Қаландаров Ҳ. –
1-курс магистранти
ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНГА БЎЛГАН МУНОСАБАТ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ҚАЙТА ТИКЛАНИШИ
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизни ривожлантиришнинг асосий тамойилларидан бири-бу халқимизнинг маънавий меросини ўрганишни кучайтиришдан иборат эканлиги мунтазам таъкидлаб келинмоқда. Шу мақсадда диний-маърифий қадриятларимизни ўрганиш, асраш ва ҳимоя қилиш, шу асосда ёш алод қалби ва онгига эзгу ғояларни сингдириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Кўп миллатли Ўзбекистонда турли миллатга мансуб аҳолининг ўзига хос миллий-маънавий эҳтиёжларини қондиришга шароит яратиш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаб бориш ижтимоий-маънавий таракқиётнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бинобарин, динга бўлган муносабат борасида, бошқа динларга ҳурмат билан қараш борасида ўзига хос тажриба орттирилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг18-моддасида“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”1 деб алоҳида белгилаб қўйилганлиги ҳам фуқароларнинг виждон эркинлиги бўйича ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлади. Шунингдек, Конституциянинг 31-моддада: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди,”– деб таъкидланди2.
Ўзбекистонда маънавий-диний қадриятларни тиклаш жараёни истиқлол арафасида Республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги дадил ва шижоатли ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу даврда қадимий Наврўз байрами, 1990 йилдан Рамазон ва Қурбон ҳайитлари қайта тиклангани, муқаддас ҳаж зиёрати учун йўллар очилгани мустақиллик йиллари миллий тикланишнинг бир кўриниши бўлиб қолди. Агар 1991 йилда ҳажга борувчилар сони 1500 нафар кишини ташкил этган бўлса, кейинчалик 5000 нафар кишига етди3. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Фармонига кўра “Рўза ҳайити” (“Ийд аль-Фитр”) ва “Қурбон ҳайит” (“Ийд ал-Адхо”) кунлари дам олиш куни деб белгиланди. Шунингдек, юрти-мизда “Пасха”, “Рождество”, “Пурим”, “Ханука” ва бошқа диний байрамлар ҳам кенг нишонланди. Бундай тадбирларда бир дин вакилларининг бошқаларини байрам билан табриклашлари яхши анъанага айланди.
Муқаддас ислом динига бўлган юксак эътиборнинг яна бир муҳим омили қадимдан ўлкада диний қадриятлар улуғлангани, буюк азиз-авлиёлар, буюк пири комилларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром улкан даражага кўтарилгани билан боғлиқ. Айнан шундай муносабат туфайли Бухоро “Шариф шаҳар”, “Қуббатул Ислом” деган олий эътирофларга сазовор бўлган. Самарқанд, Кеш, Насаф, Термиз, Хива, Марғилон, Шош каби шаҳарлари ҳақли равишда Ислом дини ва маданиятининг марказлари сифатида бутун дунёга донг таратган. Исломий илм-маърифатни юксак чўққига кўтарган улуғ аждодларимизнинг мақбаралари муқаддас қадамжоларга айланиб кетди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, миллий маънавиятни муқаддас Ислом дини ва унинг асрий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан истиқлол арафасида ва мустақил тараққиёт йилларида миллий маънавият билан бирга, унинг ажралмас қисми бўлган муқаддас дин ва диний қадриятларимизни тиклаш, ҳар томонлама ривожлантириш масаласига доимий эътибор берилди. “Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик...”-дея таъкидлаган эди. Ислом Каримов ўз фикрини давом эттириб, “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, Исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”.
Аввало 1991 йил 14 июнда, хали совет мафкураси ҳукмрон бўлиб турган бир пайтда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганини таъкидлаш жоиз.1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунда ҳам халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ўз аксини топди. Унга кўраЎзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган, ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди, давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама–қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди деб белгиланди4. Шунингдек, давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши, давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламаслиги, диний ташкилотлар эса амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шартлиги алоҳида белгиланди5.
Ушбу қоидалар юртимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари, турли жамоат уюшмаларининг динга бўлган муносабатига дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, Республикада дин ва давлат ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида 1992 йил март ойида махсус ташкилот – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилди. 2014 йил ҳолатига кўра эса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 16 та конфессияга мансуб 2222 та диний ташкилот ҳамда Ўзбекистон Библия китоб жамияти рўйхатдан ўтган. Шундан 2049 таси Ислом дини ва қолган 174 таси бошқа диний конфессияларга қарашли ташкилотлардир6. Булар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти, Тошкент Ислом институти кабилар ҳам бор7.
Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг қайта тикланган анъаналарни изчил давом эттириш мақсадида ўтган йиллар мобайнида улуғ авлиё ва аллома боболаримизнинг диний ва илмий меросини тиклаш, кенг тарғиб этиш, уларнинг таваллуд саналарини халқаро миқёсда нишонлаш, қадамжоларини ҳар томонлама обод қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан 1993 йилнинг сентябр ойида Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги, 1994 йилнинг ноябр ойида Хўжа Аҳрор Валийнинг 590 йиллиги, 1995 йилнинг ноябр ойида Замахшарийнинг 920 йиллиги ва Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, 1998 йилнинг октябр ойида Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги, 2000 йилда Имом Мотуридийнинг 1130 йиллиги, 2003 йил ноябрида Абдухолиқ Ғиждувонининг 900 йиллиги, 2004 йил декабрида Хожа Аҳрор Валийнинг 600 йиллиги кенг миқёсда нишонланди.
Шунингдек, 1995 йилда “Бир само остида” халқаро христиан-мусулмон конференцияси, 1996 йилнинг ноябрь ойида Рус Православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё Епархиясининг 125 йиллиги, 1996 йилнинг декабрь ойида Марказий Осиёдаги ягона Евангель-лютеранлар жамоасининг 100 йиллиги, 2000 йилда ЮНЕСКО “Жаҳон динлари: тинчлик маданияти йўлида” халқаро конференция, 2002 йилда Рим-католик черковининг Марказий Осиёда жойлашишининг 100 йиллиги ва бошқа тадбирлар ўтказилди.Бу тадбирларнинг натижаси ўлароқ 2007 йили Халқаро Ислом Ҳамкорлиги ТашкилотинингТаълим, фан ва маданият бўйича тузилмаси (АЙСЕСКО) томонидан Тошкент шаҳри “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. Халқаро ҳамжамият томонидан пойтахтимизга берилган бу ғоятда фахрли мақом ўзбек халқининг Ислом маданияти ривожига қўшган беқиёс хиссаси ва айнан шу йўналишда мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришлар эътироф этилганлигининг яна бир тасдиғидир.Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтган катта ҳалқаро диний-маданий тадбирлар ҳам эл-юртимизнинг диний қадриятлари тарихида ўчмас из қолдирган воқеалар бўлди.Шу ўринда таъкидлаш лозимки, диннинг асл ижтимоий моҳияти, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳамда вазифаларини теран англаган инсон хеч қачон сохта ғоялар ва алдовлар таъсирига тушиб қолмайди. Шу маънода, республикамиз раҳбарияти томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган дин ва конфессиялараро муносабатлар хақидаги сиёсатнинг асл моҳиятини, ҳамда мустақиллик йилларида бу йўналишда амалга оширилаётган улкан ва хайрли ишларнинг кўламини чуқур билиш ва теран англаш давр талабидир. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда мамлакатимизда муқаддас ислом қадриятларини асраб авайлаш ва ривожлантириш борасида улкан ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Дунё шиддат билан ривожланиб, барқарорлик ва ҳалқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда ахлоқий тарбия ва диний маърифатнинг роли хар доимгиданда муҳим аҳамият касб этади
Do'stlaringiz bilan baham: |