3. Аудиторлик ҳисоботининг шаклива тузилиши. Амалга оширилган аудиторлик текшируви натижалари бўйича аудитор аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосасини тайёрлаши лозим. Бошқа турдаги аудиторлик хизматлари кўрсатилганда ҳам аудиторлик ҳисоботи тайёрланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини тартибга солиш меъёрларнинг элементи бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001 йил 10 мартда 1016-сон билан рўйхатга олинган Аудиторлик фаолиятининг миллий андозалари (70-АФМА) «Молиявий ҳисобот тўғрисида аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси» ҳисобланади.
Андоза мақсади – бу амалга оширилган аудиторлик текшируви натижаларига кўра аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосасини тайёрлашга оид ягона тартибни ўрнатишдир.
Мазкур андозанинг талаблари, аудиторлик текширувини ўтказишда ва хўжалик юритувчи субъектга аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосасини тақдим этишда барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурийдир.
Аудиторлик ҳисоботи – хўжалик юритувчи субъектнинг
раҳбари, мулкдори, иштирокчилари (акциядорлари) умумий
йиғилишига тақдим этиладиган аудиторлик текширувининг бориши,
бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган тартибидан
аниқланган четга чиқишлар, молиявий ҳисоботдаги ҳуқуқ бузилишлари тўғрисида батафсил маълумотлар, шунингдек, аудиторлик текширувини ўтказиш натижасида олинган ва аудиторлик хулосасини тузиш учун асос ҳисобланадиган бошқа ахборотдан иборат ҳужжат.
Аудиторлик ҳисоботи қуйидагилардан иборат:
номи («Аудиторлик ҳисоботи» ёки «Аудиторлик ташкилотининг
ҳисоботи»: иккала ном ҳам бир кучга эга);
йўлланилаётган мижоз номи;
кириш қисми;
таҳлилий қисм;
якуний қисм.
Молиявий ҳисобот бўйича аудиторлик текширувини амалга оширган аудитор (аудиторлар) томонидан аудиторлик ҳисоботининг ҳар бир саҳифаси имзоланиши лозим.
Аудиторлик ҳисоботи, буюртмачининг барча керакли бўлган реквизитлари қайд этилган ҳолда, аудиторлик текшируви буюртмачисига юборилади.
Аудиторлик ҳисоботининг кириш қисмида аудиторлик ташкилоти реквизитлари, шу жумладан, аудиторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг рақами ва берилган санаси, аудиторлик текширувида иштирок этган аудиторлар ва бошқа шахслар тўғрисида маълумотлар, шунингдек, аудиторлик текширувини ўтказиш учун асос ва хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг умумий тавсифи келтирилади.
Аудиторлик ҳисоботининг таҳилий қисми АФМСга ҳавола қилиниши ва унда қуйидагилар бўлиши шарт:
хўжалик юритувчи субъект ички назорат ҳолатининг текширув
натижалари (батафсил баёни);
бухгалтерия ҳисоби ҳолати ва молиявий ҳисоботнинг текширув
натижалари;
- молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш пайтида қонунчилик талабларига риоя этилишининг текширув натижалари;
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўғри ҳисобланганлиги ва тўланганлигининг текширув натижалари;
- активлар бутлигининг текширув натижалари.
Хўжалик юритувчи субъект ички назорат тизими ҳолатининг текширув натижалари тўғрисидаги ахборот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизими унинг
фаолият миқёслари ва хусусиятига мувофиқлигининг умумий баҳоси;
- аудиторлик текшируви вақтида хўжалик юритувчи
субъектнинг ички назорат тизими унинг фаолият миқёслари ва хусусиятига оид аниқланган жиддий номувофиқликлари тўғрисида ёритиш.
Хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ҳолати ва молиявий ҳисобот текшируви натижалари тўғрисидаги маълумот қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:
- бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашда белгиланган тартибга риоя қилинишини баҳолаш;
- аудиторлик текшируви вақтида аниқланган бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашда белгиланган тартибининг жиддий бузишларга оид ёритиш.
Хўжалик юритувчи субъект томонидан молиявий-хўжалик операцияларини амалга ошириш пайтида қонунларга риоя қилинишини текшириш натижалари тўғрисидаги ахборот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- хўжалик юритувчи субъект томонидан амалга оширилган молиявий-хўжалик операцияларининг амалдаги қонунчиликка мувофиқлигини баҳолаш;
- аудиторлик текшируви вақтида аниқланган хўжалик юритувчи субъект томонидан амалга оширилган молиявий-хўжалик операциялар амалдаги қонунчиликка жиддий номувофиқларининг баёни.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш тўғрилигининг текширув натижалари тўғрисидаги ахборот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоблар тўғри тузилганлиги ва тегишли идораларга тақдим этилганлигини баҳолаш;
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш
бўйича белгиланган тартибни бузиш ҳолатлари, солиққа тортиш
базасини аниқлашдаги четга чиқишлар баёни.
Активлар бутлигини текшириш натижалари инвентарлашга асосланиши ва ўз ичига уларнинг ҳақиқатдан ҳам мавжудлиги ва бутлиги тўғрисидаги маълумотлардан таркиб топиши керак.
Аудиторлик ҳисоботининг якунловчи қисми аниқланган камчиликлар ва хатоларни бартараф этиш бўйича аудиторлик ташкилотининг тавсияларидан ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий-хўжалик фаолияти самарадорлигини оширишга доир таклифлар ва маслаҳатлардан иборат бўлиши лозим.
Аудиторлик ташкилоти тайёрланган аудиторлик ҳисоботи бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади.
Аудиторлик ҳисоботидаги маълумот маҳфий ҳисобланади ва ошкор этилмаслиги керак. Ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ушбу ахборотни ошкор этганлиги учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
4. Аудиторлик хулосаларининг турлари.