Муаммонинг ўрганилганлик даражаси: бугунги кунга қадар она тили таълими жараёнида ўқувчилар сўз бойлигини ошириш, машғулотларда ўйин –топишмоқлардан фойдаланиш, тафаккурни ривожлантирувчи ўқув топшириқларидан фойдаланиш, машқ бажариш жараёнида ўқувчиларнинг билиш фаоллигини ошириш ҳамда она тили таълимини ижодий ташкил этиш муаммолари юзасидан А.Бобомуродова, Т.Зиёдова, М.Саидов, Т.Ғаниев, А.Ҳамроевлар илмий изланиш олиб борган бўлсалар-да, бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар устида ишлаш ниҳоятда кам ўрганилган.
Олиб борган кузатишлардан маълум бўлдики, бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар тизими муаммосининг ҳалигача назарий ва амалий жиҳатдан ўрганилмаган томонлари мавжуд эканлиги аниқланди. Шу билан бирга, мазкур муаммони ўрганишнинг педагогик, методик асоси мавжуд. Мазкур тадқиқот муаммоси бўйича дастлабки изланишлар ХХ асрнинг 60-йилларида алгоритмлаштирилган таълим контекстида асос солинган. Буни Л.Н.Ланданинг тадқиқотларида кузатишимиз мумкин. Л.Н.Ланда ўқувчиларга алгоритмлаштирилган таълим орқали ўқув материалини етказиш мумкинлигини алоҳида таъкидлайди. Бу эса, кейинчалик она тили таълими жараёнида машқларга сингдирилди. Яъни машқлар турли кўринишда дарсликларда ўз ифодасини топа бошлади. Бунинг натижаси сифатида “алгоритмик машқ“ тушунчаси ишлатила бошланган. Назаримизда, алгоритмик машқлар ўқувчиларда мустақил ва мантиқий мушоҳада юритишни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар тизими мавзусига дахлдор манбаларни икки гуруҳга ажратиб таҳлил килишга ҳаракат қиламиз. Булар педагогик ва методик манбалардир.
Умуман олганда , “машқ ” ва “топшириқ” тушунчалари узоқ йиллардан буён тадқиқотчилар томонидан ўрганилишига қарамасдан, ҳалигача “топшириқ” тушунчасига оид илмий жамоатчилик тан олган умумий хулосага келинган эмас. Шу фикрни алгоритмик машқлар хусусида ҳам айтиш мумкин.
Тадқиқотда алгоритмик машқларнинг кемтик жиҳатларини ҳисобга олиб, “машқ” ва “топшириқ” хусусида атрофлича фикр юритилиб, муаммога ўқитувчи ва ўқувчи нуқтаи назаридан ёндашилади ҳамда таҳлил қилинади.
Педагогик манбаларда “машқ” ва “топшириқ”ларнинг умумий томонлари кенг ўрганилган бўлса, методик тадқиқотларда машқлар таснифи, уларнинг хусусиятлари анча кенг ўрганилган. Бундай тадқиқотларда она тили дарсликларидаги фонетик, лексик, морфологик, синтактик машқларнинг ўзига хос жиҳатлари ўрганилган.
А.Ғуломов ўзининг илмий изланишларида ўқувчиларнинг ўқув - билув фаолиятларини фаоллаштириш ҳамда ўқув ва билув топшириқларининг ўзига хос қирраларини таҳлил қилган бўлса, методист олим Н.Шукруллаев эса умумий ўрта таълим мактабларида қўшма гапларни ўқитиш жараёнида алгоритмлардан фойдаланиш методикаси юзасидан изланиш олиб борган.
Таҳлиллардан маълум бўладики, бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар тизими муаммосини алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганиш психологик, педагогик ва методик асосга эга. Шунингдек, бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар муаммосининг ҳалигача назарий ва амалий жиҳатдан ўрганилмаган жиҳатлари анчагина топилади: бошланғич синфларда алгоритмик машқлардан фойдаланишнинг мақсади, вазифалари ва имкониятлари ҳалигача таҳлил қилиниб, яхлит ҳолда ўрганилмаган; алгоритмик машқлар устида ишлаш технологияси асосланмаган; бошланғич синф ўқувчиларининг билиш имкониятларига мос алгоритмик машқлар ишлаб чиқилмаганлиги; бошланғич синф она тили таълими мазмунига мувофиқ алгоритмик машқларнинг самарадорлиги назарий ҳамда амалий жиҳатдан таҳлил қилинмаган. Ҳали ҳам мутахассислар орасида алгоритмик машқларни таснифлашда айрим номутаносибликка йўл қўйиш ҳоллари кузатилади. Она тили таълимида ижодий топшириқ ва алгоритмик машқларни ўзаро чегаралаш имкониятлари мавжудми? Репродуктив характердаги алгоритмик машқларнинг афзаллиги нимада? Бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар тизими муаммоси кун тартибига қўйилар экан, бу каби саволлар асосланиш нуқтаи назаридан шарҳланиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |