ҲАЙВОНЛАР ҲАҚИДАГИ ЭРТАКЛАРДА ОБРАЗЛАР ТИЗИМИ
Жамила Асқарова
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар ўзбек халқ эртаклари ичида алоҳида туркумни ташкил этади. Бу тур эртакларнинг композицион тузилиши оддий, сюжет таркибидаги конфликт ва унинг ечимини ташкил этувчи эпизодлар ҳажми ихчам шаклга эга бўлганлиги боис сеҳрли ёки маиший эртакларга хос функционал кўламдорлик ва мураккаблик кўзга ташланмайди. Бу ҳодиса мазкур типдаги эртакларнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди.
Ҳайвонлар ҳақидаги эртакларнинг образлар тизимини таҳлил қилишда персонажларнинг функцияси ва сюжетдаги ўрнига кўра даражаларга ажратиб, образларни маржондек тизиб, эртак моҳиятини англашга ҳаракат қилдик.
Биринчи таҳлилга тортилган эртак ҳаммамиз яхши билган ““Ур, тўқмоқ”1” бўлиб, у мавзусига кўра ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар турига киритилган.
Чолнинг лайлак билан учрашуви – бу занжирнинг боши бўлиб, воқеалар шу эскпозициядан сўнг ривожлана боради. Кейинги босқичларда эртак сюжети ва қаҳрамонлар фаолияти бир чизиқдан оғишмайди ва анъанавий учлик доирасида содир бўлади:
А) чол – йилқичи – лайлак – қайна хумча – бой = 1-уриниш;
Б) чол – йилқичи – лайлак – очил дастурхон – бой = 2-уриниш;
В) чол – йилқичи – лайлак – ур тўқмоқ – бой = 3-уриниш.
Юқоридаги қатъий кетма-кет учлик эртакнинг хизмат (анъана) доирасида эканидан дарак беради. Чол – анъанавий бош қаҳрамон, барча воқеалар унинг иштирокида рўй беради. Касби – овчи. Лайлак – ҳомий, сеҳрли буюмлар ҳадя этувчи. Макони – тоғ, “муқаддас макон, тангрининг уйи, аждодлар руҳи қўним топувчи жой, ҳомий эранлар – чилтонлар маскани сифатида талқин этилувчи мифологик дунёқарашларга боғланади”2. Йилқичи – кўмакчи-маслаҳатчи. Лайлакда нима борлигини ва чолга нима кераклигини билувчи синчи. Макони – яйлов, ҳомийнинг маконига туташ. Қайна хумча – сеҳрли буюм. Бойлик рамзи. Бой – рақиб. Унда барча асл ва қимматбаҳо нарсаларга эга бўлиш истаги кучли (баъзи манбаларда болалар деб берилади. Бизнингча, бу аудитория талабидан келиб чиқиб ўзгарган шакл. Аслида бой варианти тўғри, чунки болалар рақиб бўлолмайди). Макони – соя салқин жой. Очил дастурхон – сеҳрли буюм. Ризқ-рўз, барака манбаи. Ур тўқмоқ – сеҳрли буюм. Зарб, калтак, уруш рамзи. Кампир – кузатувчи ва кутиб олувчи мақомида. Эртакда кампир ҳаракатсиз кўринса-да, аслида ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. Чунки чолнинг барча саъй-ҳаракати кампирнинг фаровонлигига қаратилган. Макони – уй, оила.
Сеҳрли буюмларни қайтариб олган чолнинг мурод-мақсадга етишуви эртакнинг тўлиқ тугаллигини англатади. Турли нашрларда берилган эртакнинг давом этиши (чолда сеҳрли буюмлар борлигидан хабар топган подшонинг уларни тортиб олишга уриниши ёки бадавлат чолнинг подшо бўлиш истаги кабилар) вақт ва макон масаласи, ижрочи ва тингловчи талабидан келиб чиқиб қўшилган деб ҳисоблаймиз ва бу ҳақда олдинги ишларимизда батафсил тўхталиб ўтилган3.
Эртакдаги учала сеҳрли буюм ҳам буйруқ майлидаги – қайна, очил, ур феъллари билан ифодаланади. Эртак дунёсидаги сирли, сеҳрли предметлар айнан буйруқ остида ҳаракатланади: “очил сим-сим”, “газла газим”, чироқдаги жин ҳам доим Алоуддиннинг амрига мунтазир ва ҳок. Энди бу алоҳида мавзу.
Эртакда бош қаҳрамон (чол)га ҳомий тотем қуш – лайлакнинг ёрдам бериши, кўмакчи (йилқичи), рақиб (бой), фаровонликни таъминловчи сеҳрли (қайна хумча, очил дастурхон, ур тўқмоқ) образларнинг мавжудлиги; анъанавий учлик доираси:
кураш = тўсиқ (қайна хумчага эга бўлиш ва қўлдан чиқариш);
кураш = тўсиқ (очил дастурхонга эга бўлиш ва қўлдан чиқариш);
кураш = ғалаба (ур тўқмоқ билан ғалаба қозониш)
кабилар “Ур, тўқмоқ”нинг қадимий мумтоз намуна эканлиги билдиради ва юқоридаги омиллар ушбу эртакни “ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар” сафидан олиб “сеҳрли эртаклар” қаторига қўшишимизга асос бўла олади. Мунчоқдек тизилган образлар бир-бири билан қатъий боғланганки, уларни бирортасини олиб ташлаб бўлмайди, акс ҳолда мукаммалликка дарз кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |