Қонунчиликда меҳнатни муҳофаза қилишга оид муносабатлар
Меҳнат муҳофазасида давлат сиёсати. Ўзбекистон Республикаси фукаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун меҳнатни муҳофаза қилиш ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикасининг
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни белгилаб беради. Ушбу қонун давлат сиёсати даражасида ишлаб чиқариш усуллари, мулк шаклидан қатъий назар меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишнинг ва таъминлашнинг ягона тартибини белгилашга хизмат қилади ва қуйидаги ҳолларда буни таъминлайди:
корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиги устуворлиги;
меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириб бориш;
мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатьий назар барча корхоналар учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона тартиб- қоидалар белгилаб қўйиш;
меҳнатнинг экологик жиҳатдан хавфсиз шароитлар яратилиши ва иш жойларида атроф-муҳит холатининг мунтазам назорат этилишини таъминлаш;
чиқаришдаги жароҳатланишлар ҳамда касб касалликларига чалинишлар даражаси ҳақида аҳолини хабардор қилишнинг мажбурийлиги;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига йўлиққан ишловчиларнинг манфаатларини ижтимоий ҳимоялаш;
касаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар ва алоҳида шахсларнинг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
меҳнатни муҳофаза қилиш муаммоларини ҳал этиш чоғида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тамойилларига асосланади.