Мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар бевосита аҳоли бандлигига боғлиқ. Аҳолини иш билан таъминлаш ва ишсизликни олдини олиш масалалари барча мамлакатлар олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Барқарорлик ва
ижтимоий тотувлик кўп жиҳатдан мазкур масаланинг нисбий ҳал этилиши билан белгиланади.
Мустақиллик йўлида дадил бораётган юртимизда ушбу масалага алоҳида эътибор берилмоқда. Инсон қобилияти, уни ишга солиш, натижада ўз эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Мамлакатда ташаббускорлик ва тадбиркорликка кенг йўл очиб берилган. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг «Ўзбек модели» кўпгина ҳамдўстлик мамлакатларидагидек ишсизликнинг бирданига ошиб кетишига йўл қўймайди. Ушбу моделнинг яна бир устивор йўналиши шундан иборатки, мамлакатимизнинг жадал ривожланишида қишлоқ хўжалигининг мавқеини оширишни тўғри белгилаб деҳқонлар учун томорқа ва деҳқон фермер хўжаликлари учун ер берилиши қишлоқдаги аҳолини иш билан банд қилиш муаммосини деярли барҳам топтирди. Ҳозирда республикамиз қишлоқларида яшаётган ҳар бир хўжалик ёки оила тўлиқ томорқаси учун ер билан таъминланганлигининг гувоҳи бўламиз. Шунинг учун ҳам бозорларимиз қишу ёз мева - сабзавотга тўла.
Иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришлар, кичик ва ўрта тадбиркорликнинг ривожланиши, ташқи инвестиция сиёсатини тўғри олиб борилиши аҳолини иш билан таъминлашни яхшилашга, фаоллигининг ўсишига асос бўлмоқда.Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида уларни касбга тайёрлаш ва қайта ўқитиш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва ҳар бир касбга меҳр уйғотиш учун уларда аввалом бор маънавий камолотни шакллантириш лозим бўлади.
Маънавияти юксак инсон бировнинг ҳақига; давлат, жамоат мулкига хиёнат килмайди, садоқатли бўлади. Ватан, эл-юрт, халқи учун жонини фидо этишда ўзини аямайди. Маънавий баркамол, маърифатли, яхши ниятли, тадбиркор, фозил инсон энг олий фаолият-меҳнат, яратувчанлик, бунёдкорлик билан машғул бўлиши учун, унинг ишлаши ва шароитини тубдан яхшилаш тараққиётимизнинг объектив қонунияти бўлиб қолаётганлиги қувонарли ҳолдир.
Касбига юқори даражада меҳрли ва маънавиятли бўлиш аввалом бор авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчиликни давом эттирган шахсларда яхши шаклланади.
Иш билан бандлик Ўзбекистонда иқтисодиётнинг нодавлат секторига тўғри келиши таъкидланиб, ҳозирги пайтда ушбу соҳада банд бўлган ишчи ва хизматчиларнинг улуши қарийиб 75% ни ташкил қилади. Аҳолининг сони 1995-2000 йилларда 5,6% ошган бир пайтда, хусусий корхоналарда ишга жойлашганлар сони 60%, ҳиссадорлик жамиятларида 30%, қўшма корхоналарда 10% кўпайди. Маълумотлар ҳам кўрсатиб турибдики, Ўзбекистонда бозор муносабатларининг шаклланиши жараёни бевосита нодавлат секторининг ўсиши билан боглиқдир. Бироқ,
таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнеснинг улуши жаҳон мамлакатларига нисбатан жуда кам. Масалан, Италияда иш билан банд ахолининг тахминан 80%и ни, буюк Британия ва Японияда 70%и дан ортиқроғини, Франция ва Олмонияда тахминан 66 % ни, АҚШ да -55% ни кичик ва ўрта бизнес билан машғул одамлар ташкил қилади. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич атига 7% ни ташкил қилиши ҳали бу борада бизда жуда катга имкониятлар мавжудлигидан далолат беради.
Шуни эътироф этиш керакки, ҳозирги шароитда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қонун етарли даражада яратилди. Бу борада 2000 йил 25 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» ги қонун айни муддао бўлди. Аммо маъмурий буйруқбозликдан қолган жуда кўп асоратлар уларнинг ривожланишига ҳамон тўсқинлик қилмоқда. Бунга кичик ва ўрта бизнес фаолиятига давлатнинг аралашуви, турли давлат идораларининг текширув функциясини мустаҳкам сақлаб туришдан манфаатдорлиги, банк ва солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг айрим ҳолларда суст кетаётганлиги кабилар сабаб бўлмоқда. Лекин мазкур қонуннинг амалиётга тўлиқ жорий қилиниши жуда кўп тўсиқларнинг барҳам беришига олиб келади.
Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликка асосланган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд. Ўзбекистоннинг иқтисодиёти келажакда кичик ва ўрта тадбиркорликка таяниши муқаррар. Уларнинг улуши барча соҳаларда 50% дан кам бўлмаслиги керак. Зеро, ушбу соҳа бозор талабларига мос бўлиб тез ўзгаришларга мосланувчан бўлади. Бу эса бозор муносабатлари шароитида иктисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилларидан биридир.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун ҳуқуқий манбаларни яхши йўлга қўйиш лозим. Шундагина тадбиркорликка кенг имкониятлар очилади. Фан ва техника тараққиёти ютуқларидан аҳолини иш билан кўпроқ таъминлаш, улар учун қулай ҳамда ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, иш вақтидан унумли фойдаланиш, оғир жисмоний ва малакасиз ишларни қисқартиришда катта аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |