Кофирларга дунё ҳаёти зийнатлаб қўйилди, улар мўминларни масхара қилишади. Ҳолбуки, тақводорлар қиёмат куни улардан устундир. Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ берур.
Одамлар бир миллат эдилар. Кейин Аллоҳ етказувчи ва огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди, уларга одамлар орасидаги ихтилофлар ҳақида ҳукм қилиш учун ҳақ Китобни туширди. Очиқ-ойдин ҳужжат келганидан кейин ҳам Китоб берилганлар ҳадларидан ошиб, равшан оятлар ҳақида талашиб-тортишишди. Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни тортишган нарсаларида ҳидоятга йўллади. Аллоҳ хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди.
Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво дунёга келишганидан кейин бир фарзанд туғилса, икковлари унга Ҳақ динни ўргатишар эди. Шу тарзда ҳамма бир динда ҳеч ихтилофга бормай яшашда давом этди. Авлодлар кўпайгач, ҳар қайсиси алоҳида мизож ва табиатда туғилди, ўрталарида келишмовчиликлар пайдо бўлди, ақийда ва амалда улар бир-бирлари билан тортиша бошлашди. Кейин Аллоҳ таоло шу ихтилофларни орадан кўтариш ва тўғри йўлни кўрсатиш учун пайғамбарларни юборди. Улар издошларига Аллоҳ ҳукмларини етказишар, инкор этувчиларни азоб ва жазо билан қўрқитишар эди. Парвардигорнинг Ўзи ушбу Китоблар билан улар ўртасидаги келишмовчилик-тортишувлар хусусида ҳукм қилиши учун пайғамбарлар билан бирга самовий Китоблар ҳам туширди. Ҳақиқатда Ҳақ дин устида тортишувчилар ўша Китоб туширилган жамоа (китобийлар) эди, улар очиқ-ойдин далилларни кўра-била туриб ҳам яна ихтилофга боришди.
Илгари ўтганларга келган нарса сизларга келмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйлаяпсизларми? Уларга бало ва мусибат етиб, шундай изтиробга тушишдики, ҳатто Пайғамбар ва мўминлар: «Аллоҳнинг ёрдами қачон келаркин?» дейишди. Ҳа, Аллоҳнинг ёрдами, албатта, яқиндир!
Олдинги пайғамбарлар ва умматларга душман тарафидан турли кулфат ва азиятлар етганида улар сабр қилишган эди, бу уммат ҳам улардай бўлиши лозим. Меҳнат ва машаққат чекмай жаннатни орзу қилиш номуносиб ишдир.
(Эй Муҳаммад,) сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, «Нима эҳсон қилсангиз ҳам, ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам, Аллоҳ уни, албатта, билади», денг.
Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз этилди. Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада эканларида жиҳодга ижозат берилмади, Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин фақат мусулмонларга уруш очган кофирларгагина қарши урушишга изн берилди. Кейинчалик эса барча кофирлар билан жанг қилишга ижозат берилди ва жиҳод фарз бўлди. Агар кофирлар мусулмонларга қарши ҳужум қилса, жиҳод ҳамма мусулмонларга фарзи айн бўлади, акс ҳолда фарзи кифоядир, лекин жиҳод Китобларда кўрсатилган шартларга мувофиқ бўлса, шундай. Агар бирор қавм мусулмонлар билан сулҳ ва келишув қилса, ё динларига ўтса, бу ҳолда улар билан жанг қилиш ёки уларнинг душманларига ёрдам бериш мусулмонларга ножоиздир.
Сиздан ҳаром ойдаги жанг ҳақида сўрашади. «Ундаги жанг улкан гуноҳдир, Аллоҳ йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул-Ҳаромдан қайтариш, аҳлини ундан қувиб чиқариш эса Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам улканроқ гуноҳдир, фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир», денг. Улар қўлларидан келса, динингиздан қайтаргунча сиз билан урушаверишади. Сизлардан ким динидан қайтиб, кофирликда ўлса, унинг амаллари дунё ва охиратда зое кетади. Улар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан бир гуруҳини кофирлар ҳузурига юборадилар. Улар жумодус-соний ойининг охирида турибмиз, деб ўйлаб кофирларни ўлдиришади, молларини ўлжа олишади. Кофирлар ҳисобига кўра, ўша кун ражаб ойининг аввали экан. Улар Муҳаммад (алайҳиссалом) уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишга, одамларни ўлдириб, молини талашга ижозат берди, деб таъна қилишди. Мусулмонлар шу воқеадан изтироб чекиб, Пайғамбаримизга савол беришганида юқоридаги ояти карима туширилган. Аллоҳ таоло уруш ҳаром қилинган ойларда (муҳаррам, ражаб, зулқаъда, зулҳижжа) жанг қилиш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) эканини эслатмоқда. Лекин одамларни Исломга киришларидан тўсиш ва ўзининг Исломга таслим бўлмаслиги, Байтуллоҳ зиёратига келган кишиларга тўсқинлик қилиш, Макка аҳлини шаҳардан ҳайдаб чиқариш, халқ ўртасида куфр тарқатиш ҳаром ойлардаги урушдан ҳам улканроқ гуноҳдир. Кофирлар мусулмонларни динларидан чиқариш учун ҳамиша ҳаракат қилишади, иложини топишса, асло ҳолларига қўйишмайди. Ким динидан чиқиб муртад бўлса, унинг барча амаллари бу дунёда ҳам, охиратда ҳам беҳуда бўлади. Агар тавба қилиб, яна динига қайтса, сўнгги яхши амаллари савобига эга бўлади.