“Америка готикаси” асарининг баёни Грант Вуднинг исми илк бор тилга олингандаёқ, кўпчиликнинг кўз ўнгида унинг “Америка готикаси” деб номланувчи энг машҳур асари гавдаланади. Бу асар шунчалик машҳурки, кўпчилик муаллифини билмаган ҳолда уни дарҳол танийди. Унинг образи оммавий ахборот воситаларида кўп маротаба намойиш қилинади, кўплаб асарлар, мультфильмлар ва бадиий фильмларда фойдаланилади.
Ушбу асарнинг таниқлилиги туфайли Грант Вуд “битта асар устаси” мақомига эга бўлганди. Аслида ижодкорнинг мероси анча кенг. АҚШ учун у Регионализм деб номланувчи америкача оқимнинг ёрқин намоёндаларидан ҳисобланади. Рассомнинг ижоди ўзига хос ва машҳур.
Муболағаларсиз айтиш мумкинки, “Америка готикаси” асари Да Винчининг “Джоконда”, Мункнинг “Бўса” ёки Микеланджелонинг “Одам Атонинг яратилиши” асарлари билан қиёсланадиган дунёдаги энг кўзга кўринган ижод дурдоналаридан бири саналади. Асар яритлганидан буён кўпгина пародияларнинг қурбонига айланди. Ҳатто асар мазмунининг жуда мудҳиш талқини ҳам мавжуд. Бироқ муаллифнинг ўзи “Америка готикаси” асарига қандай маъно берган эди?
Воқеа 1930 йилда Айова штатининг Элдон шаҳарчасида бошланган эди. Айнан ўша пайтда ўз штатидан ташқарида унчалик машҳур бўлмаган рассомда шахсан ўзи туғилган Ўрта Ғарбнинг оддий аҳолиси ҳаётини тасвирлаш фикри пайдо бўлади. Бунинг устига Шимолий Уйғониш даври усталарининг ижодига бўлган қизиқиш ва Викториан услубига муҳаббат ҳам унга ўз таъсирини кўрсатади. Ўшанда у Чикаго санъат институти танловига тақдим этилган “Америка готикаси” асари қанчалик шов-шувга сабаб бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Рассомнинг мазкур иши илк бор оммага тақдим этилганда Грант Вуд том маънода машҳур бўлиб уйғонди. “Америка готикаси” асари америкалик ҳеч бир кимсани бефарқ қолдирмагандек эди гўё.
Асарда қўлида паншаха ушлаб олган фермер қизи билан готика услубидаги уйи манзарасида акс эттирилган. Матодаги қаҳрамонлар деярли қатиққўл, ғамгин ва ҳаттоки тушкун кўринишда тасвирланган. Танловда Вуд албатта ғолиб бўлди ва асарига ўша пайт учун катта пул ҳисобланган 300 долларни қўлга киритди. Бироқ бу асосийси эмас эди, ахир асар энг кўп нусхада чоп этиладиган санъат дурдонасига айланиб, унга абадият бахш этди.
Ушбу асарда энг кўп учрайдиган таъсирчанлик бу нафрат эди. Қаҳрамонлар ҳаддан ташқари табиий бўлишларига қарамасдан, ўта даражада гротескка (муболағага) бой эдилар. Вудни шунчаки оддий ишчиларни хуш кўрмайдиган, қолоқ (ўша пайтларда ҳамма жойда нисбатан “илғор” асбоб-ускуналар қўлланила бошлаган бир пайтда фермер қўлида паншаха ушлаб турибди) ва ошкора зеҳни паст (асардаги қаҳрамон қизни ҳаттоки “онги паст бўғин” деб аташган) деб талқин қилган ҳолда масхара қилишликда айблашади. Муаллиф ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаганлар бундай асарни фақат Айовода бирон марта ҳам бўлмаган кишигина чизиши мумкин дейишар эди. Аслида эса “Америка готикаси” асарининг яратилиш тарихи ҳақида қуйидаги фикрларни билдириш мумкин. Грант Вуд Элдон шаҳрида дурадгорлик готики усулида қурилган ёғоч уйга эътиборини қаратади ва мазкур уй ҳамда унда истиқомат қилувчи инсонлар тарихи ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилади. Шу тарзда унинг хаёлида фермер ва унинг қизи пайдо бўлади. Муаллиф ўз асарида қаҳрамон қизда синглисини тасвирлайди, Нэн Вуд ундаги ноўрин эпитетлар ва ўхшатишлардан таъби хира бўлади. Синглисининг олдида ўзини оқлаш мақсадида Вуд 1933 йилда янги портрет яратади, асарда синглиси урф бўлган турмакда ва замонавий кийимда тасвирланади. Ёрқин ва ҳаётга чанқоқ Нэн маюс қариқиз образида гавдаланади, бироқ Нэн асарда 30 ёшига нисбатан анча катта кўринишини кўриб, ундан барибир хафсаласи пир бўлади. Нэн шунингдек, Вуд Сидар-Рапидсда шунга ўхшаш моделни кўрган бўлса-да, унга расмга тушишни таклиф қилишга жазм эта олмаганини айтади. “Мазкур портретни Айоводаги қадрдон пишлоқ тайёрлайдиган жойлардан бирига осиб қўйишни маслаҳат бераман, - деб ҳазиллашади фермернинг турмуш ўртоғи Эрл Робинсон хоним Des Moines Register газетасига ёзган хатида. — Бу аёлнинг тажанг юз ифодасидан аниқ нордон сут чиқади”. “Мен бу ҳасадгўй хоним (хат муаллифи – “Дунё бўйлаб”нинг изоҳи) менга ўзининг суратини жўнатишини хоҳлардим – бўш келмайди Нэн. – Мен уни қаерга осишни яхши биламан”.
Қаҳрамонларнинг юз ифодасидан улар тўлақонли ёки қувноқ ҳаёт кечиришмаётгандек туюлади. Асардаги иккинчи қаҳрамон, уни ҳатто бош қаҳрамон дейиш ҳам мумкин - паншаха ушлаб турган эркакка синчиклаб эътибор қаратиш лозим. Маълум бўлишича, Вуд унда ўзининг тиш шифокори Байрон МакКибини тасвирлаган. Докторни яхши таниганлар бир овоз билан МакКиби жуда камтарин, зиёли ва ўзининг соясидан ҳам қўрқадиган киши бўлганини таъкидлашади. “Америка готикаси” расмида бундай одам йўқ. Рассомнинг унчалик ҳам оддий бўлмаган болалигини эслайдиган бўлсак, кўзойнагининг думалоқ шишалари орқали бизга Мервил Вуднинг қаттиқ нигоҳи қадалганига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Асардаги кўзойнаклар ҳам Мервил Вудга тегишли. Бу Грант Вудга ота-онасидан қолган ягона буюм(мерос)нинг аниқ нусхасидир. Орқа пландаги қизил омбор ҳам – зулмкор фермернинг хизмати ҳисобланади.
Қаҳрамонлар жуда аниқ ва тиниқ тасвирланган. Эркак томошабинга қараб турибди, у паншахани маҳкам ушлаб олган. Сочини орқасига қатъий бир тутам қилиб турмаклаб олган аёл унга тикилган, қизнинг эгнида урфдан қолган нақшли фартук. Муаллиф қизнинг оддий соч турмагидан бир тутамини чиқаришга имкон берган. Санъатшунослар қаҳрамонларнинг қатъий чеҳралари ва қимтилган лабларида адоват ҳамда ошкора мажруҳликни сезадилар. Бошқа нуфузли тадқиқотчилар эса асарда кичик шаҳарларнинг ўта даражадаги одамови ва чекланган аҳолисини хажв остига олади. Шу билан бирга, Вуднинг ўзи омма унинг асарини нотўғри талқин этишаётганидан афсусланади – у қишлоқ аҳолисида Буюк депрессияни келтириб чиқарган иқтисодий муаммоларга қарши туриши мумкин бўлган ҳақиқий кучни кўрганини маълум қилади. Шаҳарчалар ва қишлоқларнинг ушбу аҳолиси қатъиятли ва муаммоларга қарши курашишга қодир. Рассом ўз асарининг қаҳрамонлари бутун Америка бўйлаб йиғилган терма образ эканлигини айтган. Бироқ Элдон шаҳарчасининг аҳолиси муаллифнинг изоҳига қулоқ солишмади, улар Вуд асарида қишлоқ аҳолисининг қандай тасвирлаганидан ғазабландилар ва жаҳллари чиқди.
Гап Вуднинг ижодий маҳорати ҳақида ҳам бўлмай, масала унинг “Америка готика”си асари айнан нимани қамраб олганида эди. Рассом асар ўзида яшаш учун собитқадамлик билан курашувчи Ўрта Ғарбга тегишли оддий аҳолининг терма образини акс эттириши ҳақидаги эътиқодига қатъий эди. Бироқ унинг сўзлари жунбушга келган Айово аҳолисини асарда истеҳзо маънолари йўқлигига ишонтира олмади, бунинг устига Гертруда Стайн ва Кристофер Морли каби танқидчилар асарни Буюк Депрессия давридаги қишлоқ аҳолисининг тор фикрлилиги устидан кулиш деб баҳолаган ҳолда вазиятни янада мураккаблаштириб юбордилар. Шундай қилиб, ижтимоий мазмундаги мутлақо жиддий асар ҳисобланган “Америка готикаси” сатирик асарга айланиб, унинг тижорат қиймати биринчи ўринга чиқди ва муаллифнинг илк ғоясига раҳна солди. Аммо сурат ўз даврининг тимсоли ҳисобланадими деб савол қўйиладиган бўлса, жавоб албатта ижобий бўлади, асардаги образ америкаликларнинг онги ва тасаввурига сингиб, уларнинг умумий портретини мужассам этди. Улар буни эътироф этмасликлари табиий, чунки асар уларнинг ёқимсиз томондан кўрсатиб берди. Шунга қарамасдан, бу асар ўз даврининг моҳиятини жуда аниқ акс эттирди. Сувратни баҳолашдаги ўзгарувчанлик ундаги образлар ва мазмунни оммавий маданиятда фойдаланишга туртки бўлиб, Вуднинг асарини узоқ умр кўришини таъминлади.
Ёрқин палитрага қарамай, асар гўёки, бегонасираш ва ёлғизликка нур сочаётгандек. Фермер ва унинг шериги ёнма-ён турган бўлишса-да, уларнинг ўртасида ҳеч қандай илиқлик йўқ. Бундан ташқари, эркакдан қандайдир бўғиқ таҳдид чиқаётгандек, ва унинг паншахани қаттиқ ушлаб туриши мазкур ҳолатни бироз кучайтираётгандек. Эркак асар томошабинига қаттиқ термулиб турибди. Аёлнинг нигоҳи бироз тарқоқ. Ва бу нигоҳ, аёлнинг бироз ҳуркак ва сипо, сал-пал чекинган ҳолда туриши унинг мазкур иттифоқда иккинчи даражали мақомига ишора қилади.
Одатда Америкада 30-йилларда инсонларни тасвирлашда қандайдир аскетизм мавжуд бўлиб, бу “Америка” готикаси асарида ўзини намоён қилди. Бунга оғир сиёсий ва ички иқтисодий вазият – Буюк депрессия сабаб бўлиши мумкин. 1929 йилнинг 24 октябрь пайшанба кунини Америка Қўшма Штатларида “қора” кун деб номлашади – бу кунда фонд бозори касодга учради ва мамлакат учун мураккаб бўлган, 12 йиллик узоқ давом этган Буюк Депрессия бошланди.
Қаҳрамонларнинг юз ифодасидаги аянчли ва ғамгин нигоҳ уларнинг турмуши ва атроф-муҳит борасидаги асл ҳис-туйғуларини баён этади. Портретда қаттиқ ва совуққон аёл узоқ-узоқларга хафа ҳолда термилиб турибди. Лаблари қаттиқ қимтилган эркакнинг қарашларида унчалик кескинлик йўқ, аксинча у ҳатто қўлларида паншахани ушлаган ҳолда аянчли кўриниш касб этади. Асарни тасвирлашнинг асосий тамойили – готик усулга интилиш бўлиб, унинг асосий белгиси чўзинчоқлик (бўртиб чиққанлик) ва юқорига қараб интилишдан иборатдир. Мана инсонларнинг чеҳраси (жумладан, узун бурунлар ва бўйинлар), комплекслари, уй ва ҳатто дераза қаҳрамонлар билан бирга нисбатан чўзилган ҳолда тасвирланган.
Картинада кўплаб рамзлар ва тимсоллар яширинган масалан,
Паншаха. Қаламдаги чизмасида қишлоқ хўжалиги ишларининг рамзи сифатида эркак ҳаскаш ушлаб турибди, бироқ Вуд қаҳрамоннинг қўлидаги меҳнат қуроли боғдорчилик билан эмас, балки эски замонларда сомонни йиғиштириб олиш билан уйғунлашишини хоҳлади (бу техника жиҳатдан илғорлашган айрим фермерларнинг жаҳлини чиқарди). Камига паншаха тишларининг вертикал чизиғи асарнинг бошқа вертикалларига мос келган.
“Учта айрили” эркакнинг джинси комбинезонидаги чоки ва кўйлагидаги ҳошия дераза ва айвон, орқа пландаги ўсимлик, омборнинг томи паншаханинг кўринишини такрорлайди гўё. Вуд асар композициясига такрорланувчи геометрик мотивлар киритишни ёқтирган.
Фартук. Вуд учун қадрдон бўлган Анамос фермерларининг турмуш ўртоқлари кийимларига хос бўлган унсур, уни рассомнинг онаси ҳам таққан эди. Нэн ўзи суратга тушган эскирган русумдаги фартукка Вуднинг илтимосига кўра ҳошия тикади. “Бу урфдан чиққан, уни дўконлардан топиш қийин бўлиб, онамнинг эски кўйлакларидан сўкиб олдим...” деб эслайди Нэн
“Персефон” тўғноғичи. Антик камей (тош) услубида ишланган бўлиб, Вуд мазкур тўғноғични онаси учун Европадан сотиб олади, шу сабабли ҳам рассомнинг фикрича, уни таққан қиз Нэнга ўхшайди. Шунга ўхшаш тошлар Викториан даврида урфга кирган безаклардан ҳисобланган.