Тадқиқот натижаларининг апробациялари. Тадқиқот натижалари 2 та халқаро ва 3 та республика илмий-амалий анжуманларда апробациядан ўтказилган.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 13 та илмий иш, шулардан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 8 та мақола, жумладан, 5 таси республика, 3 таси хорижий журналларда эълон қилинган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Ишнинг ҳажми 144 саҳифадан иборат.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Тадқиқотнинг “Кириш” қисмида ишнинг долзарблиги ва зарурати, муаммонинг ўрганилиш даражаси, илмий янгилиги, тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг асосий устувор йўналишларига боғлиқлиги, объекти, предмети, методлари, мақсади ва вазифалари аниқланган, олинган натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти, амалиётга жорий қилингани, апробацияси, нашр этилган ишлар ҳамда диссертациянинг тузилиши бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг “Ўзбек насрида тетралогия жанри генезиси ва такомиллашуви” деб номланган биринчи боби икки фаслдан таркиб топган. Бобнинг “Тетралогиянинг шаклланиш босқичлари” фаслида тетралогия жанрининг генезиси, ривожланиш омиллари, шаклланиш босқичлари, жаҳон ва ўзбек адабиётида бажарилган тадқиқотлар умумлаштирилиб, тарихий тетралогияда муаллиф позицияси, ижодий ният ва тарихий ҳақиқат бутунлиги ҳамда жанрий қонуниятлари тадқиқ этилди.
Адабиётшунослик луғатлари ва романшуносларнинг фикрларида роман-эпопея табиатига хос бўлган бадиий талқин хусусиятлари, жанрнинг ўзига хос қонун-қоидалари мавжудлиги қайд этилади. Жанрга оид унсурларнинг “Улуғ салтанат” тетралогиясида акс этиши ҳақида академик Б. Назаровнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик:“Тарихий роман-эпопея бўлиши учун унда улкан тарихий муаммолар, улкан тарихий шахслар, давр қиёфаси, миллат(лар) тақдирига таъсир этган масалалар ҳамда шуларга муносиб равишдаги эпик бадиий кўлам, талқин ва тасвир талаб этилади. Шу маънода Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогияси тарихий роман-эпопеянинг барча асосий талабларига жавоб беради ва у ўзбек адабиёти тарихидаги том маънодаги биринчи тетралогиядир”10. Бу фикрлар, ҳақиқатан ҳам, “Улуғ салтанат” роман-эпопеясини ҳақли равишда илк ўзбек тетралогияси намунаси дейишга асос бўлади.
Ўзбек романчилиги қарийб юз йиллик тарихий жараённи босиб ўтди. Ўтган вақт оралиғида шаклланиб келаётган романга хос анъаналарнинг вориси бўлган роман-дилогия11, роман-трилогия12, роман-тетралогия13, роман-пенталогия14 каби жанрий-композицион ўзгаришларга тамал тоши қўйилди. Масала моҳиятини жанрнинг ички ва ташқи ривожланишлари тамойилида баҳолайдиган бўлсак, уларнинг ҳеч биридан адабий таъсирланмай, ифода ёки матн тузишда уларга мурожаат қилинмаган, деган даъводан йироқмиз.
Тарихий тетралогияни ўрганиш асносида уни шартли равишда тўрт босқичга бўлиб тадқиқ этиш назарий мулоҳазаларни бир қадар ойдинлаштиради: биринчи босқич, илк қаҳрамонлик эпосларининг юзага келиш вақти; иккинчи босқич, Ўрта асрлар уйғониш даври адабиётида яратилган эпослар; учинчи босқич, XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг 30-40 йиллар адабиёти намуналари; тўртинчи босқич, XX аср охири ва XXI аср адабиёти намуналари сирасига кирувчи эпик кўламни ёритувчи тетралогия намуналари.
Тетралогия – романга қараганда бир-бирига мантиқан боғланган (асарнинг ғоявий таянч нуқтаси бир марказда уюшган), сюжет ва композицион жиҳатдан нисбий мустақилликка эга тўрт асар мажмуидан иборат эканини академик А. Саидовнинг қуйидаги ихчам таърифи ҳам тасдиқлайди: “Тетралогия – ғояси ва мазмуни бир хил бўлган тўртта адабий ёки мусиқий асар деганидир”15. Бизнингча, тетралогияда ижодкор ғоявий мақсадининг ягоналиги, яхлит концепцияга эга бўлган эпик кўламдорлиги маълум жараён, давр силсилаларини ўзида акс эттиргани билан бошқа жанрлардан ажралиб туради.
“Улуғ салтанат” тетралогиясининг юзага келишидаги омиллар хусусида таниқли адабиётшунос олим И. Ёқубовнинг қуйидаги фикрлари ҳам эътиборлидир: “Мазкур роман ва умуман сўнгги йилларда ўзбек адабиётида Соҳибқирон образини яратиш сари бошланган адабий жараённи ...биринчи навбатда, истиқлол даври берган имкониятлар, иккинчидан, ҳар бир ижодкорнинг ички интилиши ва ҳаётий кузатишлари, учинчидан, адабий-маънавий эҳтиёж меваси туфайли юзага келди. Қолаверса, ўзбек адабиётида, хусусан, романчилигимизда тўпланган тарихий мавзудаги турфа асарлар тажрибаси “Улуғ салтанат”нинг юзага келишида кучли асос вазифасини ўтади”16. Демак, Соҳибқирон Амир Темурнинг Марказий Осиёда олиб борган қудратли давлатчилиги тарихини бадиият дурдонасига айланиши истиқлол туҳфаси сифатида эътироф этиш асосли.
Тарихий тетралогиянинг тадрижий тараққиётида муҳим ўрин тутган роман шакли хусусида адабиётшунос олим У. Жўрақуловнинг қуйидаги мулоҳазалари аҳамиятли: “Роман адабий жанрлар тараққий этган даврларда рўй берадиган умумий синтезлашув, узвийлашув жараёнларида иштирок этмайди. Адабий жанрларнинг церкулятив ҳаракатларидан четда туради. Айни пайтда бошқа жанрлар тараққиётига ҳам, шакл ва мазмунига ҳам ўз-ўзича таъсир кўрсатади”17. Бу фикрлар роман жанрининг алоҳида эканлиги ва бошқа жанрлар билан ёнма-ён ҳамда узвий тарзда боғлиқлигини тасдиқлайди. Муҳаммад Алининг тетралогиясида келтирилган ҳар тўртала роман ҳам ана шундай хусусиятларни ўзида мужассам этган.
Бобнинг “Тетралогия яратишда поэтик тажрибанинг ўзига хос хусусиятлари” деб номланган иккинчи фаслида Муҳаммад Алининг тарихий асар яратишдаги маҳорати, изланишлари тадқиқ қилинган. Адибнинг тарихий мавзуга қўл уриши “Гумбаздаги нур” (1967) достони билан бошланган. Демак, ижодий жараённинг узлуксиз давом этиши натижасида мазкур лирик туркумдаги изланишлар насрий асарларнинг яратилишига катта замин яратган. Чунки ёзувчи ғоя (ижодий ният)нинг асардан асарга мунтазам чуқурлашиб, теранлашиб бориши учун тинимсиз ҳаракат қилиб яшаши бу ҳали асар яратилди дегани эмас. Ҳар қандай бадиият дурдонаси йиллар давомида тўпланган поэтик тажриба, маҳорат, истеъдод ва изланишлар натижасида дунёга келади. Таниқли адабиётшунос олим Қ. Қаҳрамонов таъкидлаганидек, “Ижодкор қайси жанрда асар ёзмасин, сўз – бадиий образ – образлилик – бадиийлик – эстеътик категория”18 эканлигини идрок этган ҳолда ҳаёт ҳақиқатини теранлик билан қайта кашф этиш йўлида тинимсиз изланишлар олиб боради.
Ёзувчи тарихий мавзуга қўл урар экан, кўз ўнгида буюк фотиҳ ва саркарданинг шахс ва салтанат тузиш борасида қилган меҳнатлари турганлигини диққат марказида ушлаб тура олиши билан ўз маҳоратини кўрсатиб бера олади. Хусусан, тарихни қайта тиклаш (шахсни идрок қилиш)да “қалб диалектикаси” ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Амир Темур ҳақида у ҳаётлик чоғидаёқ кўплаб муаррихлар, шоирлар, ёзувчилар бир қатор асарлар яратишга қўл урганлар. Шундай бўлса-да, Соҳибқирон Амир Темур ёзган ва ёзилганлардан кўнгли тўлмаган пайтлари ҳам бўлган. Ана шу “кўнгилдаги бўшлиқ”ни тўлдириш учун у форс ёзувчиси, муаррих ва ҳусни малоҳатли котиб дея улуғланган Низомиддин Шомийни ўз ҳузурига чақириб, “авом халққа тушунарли, содда шаклда, равон тилда ва айни пайтда маърифатли кишилар эътиборига лойиқ тарзда бир асар ёзишини уқтирган”19. Шу боис ҳам, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темур шахси ва унинг ҳарб юришлари, ташқи ва ички сиёсий иродаси муфассал, гўзал тарзда талқин қилинган. Муҳаммад Али “Зафарнома” сингари қатор тарихий асарлардан илҳомланиб, ўз поэтик маҳорати, истеъдоди, таланти ва тажрибасини янада чархлагани сир эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |