Жамият - кишилар ҳаётий фаолиятининг тарихий ривожланиш шакли бўлиб, ўз тузилиши жиҳатидан мураккаб тизимни ташкил қилади. Жамиятимиз социал тизимининг муайян конкрет шакли сифатида, унинг функционал ва ривожланиш қонуниятини, ҳар бир бўлакчаларнинг ўзига хос томонларини, ўзаро муносабатларини илмий жиҳатдан ўрганиб, тўғри бошқариш муҳим аҳамиятга эга.
Чунки, ўз вақтида кейинги оқибати ўйланмаган, олдиндан социологик асосда таҳлил қилинмаган ва олди олинмаган нуқсонлар жамият тараққиётида салбий асоратлар қолдиради.
Социология тарихида жамият – ўз ижтимоий эҳтиёжларини қондирувчи кишилар бирлиги сифатида тушунилган. Шу билан бирга, жамият айрим ижтимоий бирликгина эмас, балки ижтимоий муносабатлар мажмуаси ҳамдир.
Социология жамият тўғрисидаги таълимот бўлиб, ижтимоий тизимлар ривожланиши ва функционал қонунятлар, ҳаракатлантирувчи кучларни ўрганувчи фан ҳамдир. У турли ижтимоий ҳодисалар, жамият ва табиат ўртасидаги алоқадорликни, шунингдек, шахс, кишиларнинг ижтимоий хулқи, унинг элементлари ва ривожланиш қонуниятларини ўрганади.
Ҳозиргача жамият ҳаётини социологик жиҳатдан тадқиқ қилиш асосан, икки йўналишда ривожланиб келди. Биринчи йўналиш О.Контдан француз социологи Э.Дюркгейм орқали ривожлантирилган америкалик социолог Т.Парсонсларнинг социологик таълимотларини ўз ичига олади. Бу йўналишда ижтимоий тизим ўзгариши ташқи кучлар таъсири орқали тушунтирилиб, кўпроқ психологик омилларга эътибор берилган.
Иккинчи йўналиш: марксистик социологик таълимот бўлиб, унда ижтимоий тизим ички зиддиятлар асосида ички куч таъсири орқали тушунтирилиб, материалистик моҳиятга эга бўлган моддий муносабатларнинг белгиловчи ролига асосий эътибор қаратилган.
Ҳар икки таълимот ҳам жамият ҳаётида муҳим белгиларни ўзида мужассамлаштириб келди.
Социологик амалиёт функционал ўзгаришларсиз, эволюциясиз, революция тушунчаси билан, функционал муносабатлар таҳлилисиз ижтимоий тизимлар ривожланишини фақат зиддият ва конфликтлар орқали асослашга уринувчи бу таълимот жамият ҳаётини бир томонлама ўрганишга олиб келганлигини давр кўрсатмоқда.
Буржуа социологияси номи билан аталган ғарб социологик таълимотида ҳам ўзига хос ижобий жиҳатлар билан бир қаторда, ижтимоий тизимлар ривожланишининг ички зиддиятли хусусиятларини ҳисобга олмаслик ҳам жамиятни бир томонлама тушунтиришни билдиради.
«Жамият ҳаётининг индустрлашуви объектив равишда, қайси ижтимоий тизимлар бўлишидан қатъи назар, ижтимоий иерархиянинг бир хил (ягона) типига олиб боради» - деган америка социологларининг фикри тарихий ривожланиш амалиётида тасдиқланмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |