Б А Ё Н Н О М А С И
2020- йил 25-март Китоб шаҳри
Қатнашдилар:
Методика кенгаши аъзолари, мудир ўринбосари Ю. Муҳаммадиев, таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш шўъбаси раҳбари А. Умаров, бошланғич таълим фани методисти З. Рахмонова, 21-мактабнинг ўқув тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Хушвақтов Ғайрат ва Қурбонов Олимжонлар.
Кун тартибида:
Тумандаги 21-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоатнинг илғор иш тажрибасини дарс ишланма шаклида оммалаштириш тўғрисида
Эшитилди:
Илғор иш тажрибаларни оммалаштириш юзасидан бошланғич таълим фани методисти З. Рахмонова қуйидагиларни гапириб ўтди.
Тумандаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг 1-тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоат 23 йиллик педагогик стажга эга бўлиб, бошланғич синф ўқувчиларига самарали таълим-тарбия бериб келмоқда. Иш фаолияти давомида бир неча бор ўқувчилари бошланғич синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган танловларнинг туман босқичида фахрли ўринларни эгаллаб келган. Бундан ташқари ўқитувчи 2016-2017, 2017-2018, 2018-2019 ўқув йиллар давомида “Энг яхши дарс ишланма”, “Энг яхши дидактик тарқатма” танловларининг туман босқичида математика фанига оид дарс ишланмалари ва дидактик материаллари билан иштирок этиб, фахрли ўринни эгаллаган. Ўқувчилари “Энг яхши баён”, “Ким кўп шеър билади”, “Кимнинг хати чиройли” танловлари, “Янги авлод олимпиадаси”нинг туман босқичида бир неча бор иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келган.
Бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоатнинг иш тажрибаси 2018-2019 ўқув йилининг 2-ярим йиллигида семинарлар давомида, 2019-2020 ўқув йилида ҳудудий методбирлашмалар жараёнида ўрганилди ҳамда ўрганиш жараёнида ўқитувчи математика дарсларида интерфаол методлар, мультимедиа воситалари ва электрон дарсликлардан самарали фойдаланилаётгани, натижада ўқувчиларнинг математик саводхонлиги талаблар даражасида эканлиги аниқланди. Ана шу натижаларни инобатга олиб, ўқитувчининг математика дарсларида қўллаётган интерфаол методлардан иборат дарс ишланмалари туман миқёсида оммалаштиришга лойиқ деб топилди.
Юқорида билдирилган фикрларга асосан туман Методика кенгаши қарор қилади:
Тумандаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг биринчи тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоатнинг илғор иш тажрибаси “намунали” деб баҳолансин.
Тумандаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоатнинг математика дарсларидаги тажрибаси туман миқёсида оммалаштирилсин.
21-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоатнинг 1-4 синфларда математика фанидан тайёрланган дарс ишланмалари фойдаланиш учун электрон вариантда умумий ўрта таълим мактабларига етказилсин.
21-мактабнинг 1-тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Эрназарова Рафоатнинг интерфаол методлар асосида ташкил этаётган математика дарсларини вилоят миқёсида оммалаштириш вилоят халқ таълими бошқармаси ҳузуридаги Методика кенгашидан сўралсин.
Ушбу қарорнинг бажарилишини таъминлаш бошланғич таълим фани методисти З. Рахмонова зиммасига юклатилсин.
Методик кенгаш раиси Ю. Муҳаммадиев
Котиби Ф. Эрназарова
Do'stlaringiz bilan baham: |