“...Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят) оятининг тафсирида уламолар, ушбу оятда бутун тиб илми жойлашгандир, деганлар. Ҳақиқатан ҳам, саломатликнинг бош омили меъёрида овқатланиш эканлигини замонавий табобат ҳам исботламоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бадан тарбияси машқлари қаторида ёшларни сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатиш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаганлар ва ҳадисларининг бирида: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Ёшларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят), дейилган бўлса, ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар қандай маст қилгувчи ва танани бўшаштиргувчи нарсани истеъмол қилишдан қайтарганлар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Учинчидан, ақлий тарбия. Ислом динида ёшларни ақлан тарбия қилиш деганда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га илк бора нозил қилинган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади: “Яратган Раббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Раббинг карамли зотдир. У инсонга қалам билан ўргатди. Инсонга билмаган нарсасини билдирди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар). Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида илмга тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Илму маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғлик юксак эканлиги барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий-маънавий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг моддий ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” дейилган.
Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариъат, ҳам тариқат ва ҳам маърифат борасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Ҳаёт инсониятга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган қадрли неъматлардан бири бўлиб, ёшлик ва ўсмирлик даври киши ҳаётининг энг жўшқин палласидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Ёшлик даврингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” деб, унинг қадрига етиб яшашни таъкидлаганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам унинг ҳушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмасада, тутуни димоғингни ачитади” деганлар. Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган. Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар - Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий р.ҳ.: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.
Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу онларда уларни илмга ва касб ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Ёшлик даврида инсоннинг қалби беғубор, турли хилдаги қалб касалликларидан холи бўлади. Ҳадисларда айтилишича, Аллоҳ таоло инсоннинг қалбида Ўзи учун жой барпо қилган, ўша қалб Аллоҳнинг назари тушадиган макондир. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |