиятини аниқлаш - мақсадларимиз марказидаги масаладир.
Вазифа: Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳам фикримизнинг яққол исботидир. Бу вазифа давлатимиз ички сиёсатининг бош йўналишларидан бирига айланди. Ватанимизнинг порлоқ келажагини ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлод таъмин этади. Фарзандларни эртанги куннинг муносиб эгалари ҳамда ворислари қилиб вояга етказиш ота-оналарнинг орзуси, масъулияти, бурчидир. Бу вазифаларни талаба-ёшлар нечоғлик англаб, тушунишади. Мустақил ишининг асосий вазифаси – талабаларнинг ўз оиласига бўлган эътиборини, меҳр –оқибатини, иймон- эътиқодини кучайтириш, ўз авлодлари шажарасини, оилавий анъаналар ва урф одатларни янада яқинроқ ўрганиш, оилапарварлик, ватанпарварлик, диний бағрикенглик туйғуларини юксалтиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |