3-боб. Якунловчи қоидалар
9. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита жавобгардир.
10. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 январдаги 65-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Алпомиш» кўкрак нишони тавсифи
«Алпомиш» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
«Алпомиш» кўкрак нишонининг олд томони чегара қисмидан 5 миллиметр оралиқда эни 1,5 миллиметр қалинликда ички доира шаклида бўлган сариқ рангли ҳошия билан ўралган. Ҳошиянинг ичида, кўкрак нишони олд юқори қисмида босма ҳарфлар билан «ALPOMISН» сўзи лотин алифбосида (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 16-кегль) жигарранг ва сариқ ранглар аралашмасидан ҳосил бўлган рангда ёзилган.
«ALPOMISН» сўзи бошланиши ва якунида 4 миллиметр катталикда ер юзида тинчлик учун хизмат қилувчи билим ва маънавиятни янада бойитишни ифодаловчи саккиз қиррали юлдуз рамзи туширилган. Кўкрак нишонининг олд паст қисмида 8 миллиметр катталикда саккиз қиррали юлдуз рамзи туширилган.
Пастки саккиз қиррали юлдуз ичида рим рақамида узунлиги 6 миллиметр, қалинлиги 2 миллиметрлик «I», «II» ёки «III» рақами тасвири қора ҳошияда тушурилган. Кўкрак нишонининг олд паст қисмида жойлашган юлдузнинг ўнг ва чап томони юқорида жойлашган саккиз қиррали юлдузгача тинчлик рамзини ифода этувчи лавр барги тасвиридаги чамбар жигарранг ва сариқ ранглар аралашмасидан ҳосил бўлган рангда туширилган.
Кўкрак нишонининг маркази тинчлик, софлик рамзи бўлган яшил ранг билан қопланган. Кўкрак нишонининг марказида «Алпомиш» достонининг бош қаҳрамони — мардлик, жасурлик, эпчиллик, чаққонлик, шижоат ва ватанпарварлик, комиллик ва эзгулик тимсоли бўлган Алпомишнинг Бойчибор отида қўлида камон ушлаб турган тасвири ифодаланган. Алпомишнинг юзи оқ, соқоли қора, қўлларидаги ҳимоя кийими ва оёғидаги этиги ҳамда отининг эгари қизғиш, совути ва камони оқ ва қора рангдан ҳосил бўлган оч рангда тасвирланган.
Алпомишнинг Бойчибор лақабли отининг думи, ёли, тумшуғининг олд қисми ҳамда туёқлари оқ ва қора рангдан ҳосил бўлган оч рангда тасвирланган. Отнинг ўзи оқ ранда, оёғининг ўнг орқа оёғи қорамтир рангда тасвирланган.
Кўкрак нишонининг қалинлиги 2.2 миллиметр.
Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.
Нишоннинг орқа томонига кийимга тақиб қўйиш учун тўғнағич мослама ўрнатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |