14.1. Оғиз бўшлиғида овқат ҳазм қилиш жараёни
Оғиз бўшлиғида овқат физикавий ва дастлабки кимёвий қайта ишлови амалга оширилади. Яна бу ерда мавжуд бўлган рецепторлар ёрдамида унинг ҳазм бўлишида муҳим аҳамият касб этадиган мазаси қайд қилинади. Овқатнинг майдаланиши оғиз бўшлиғидаги тишлар ёрдамида содир бўладиган физикавий ўзгариш бўлиб, катта одамларда 32 та тишлар мавжуд (курак, қозиқ, кичик ва катта озиқ тишлар). Боланинг 6-8 ойлигидан бошлаб сут тишлари чиқа бошлайди. Дастлаб пастки жағдаги ўрта курак тишлар, кейин тепа жағдаги ўрта ва ёнбош курак тишлар пайдо бўлади. Биринчи ёшнинг охирига келиб болада саккиз тиш чиқади. Сут тишларининг барчаси (улар 20 та) иккинчи ёшнинг охири ёки учинчи ёшнинг бошида пайдо бўлади. Уларнинг ривожланиши овқатланиш омили билан ҳам боғлиқ, шу сабабдан сут тишларининг чиқиши боланинг озиқланиш хусусиятларига қараб қайд қилинган муддатдан бироз кечикиши ёки тезлашиши ҳам мумкин.
Бола 6-7 ёшга тўлганида сут тишларининг илдизлари сўрилиб, юқори қисмлари эса тушиб кетади ва уларнинг ўрнида доимий ёки ҳақиқий тишлар пайдо бўлади. Кичик озиқ тишлар ва учинчи катта озиқ тишлар (ақл тишлар) сут тишларисиз мустақил ривожланади. Одатда, 14 ёшга келиб доимий тишлар чиқиб бўлади, фақат ақл тишлар айрим кишиларда 25-30 ёшларга келиб ўсиб чиқади. Баъзиларда эса юқори жағда, улар умуман кузатилмайди.
Тишларнинг соғлом ва тўлиқ бўлиши инсон саломатлиги учун жуда муҳим, шунинг учун ёшликдан бошлаб уларни парвариш қилиш, турли жароҳатлардан, турли касалликлардан эҳтиёт қилиш лозим. Ҳозирги пайтда кенг тарқалган тиш касалликларига кариес, яъни тишларнинг чириши киради. Унинг келиб чиқиши тиш эмалининг сут кислотаси таъсирида деминерализацияланишидан бошланади. Сут кислотаси эса тишлар орасидаги углеводлар қолдиғининг ачиб, парчаланишидан ҳосил бўлади. Эмали кетган тишнинг дентини тишнинг асосий қисми устига микроблар (асосан стрептококлар) жойлашиб олиб уни емиради ва чириш бошланади. Шунинг учун овқатланилгандан кейин тишларни тозалаш, оғизни илиқ сув билан бир неча марта чайқаб ташлаш керак. Маълумки, болалар ширинликка анча ўч бўлади, ҳатто уйқудан олдин ҳам айрим болалар ширинлик ёки нон еб ётишади. Ундай ҳолат айтилган сут кислотаси ҳосил бўлиши учун қулай шароит туғдиради. Яна тиш эмалининг шикастланиши иссиқ ва совуқ сув, овқатларни аралаштириб истеъмол қилиш, қаттиқ нарсаларни тишлаш (данак ва ёнғоқ чақиш ва бошқалар) туфайли ҳам кузатилади. Кариеснинг олдини олиш учун ҳар куни икки махал, кечқурун уйқудан олдин ва эрталаб турганидан кейин тишларни пасталар ёки порошоклар билан ювиб тозалаш даркор.
Тишларнинг соғлом бўлиши яна баланслаштирилган овқатланишга (истеъмол таомлари таркибида барча озиқ моддалари, витаминлар ва минерал моддаларнинг етарли миқдорда ва меъёрий нисбатда бўлиши) ҳам боғлиқ.
Оғиз бўшлиғида овқат майдаланишдан ташқари яна дастлабки кимёвий парчаланишга ҳам учрайди. Бу ўринда асосий вазифани уч жуфт катта (қулоқ олди, тил ости ва жағ ости) ва кўплаб майда (оғиз бўшлиғи, тилда сочилиб жойлашган) сўлак безларидан ажралиб чиқадиган сўлак шираси бажаради.
Сўлак безлари бола туғилиши билан ўз функциясини бошлаб, 9-12 ойлик болаларда сўлак жадал ажралади. Ўртача сутка давомида болаларда 800 см3 атрофида сўлак ажралади. Сўлак 99% сувдан иборат бўлиб, таркибида айрим ферментлар (масалан амилаза) ҳам учрайди, улар таъсирида овқат таркибидаги крахмал шакаргача парчаланади, шунинг учун оғизга бироз қотган нон олиб узоқ вақт чайналса, ширин маза сезилади. Сўлакда яна шилимшиқ органик модда муцин бўлиб, у овқат луқмасини қизилўнгач орқали ошқозонга ўтишини осонлаштиради. Қизилўнгач оғиз бўшлиғини меъда билан боғлаб туради, унинг узунлиги ёшга қараб ошиб боради, агар у энди туғилган болаларда 10 см бўлса, 5-ёшлиларда 16-см, 15-ёшлиларда 19-см ва катта одамга келиб, 25-см га етади.
Do'stlaringiz bilan baham: |