ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалри бўйича ёрдамчиси: Хосият Қосимова.
Оқила аёл тежамкор бўлар!
Оила муқаддас. Оиланинг маънавий ҳолати бўлмиш иттифоқлик, меҳр-оқибат, бир-бирларига ўзаро ишонч, бу - катта бахт ҳисобланади. Шу билан бир қаторда уларга маънавий ҳолатни мунтазам олиб бориш учун, оилавий мол-мулк, жиҳоз энг асосий восита ҳисобланади. Аксар оилада отанинг топиб келган мол-мулк ва жиҳозларини оила аъзолари исроф қилишлари ачинарли ҳол. Масалан:
- жамланган маблағни отадан сўрамай сарф қилиш;
- рўзғорга жамланган озиқ-овқат жамғармасини кимларгадир оила раҳбаридан сўрамай бериб юбориш;
- уй бекалари тайёрлаган таомларининг лаззатли бўлмаслиги, истеъмол қилинмай қолиб кетиши;
- тежамкорлик бўлмаган оиладаги фарзандларнинг тарбияси оқибатида уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга қийналиши;
- кийинишда, юриш-туришда фарзандларнинг кибр-у ҳаволи, ҳаёсиз бўлиб, мўътадил кишиларга ёмон назар билан қарашлари;
- тежамкор бўлмаган оиланинг қизлари мўътадил оилаларга келин бўлиб борганида, оддий ҳолга кўника олмай ажримга сабаб бўлиши;
- исрофгар оиланинг қизлари қайнона-қайнота ва умр йўлдошини ҳурмат қилиш, уларга яхши уй бекаси бўлиб пишириқда, қийналган жабҳаларда камарбаста бўлиш ўрнига дунё ҳойу ҳавасларига мубтало бўлиши;
- исрофгар оиланинг қизи ёки ўғли қуда томонга тўй олди дабдабали тадбирларини ўтказишни талаб қилиши;
- исрофгар оила томонидан ФҲДЁ рўйхатидан ўтиш маросимининг қимматбаҳо машиналар билан дабдабали ўтказилиши;
- куёв томони ўз қариндошларига қимматбаҳо тақинчоқ ва сарполарни таъма қилиши;
- куёв томони тўйдан кейин ҳар хил пишириқлар ва озиқ-овқатлар келтирилишини талаб қилиши каби бир қанча нуқсонларимизни санаб ўтишимиз мумкин.
Аёлларимиз азиз умрлари ва эрларининг мол-у дунёсини фақат фахрга, манманликка сарфламасдан, жамиятда ўз оилаларининг фаровонлиги, тинч-тотувлиги, фарзандларининг ўқимишли бўлишига сарф этишлари билан жамият талабига эриша оладилар.
Таассуфки, насиҳатларни тингламасдан, дунёнинг ўткинчи ҳавасига мубтало бўлган оилалар йўқ эмас. Ҳар бир хонадонда оила мактаби шаклланиб, бунда оналар ўғил-қизларига ўз таъсирини кўрсата билишлари керак. Фарзандни илмли қилиш билан бир қаторда, уларга тез орада рўзғор ишлари зиммасига юклатиладиган эртанги кун учун ҳам таълим-тарбия бериш керак. Фарзандларимизга ўқимишли ва гўзал хулқли бўлишлари билан бирга оила юмушларида тежамкорликни, исрофдан сақланишни ўргатиш эътиборли ишлардан ҳисобланади. Хуллас, ҳар томонлама билимдон, ишбилармон аёл бекалик қилган уй жаннат кабидир. Бундай оиланинг эркаги ҳам бу дунё саодатига эришган ҳисобланади. Бу эса ҳар бир эркакнинг энг катта орзуси, ҳаётининг бахт-у саодати, десак муболаға бўлмайди.
Ривоят қилишларича, яхши турмушни орзу қилган бир йигит уйланибди. У ип билан боғланган қоғоз халтада харид олиб келибди. Хотини қоғоз халтани авайлаб очибди, бўшатишда бурчакларида қолган қолдиқларини ҳам қоқиб туширибди, қоғозни тахлаб токчага олиб қўйибди. Ипини ҳам ташлаб юбормасдан, уни ҳам олиб қўйибди. Хотинининг ҳаракатларини кузатиб турган эр, чидай омай сўрабди:
- Хотин! Шу бир қарич ип билан қоғоз халтани асраб қўйишнинг нима ҳожати бор?
- Хожам! Рўзғорда ҳар хил ҳолат бўлади, шу ип бирор ҳожатимизга ярар, қоғоз ҳам керак бўлиб қолиши мумкин. Ахир керакли тошнинг оғири йўқ, - деб жавоб қилибди хотини.
Эрининг дилидан: “Излаганим худди шу”, деган ўй ўтибди. Шундай қилиб, эр-хотин бахтиёр ҳаёт кечиришибди.
Ҳикоядаги аёлнинг тежамкорлигини зиқналикка йўймаслик, балки, теранроқ ўйлаб кўрилса, ҳикоядаги оддий нарсалар ҳам кишига катта фалсафий тарбияни кўрсатиши, бунга эътибор бериш кераклиги уқтирилмоқда.
Қолаверса, аёлнинг тежамкорлиги, интизоми, уй бекаси бўлишга лаёқати ва фаросати шундай арзимас ҳолатлардан бошланиши барчамизга сир эмас. Агар бека исроф қиладиган, эҳтиёждан ортиқча сарфлайдиган, эрини ҳам минг бир харажатларга ундайдиган бўлса, бундай оилада тўрт-беш танга орттириш жуда ҳам мушкулдир.
Оила ғамхўрлиги ҳақидаги ҳадисларда: “Тангри таолога бандалар ичида севимлиси оила аъзоларига манфаати кўп тегадиган кишидир”, дейилган.
Айрим бадавлат кишилар мол-дунёларига мафтун бўлиб, манманликка бериладилар. Шу боис, фозил, маърифатли инсонларни тан олмайдилар, сўзларига беписандлик билан қарайдилар. Бу маънавий ожизликка олиб борувчи инсоний қусурдир. Оилада хотин тежамкор бўлса , оилада барака бўлади.Меҳрибон Аллоҳим барчамизни тўғри йўлга бошласин.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалри бўйича ёрдамчиси: Хосият Қосимова.
Do'stlaringiz bilan baham: |