Иммунитети. Ёш болаларда коли-инфекция иммунитети чуқур ўрганилган эмас, касалликдан сўнг типмахсус кучсиз иммунитет пайдо бўлади.
Кесишма иммунитет бўлмаганлиги сабабли одам умрида бир неча марта коли-инфекция билан касалланиши мумкин. Коли-инфекциядаги иммунитет кучсизлигига E.coli нинг микрокапсуласи борлиги туфайли фагоцитоз қилувчи ҳужайралар фаоллигининг пасайиши ҳам сабаб бўлади.
Лаборатория ташҳиси. Колиэнтерит ва бошқа колиинфекцияларга микробиологик ташҳис қўйиш учун беморнинг нажаси, бурун-халқумидан суртма, мурдадан эса қон, ўт, жигар, талоқ, ўпка, ингичка ва йўғон ичакдаги моддалар, йиринг олиб текширилади. Текширилиши лозим бўлган материал қаттиқ озиқ муҳитларга (Эндо, Левина ва бошқалар) ва қўшимча тиф ва паратифлар, ичбуруғ бактериялари ўсувчи Плоскирев, висмут-сульфит агарларга экилади. Агар сепсисга гумон қилинса, у ҳолда қон аввал бульонга, сўнг мувофиқ қаттиқ озиқ муҳитга экилади. Ажратиб олинган соф культурани дифференциация қилиш учун унинг морфологияси, ўсиши, биокимёвий ва серологик хусусиятлари текширилади.
Ажратилган эшерихиянинг қайси О-гуруҳга мансуб эканлигини аниқлаш учун аввал текширилаётган ундирма қайнатилади, бунда К-антиген парчаланади, сўнг агглютинация реакцияси қўйилади, бунда ОК- ва О-зардоблардан фойдаланилади.
Ажратиб олинган культурани ёки текширилиши лозим бўлган материални тезликда идентификация қилиш учун иммунофлюресцент реакциясидан фойдаланилади. Натижани 1-2 соат давомида аниқлаш мумкин.
Колиэнтеритга серологик ташҳис қўйиш учун билвосита гемагглютинация реакцияси қўйилади. Агар реакциянинг диагностик титри ошиб бораверса, бу мусбат натижа ҳисобланади.
Давоси ва профилактикаси. Коли-инфекция билан оғриган беморларга антибиотиклар (тетрациклин, левомицетин, полимиксин, нитромицин ва бошқалар) берилади. Бундан ташқари, биологик препаратлар: коли-аутовакцина, колибактерин, лактобактерин, бификол, бифидумбактеринлар қўлланилади.
Коли-инфекциянинг олдини олиш учун беморларни тезда аниқлаш, уларни касалхонага жойлаш ва тегишли даволаш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун мунтазам равишда болалар муассасалари хизматчилари ва ошпазларни вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиб туриш (диспансеризация), сут тайёрлаш ошхоналари, туғруқхоналар, боғча ва яслиларда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш: сув, озиқ-овқатлар, ҳўл меваларнинг ифлосланмаслигини таъминлаш касалликнинг олдини олишда муҳим. Коли-инфекцияга қарши махсус профилактика ишлаб чиқилмаган.
E.coli санитар кўрсаткич микроорганизм ҳисобланади. Шунинг учун у сув, озиқ-овқат, спиртсиз ичимликлар, турли буюмларда учрамаслиги лозим. Сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, тупроқда, ичак таёқчаси борлигини текшириш учун коли титр ва коли индекс аниқланади.
Коли титр деб E. coli бир донаси учрайдиган суюқликнинг энг кам ҳажмига айтилади (нормада 250-300 мл).
Коли-индекс – 1 л суюқликда топиладиган E. coli сони (меъёрда 3–4 тагача).
Do'stlaringiz bilan baham: |