Чўл зонасининг сур тусли қўнғир тупроқлари
Бу тупроқлар тупроқшуносликда узоқ йиллар давомида алоҳида типга ажратилмасдан, бўз тупроқлар билан бирга қўшиб ўрганилди. И.П.Герасимов сур қўнғир тусли чўл тупроқларни алоҳида мустақил типга ажратишни тавсия этди. Бу соҳада Н.В.Кимберг , С.А.Шувалов (1949) , Г.И.Доленко (1953) ва Е.В.Лобова (1960) ларнинг олиб борган тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу жараённинг тезлашишига тупроқнинг маълум даражада шўрланганлиги ҳам катта таъсир этади. Чўл ўсимликлари биомассасининг 80 фоизи илдизларга тўғри келади. Сур қўнғир тусли тупроқларда чўл ўсимликлари биомассасида кальций, магний, ва натрий ҳам анча кўп тўпланади ҳамда тупроқнинг шўртобланиши кузатилади ва ишқорийлиги ошади.
Қарши чўлида ўтказилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики ,гипс қатлами яқин (30-50см) ва гипс миқдори 40-60фоиз бўлган сур-қўнғир тусли тупроқлардан пахта ҳосили ўртача 19,2 ц/га, полиз экинлари 185 ц/га кунгабоқар 10,2ц/га, картошка 72, сабзи 132, пиёз 650-700 ц/га ташкил этади.
Сур-қўнғир тусли тупроқлар минерал ва органик ўғитларга жуда талабчан, гумус кам бўлганлиги сабабли тупроқнинг биологик активлиги жуда паст . Энг муҳими ер ҳайдалаётганда гипс усти (20-40 см) унумдор қатламни сақлаб қолишга эътибор бериш лозим . Гипсли сур-қўнғир тусли тупроқлар юқори сув ўтказувчанлик хоссасига эга бўлганидан ва баъзи ерларда суффозия (ўпқон) сингари ўйилиб кетишнинг олдини олиш учун суғориш усуллари ва технологиясига олҳида эътибор берилади. Бунинг учун ҳозир кластр тизимига ўтган хўжаликлар даласи тупроқ шароитига қараб қисқа эгатлар орқали суғориш, ёмғирлатиб суғориш ва томчилатиб суғориш усулларини қўлламоқдалар .
Ерларни отвалсиз плуглар ёрдамида 70-80см чуқурликда юмшатилиб капитал текислаш орқали суффозия бўшлиқларини тупроқ билан тўлдириш яхши самара беради.
Тақирлар ва тақирсимон тупроқлар .
Тақирларнинг келиб чиқиши ҳақида турлича фикрлар мавжуд. Геологлар тақир ҳосил қилувчи лойқа заррачалар сув оқимларининг тўпланишидан ҳосил бўлади дейишса, геоморфологлар шамолнинг таъсирида пайдо бўлган дейишади. Тупроқшуносларнинг тасаввурича тақирларнинг пайдо бўлиши тупроқ ҳосил бўлиши билан боғлиқ жараён ҳисобланади.
Тақирларнинг сув- физик хоссалари ёмон бўлганлиги сабабли нам захираси жуда паст,айниқса ёзда сўлиш намлигигача камайиб кетади. Тақир тупроқларнинг унумдорлигини ошириш мақсадида гўнг ва компост солиш, турли яшил ўғитлар экиш , тупроқнинг биологик активлигини оширишда яхши хизмат қилади. Тақирлар устига қум сепиб кольмотажлаш яхши самара беради. Тақирларнинг мелиоратив холатини яхшилашнинг энг муҳим шарти уларни агротехник тадбирларга қатьий амал қилган ҳолда- ювишдир .
Қашқадарё ва Сурхондарё тақирсимон тупроқларининг сув -физик хоссаларини , агрокимёвий хоссаларини ҳамда мелиоратив ҳолатини мукаммал ўрганиб , ғўза ва унга йўлдош экинлар ҳосилдорлигини оширишда илмий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилишида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Пахтачилик илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали олимларининг хизматлари беқиёсдир.
Умуман олганда тақирли тупроқларда деҳқончилик маданиятига қатьий риоя қилиш ҳамда ўғитлардан , сувдан самарали фойдаланиш орқали тупроқни ишлаш тизими, экинларни тўғри навбатлаб экиш каби муҳим агротехник тадбирларни қўллаш бу тупроқларга экилган барча ўсимликлардан мўл ҳосил олиш имкониятини яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |