ҲАЁТ АНАМНЕЗИ
Перинатал давр ҳақида маълумот. Бу маълумот неврологик статуси бор ва ривожланишида ўзгаришлар кузатиладиган бола ҳаётининг биринчи икки йилида жуда аҳамиятли маълумот ҳисобланади. Агар ота-онаси билан суҳбатлашганда ҳомиладорлик, туғруқ даврида ёки туғруқдан кейинги даврда бирорта ўзгариш кузатилган бўлса, бу маълумотлар ёритилган керакли тиббий ҳужжатларни сўратиб олиш керак.
Пренатал давр. Онасининг ҳомиладорликкача ва ҳомиладорлик давридаги соғлигини, овқатланишининг бузилиши ва бошқа ҳомиладорлик патологиялари ҳақида суриштиринг; дори воситаларининг дозаси ва уларни қабул қилиш давомийлиги, бошқа зарарли моддалар, шу жумладан алкоголь истеъмол қилиши ва чекиши ҳақида ҳам маълумот тўпланг. Тана массасининг кўпайиши, бачадондан қон кетиш кузатилганлиги, ҳомиладорлик давомийлиги, ҳомиладорликка, умуман болаларга ва боласига муносабатини кўрсатинг.
Туғруқ. Туғруқнинг кечиши, қандай қийинчилик бўлган ва қандай кечган, туғруқ оғриқсизлантирилганми, қандай асоратлар бўлган, ҳисоб бўйича нечанчи туғруқ, боланинг туғилганидаги оғирлиги.
Неонатал давр. Бола қандай қилиб нафас олган, мустақилми ёки реанимациядан кейинми. Апгар шкаласи бўйича неча балл аниқланган.
Эмизишда қандай қийинчиликлар бўлган, нафас тизими томонидан дистресс-синдром, цианоз, сарғайиш, анемия, тиришишлар, туғма нуқсонлар инфекциялар кузатилганми? Туғруқдан кейин онанинг соғлиғини кўрсатинг, бола онадан алоҳида жойлаштирилганми, алоҳида бўлса, сабаби; она болага қандай муносабатда бўлган, меҳрибонлик туйғуси. Нажас ва пешоб ажратишда ўзгаришлар бўлганми, бола қандай ухлаган?
Овқатлантириш. Айниқса биринчи икки йил ичидаги овқатланиш ҳақида маълумот олиш жуда муҳим (керагидан кўп ёки кам овқат ейиш).
Кўкрак ёши. Кўкрак билан эмизиш: неча марта ва неча дақиқадан эмизган. Сутли аралашмалар ва қўшимча овқат қачон бера бошлаган, бўлган қийинчиликлар, кўкракдан ажратиш муддати. Сунъий овқатлантириш: тури, концентрацияси, ҳажми; неча марта берилган, кузатилган қийинчиликлар (ўқчиш, санчиқлар, ич кетиши). Витаминлар ва темир препаратларини қўшиш: тури, ҳажми, неча марта ва қабул қилиш даври. Қуюқ овқат: тури, ҳажми, боланинг бунга муносабати, умумий столга ўтказиш муддати, мустақил овқатланиш, ота-она ва боланинг овқатланиш жараёнига муносабати.
Болалик. Овқат билан боғлиқ одатлар: у ёки бу овқатни ёқтириш ва ёқтирмаслик, ейдиган овқатининг тури ва ҳажми, ота-онасининг овқатланишгга, хусусан шу боланинг овқатланишига муносабати, кам ёки кўп овқат еб қўйиш. Овқатланишда ўзгаришлар сезилса, уни аниқроқ баҳолаш мақсадида 1-2 ҳафта ичидаги таомномани аниқлаб олиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |