Ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш
Ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш техника тараққиётининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини тинимсиз ошириш ва маҳсулот сифатини юқори даражаларга кўтариш учун хизмат қиладиган омил ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш иборасининг изоҳли луғатда «энергия, материаллар, маълумотларни олиш, мақсадга мувофиқ ўзгартириш, узатиш жараёнларида одамни қисман ёки тўла иштирок этишдан озод қиладиган техник воситалар, иқтисодий-математик методлар ҳамда бошқариш тизимларини ишлаб чиқаришда қўллаш» деб таърифланиши фан-техника тараққиётининг бу соҳаси жуда катта иқтисодий ва ижтимоий моҳиятларга эга эканлигини кўрсатади.
У ижтимоий ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ва иқтисодий ривожланишнинг асосий кўрсаткичи бўлмиш ишлаб чиқариш самарадорлигининг узлуксиз ошишини таъминлайди; жисмоний ҳамда ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар орасидаги тавофутни аста-секин йўқолишига олиб келади.
Ишлаб чиқариш жараёнларининг иш унумдорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш йўлларидан бири электрон ҳисоблаш машиналари, робот ва компьютер техникаси билан жиҳозланган ишлаб чиқаришни автоматлаштиришдир. Халқ хўжалигининг асосий тармоқларида, жумладан озиқ-овқат ҳамда кимё саноатида алоҳида машина, агрегат механизмларни автоматлаштиришдан цех, технологик бўлим ва заводларни тўлиқ автоматлаштиришга ўтилаяпти. Натижада технологик жараёнларнинг бошқаришни автоматлаштирилган системалари (ТЖАБС), корхоналарнинг бошқаришни автоматлаштирилган системалари (КАБС) ҳамда тўлиқ тармоқларни бошқаришнинг автоматлаштирилган системалари (ТТБАС) яратилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришда одам қўл меҳнатини махсус автоматик қурилмалар иши билан алмаштириш жараёнига автоматлаштириш дейилади.
Берилган хом ашё ёки ярим фабрикатдан тайёр маҳсулот олиш учун йўналтирилган таъсирлар тўпламига ишлаб чиқариш жараёни дейилади. Ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёнини қуйидаги асосий элементларга ажратиш мумкин:
1. Оддий ишчи жараёнлар;
2. Бошқариш операциялари;
3. Назорат операциялари.
Оддий ишчи жараёнлари қуйидагилардан иборат:
а) Соф ишчи жараёнлар;
б) Ўрнатиш операциялари;
в) Транспорт операциялари;
г) Хизмат кўрсатиш операциялари.
Масалан, нон ишлаб чиқариш жараёнида соф ишчи жараёни бўлиб хамирни бўлиш аппаратида хамир зувалаларини олиш ҳисобланади. Бу ерда ўрнатиш операциясида аппаратнинг маълум тур ярим фабрикат олиш учун ишчи органларини ўрнатиш тушунилса, транспорт операциясида эса хамир зувалаларини кейинги аппаратга (масалан, хамир майдалаш аппаратига) транспортёр орқали узатиш тушунилади, хизмат кўрсатиш операциясида эса машинани ўз вақтида тозалаш ёки ёғлаш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |